Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқ вебинарида сўзга чиқди

22 февраль куни Женевада “Барқарорликни кучайтириш: иқлим ўзгаришлари даврида аҳолини соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўла қамраб олиш истиқболлари” мавзусида вебинар бўлиб ўтди. Бу Парламентлараро Иттифоқ томонидан иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ фавқулодда шароитларда соғлиқни сақлаш масалаларига эътибор қаратишга бағишланган учинчи вебинар ҳисобланади.

Вебинар дунё мамлакатлари парламентларига жамоатчилик саломатлигини сақлаш ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларга энг самарали ечимлар топишга кўмаклашиш учун ташкил этилди.  Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

Ўзбекистон вакили, аввало, Парламентлараро Иттифоқ шафелигида ўтказилган мазкур анжуман унинг иштирокчиларига глобал кўламларда соғлиқни сақлаш ва экологик барқарорликни таъминлаш ишига барчанинг бирдек содиқ ва ўзаро ҳамжиҳатликда қатъий масъул эканлигини англатишига эътиборни қаратди. Бугун ташвишли иқлим ўзгаришлари даврида аҳолини соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўла қамраб олиш мавзусининг кенг муҳокама этилаётгани нафақат долзарб, балки жуда муҳим қадам ҳамдир.

БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларида соғлиқни сақлаш масаласига алоҳида ўрин ажратилган. Хусусан, 3-мақсаднинг “Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча инсонларга, ёшидан қатъи назар, фаровон яшаши учун кўмаклашиш” деб номлангани бежиз эмас.

Парламентлараро Иттифоқ томонидан тақдим этилган ҳужжатларда, айниқса, “Энг “яшил” парламентлар учун 10 та саъй-ҳаракат” ва Бирлашган Араб Амирликларининг Барқарор қишлоқ хўжалиги (COP28) декларациясида иқлим ўзгаришлари ва соғлиқни сақлаш соҳаси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳаракатлар режаси тавсия этилган. Қонун ижодкорлари учун амалий аҳамиятга эга ушбу ҳаракатлар режасида изчил тараққиёт ва барқарорликка эришиш йўллари кўрсатиб берилган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати  иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва аҳолини соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўла қамрашни янада ошириш йўлида сезиларли қадамлар қўйди. Бунда экологик барқарорлик билан аҳолининг саломатлигини сақлашга оид муаммоларнинг бир-бирига боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда иш олиб борилмоқда.

Давлат атроф-муҳит мусаффолигини яхшилаш, қайта тиклаш,   асраб-авайлаш ва ҳимоя қилиш учун астойдил интилмоқда. Бунда экологик мувозанатни сақлаб туриш ва Орол денгизи минтақасидаги иқлимни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгаришлари асоратларини юмшатиш билан боғлиқ узоқ муддатли миллий мажбуриятларни зиммасига олган. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ана шу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг Барқарор тараққиёт бўйича миллий мақсадлари, “Яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш бўйича стратегия каби бир қатор дастурий ҳужжатлари талабларига тўла мос бўлиб, ушбу стратегиялар иқлим ўзгаришлари шароитида барқарорликни ошириш мақсадига йўналтирилгани жуда муҳим.

А.Саидовнинг таъкидлашича, мамлакатимиз томонидан иқлим ўзгаришлари ва саломатлик билан боғлиқ шу қўшалоқ муаммога самарали ечим топиш учун комплекс стратегия илгари сурилмоқда. Бу стратегиянинг замирида, бир томондан, барқарор тараққиётни таъминлаш, иккинчи томондан, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, учинчи томондан, аҳолининг барча қатламларига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятини яратиш масалалари ўз мужассамини топган.

Ўзбекистон вакили вебинар иштирокчилари эътиборини айни соҳадаги тўртта муҳим принципга қаратди.

Биринчи принцип – интеграция.  Дунё парламентлари иқлим ўзгаришларига чидамлиликни соғлиқни сақлаш ва аҳолининг соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўла қамровини таъминлаш сиёсати режаларига интеграциялаштириш, яъни уйғунлаштириш чораларини кўриши зарур. Шу орқали мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимларининг иқлим ўзгаришлари туфайли келиб чиққан муаммоларга мослашишга шайлиги ҳамда қодирлигига эришилади.

Иккинчи принцип – адолат.  Парламентларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигини кафолатлайдиган тенглик ва адолатга таяниши керак. Чунки иқлим ўзгаришларидан аҳолининг заиф қатламлари кўпроқ зарар кўрмоқда. Шу маънода, мамлакатларимизнинг соғлиқни сақлаш тизимлари, ижтимоий аҳволидан қатъи назар, барча инсонларга ёрдам кўрсатишга лаёқатли бўлиши даркор.

Учинчи принцип – барқарорлик. Парламентлар нафақат ўз мамлакатларининг экология борасидаги сиёсатида, балки миллий соғлиқни сақлаш тизимларида ҳам барқарорликка интилишлари лозим. Бу ўринда, жумладан, барқарор инфратузилма учун инвестициялар йўналтириш, “яшил” технологияларни татбиқ этиш ва сайёрамизни асраб-авайлашга хизмат қиладиган илғор амалиётларни жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Тўртинчи принцип – ҳамкорлик. Парламентлар дуч келаётган муаммолар ҳам ўта мураккаб, ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун уларнинг ечимини биргаликда топиш, бу борада мамлакатлар, соҳалар ва тармоқлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш тақозо этилади.

А.Саидов ўз сўзи якунида Женевада ўтказилган ушбу вебинар долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган шунчаки йиғилиш эмас, балки давримизнинг ана шу тақдируламал муаммоларини ҳал этиш учун амалий ҳаракатга чорлайдиган таъсирчан форумга айланишига ишонч билдирди. Вебинар иштирокчиларига иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ фавқулодда шароитларда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятини тубдан яхшилашнинг самарали ечимларини топиш, шу йўл билан она сайёрамизнинг мусаффолиги, барқарорлиги ва собитлигига муносиб ҳисса қўшиш йўлида омад тилади.

Женева вебинарида Парламентлараро Иттифоққа аъзо бошқа мамлакатлар парламентлари намояндаларининг ҳам кун тартибидаги масалалар бўйича миллий тажриба ҳамда амалиётига оид чиқишлари тингланди.

Тақдимотлар қизғин муҳокама қилинди. Истиқболдаги лойиҳалар учун амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech