Қирғизистон ОАВ: Ўзбекистон миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштиришнинг изчил тарафдоридир

БИШКЕК, 29 февраль. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "Alyans-Press" ахборот-таҳлил агентлиги "Ўзбекистон вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясининг олий даражадаги сегментида сўзга чиқди" сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Нашрда Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси бошлангани маълум қилинган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази маълумотига кўра, Сессиянинг Олий даражадаги сегментида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

 

"Ўзбекистон вакили мамлакатда қонун устуворлиги, демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталди, — дейилади материалда. — Ўтган йил апрелида умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида Янги Ўзбекистоннинг туб моҳиятини тавсифловчи "бешта устун" белгиланди. Бу ўринда давлатнинг қатъий ва собит тараққиёт йўли ва келажагини ўзида акс эттирган "суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат" мақоми ҳақида сўз бормоқда".

 

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциядаги инсон ҳуқуқларига оид қоидалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келади. Конституцияда ўлим жазосини қўллаш расман тақиқланган.

 

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди. Мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, эндиликда нафақат болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш кафолатланди, балки бундай ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ҳам жорий этилди. Ўзбекистонда аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун қабул қилинган.

 

"Ўзбекистон миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқлаштиришнинг изчил тарафдоридир. Бинобарин, республикада барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер муаммоси, инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича комплекс экспертизадан ўтказиш қатъий йўлга қўйилган. Шу маънода, 2023 йилда қабул қилинган "Ўзбекистон-2030" стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси амалга оширилмоқда. Охирги уч йилда бу борада бир қатор муҳим марраларга эришилди", — дея таъкидлаган агентлик.

 

Мақолада, шунингдек, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ва ЕХҲТ/ДИИҲБ билан ҳамкорликда жорий йил июнь ойида иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқларига бағишланган IV Самарқанд форумини ўтказиши ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига тақдим қилинган.

 

"Шу муносабат билан Акмал Саидов ўз сўзининг якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 55-сессияси иштирокчиларини ушбу форумга таклиф этди", — деб ёзган "Alyans-Press" агентлиги.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech