Бутун дунё кўнгилочар индустриясида номақбул ҳирсий хулқ-атвор ёмон одатга айланган бўлиб, ушбу соҳанинг вакиллари норасида ҳаваскор артистларга нисбатан муомалада ўз ваколатларини сира тап тортмасдан суиистеъмол қилиши ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда. БМТнинг кўнгилочар индустрияда болаларнинг жинсий эксплуатация қилиниши ҳолатларига бағишланган маърузасида шу ҳақда сўз боради.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида кечаги ҳафтада айни маърузанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу борадаги тадқиқот БМТнинг Болалар савдоси, уларни жинсий эксплуатация қилиш ва хўрлаш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фотима Она Сингхатеҳ томонидан ўтказилган. Тадқиқотда қайд этилганидек, болаларнинг кўнгилочар индустрияга дахлдор ҳуқуқ ва манфаатлари кўп ҳамда серқирра бўлиб, улар реклама, шартномалар, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва меҳнат амалиёти билан боғлиқ масалаларни ўзида қамрайди.
Халқаро меҳнат ташкилоти яқинда ўтказган сўров натижаларига қараганда, респондентларнинг 53,7 фоизи машғулотлар пайтида жинсий таъқибга учраган. Сўровда қатнашганларнинг 46,3 фоизи эса дастлабки ижодий суҳбатдаёқ шундай номақбул муомалага дуч келганини маълум қилган.
Кўнгилочар индустрия глобал хусусиятга эга ва унга алоқадор муаммолар ҳам биргина географик минтақа билан чекланиб қолмасдан, аксинча, дунёдаги барча мамлакатларда тарқалган, дея қайд этади БМТ мустақил эксперти. Афсуски, бундай жиноятлар кўпинча ошкор бўлмай қолади, чунки жабрланувчилар ёрдам сўрашдан қўрқади.
Маърузада кўнгилочар индустрия соҳасида болаларнинг жинсий эксплуатациясига қарши курашиш бўйича аниқ тавсиялар берилган. БМТ Махсус маърузачиси санъаткор болаларни ҳимоя қилиш мақсадида кўнгилочар индустрия фаолиятини ҳуқуқий асосда қатъий тартибга солиш муҳим эканига урғу берар экан, бу борада аллақачон муайян ишларни амалга ошираётган давлатлар тажрибасига эътиборни қаратади.
Масалан, Словенияда эксплуатациянинг барча шаклларига қарши кураш сиёсати олиб борилмоқда. Болгарияда вояга етмаган шахсларга ишлаш учун берилган рухсатномалар боланинг соғлиғи ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан бекор қилиниши мумкин.
Испанияда 16 ёшгача бўлган болаларнинг оммавий томошаларда иштирок этиши учун махсус рухсатнома талаб қилинади. Испания қонунчилигида, шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг тунда, қўшимча иш вақтида ёки мактабдаги машғулотлар даврида ишлаши тақиқланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари, деб ёзади мустақил эксперт, болалар ишлаётган кўнгилочар муассасаларни, шунингдек, ушбу болаларнинг васийлари ёки ота-оналари масъулиятини мунтазам назорат қилишлари керак. Масалан, Ўзбекистонда кўнгилочар масканлар ва интернет- клубларга келган ўқувчи-талабалар саккиз ой давомида кузатилган. Натижада вояга етмаганларнинг тунги вақтда ушбу муассасаларда бўлишига йўл қўйган 1 минг 574 та кўнгилочар муассаса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида жавобгар деб топилган. Шунингдек, 37 минг 863 нафар ота-она ёки васий шахслар мазкур Кодексга биноан жавобгарликка тортилган.
Маълумот учун: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус маърузачилари БМТ штат бирлигига кирадиган ходимлар ҳисобланмайди ва ўзлари бажарган иш учун маош олмайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.03.2024
- Кўришлар: 2770
- Чоп этиш