5 март куни Тошкент шаҳрида худди шу мавзудаги икки кунлик семинар ўз ишини бошлади. Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган семинар очилишида даставвал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг видеомурожаати намойиш этилди.
Акмал Саидов таъкидлаганидек, 26 февраль куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессиясида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланганлиги яна бир бор уқтирилгани бежиз эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади”.
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмлари жорий этилмоқда. Давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, давлатимиз раҳбари раислигида 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим. Бунда, бир томондан, ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратилиши қайд этилган бўлса, иккинчи томондан, ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқитишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун келгусида уларнинг ногиронлиги касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигига қараб белгиланишига эътибор қаратилгани жуда муҳим.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция – БМТнинг ХХI асрда қабул қилинган биринчи шартномасидир, деди А.Саидов. Ўзбекистон ушбу Конвенцияни 2021 йилда ратификация қилган бўлиб, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган.
Семинар очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтмоқда. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини мамлакатимизда амалга ошириш жараёнида манфаатдор вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг фаоллиги ва хабардорлигини оширишдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.03.2024
- Кўришлар: 2512
- Чоп этиш