Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Катрин Тиерфельд: Ўзбекистон билан ишлашни доим орзу қилганмиз
Жорий йил 5-7 март кунлари “ITB-2024” нуфузли халқаро ярмаркаси бўлиб ўтди. Анжуманда дунёнинг 170 давлатидан туризм, гастрономия, логистика, туризм технологиялари каби соҳаларга ихтисослашган 5 500 га яқин йирик компания ва фирма, халқаро экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси кўмагида 150 квадрат/метрдан кенгроқ майдонда ташкил этилган миллий стендимизда 30 дан зиёд сайёҳлик компанияси ва фирмаси юртимиз туризм имкониятини намойиш этди.

Хорижлик мутахассислар кўргазма билан танишув чоғида элчихонамиз вакилларига таассуротларини гапириб берди.

Нина Либиг, Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ғарбий Болқон, Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатлари бўйича лойиҳалар гуруҳ бошлиғи:

– Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ Ўзбекистонда ГФР иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги назорати остида кўп йиллардан буён турли соҳаларда яқин ҳамкорлик қилиб келамиз. Бу жараёнда туризмни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилади.

Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар бутун дунёга машҳур. Шу билан бирга биз юртингизнинг ҳали сайёҳлар кашф этмаган жозибадор масканларини ривожлантиришга кўмаклашишдан мамнунмиз. Масалан, Қорақалпоғистонда бир неча аниқ лойиҳани амалга оширишга ҳисса қўшяпмиз. Фарғона, Наманган, Андижон вилоятлари ҳамда Ўзбекистонга чегарадош Тожикистон ва Қирғизистоннинг айрим шаҳарларида тузилган жамиятлар билан бирга иш олиб боряпмиз.

Шунингдек, ёшлар туризм соҳасида, масалан уста-ҳунарманд, менежер, хизмат кўрсатиш мутахассиси йўналишларида касбий таълим олишида ёрдам беряпмиз. Хуллас, 32 йилдан кўпроқ вақт давомида ўзбекистонлик дўстларимиз билан бирга мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш йўлида ҳамқадаммиз.

 

Мирко Новак, “LUNO” компанияси раиси:

– “ITB-2024” халқаро ярмаркаси Ўзбекистон стендида мамлакатингиз бой туристик салоҳияти муваффақиятли намойиш этилган. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари бир айвонда жойлашгани, бутун минтақа сайёҳлик салоҳияти бир-бирига ҳамоҳанг тарзда тақдим этилгани барчада илиқ таассурот қолдирди. Ўзбекистонда туризм иқтисодий тараққиёт драйвери сифатида тез суръат билан ривожланиб бораётгани, инфратузилмани яхшилаш, меҳмонхоналар, турли минтақалар билан тўғридан-тўғри ҳаво қатнови сонини кўпайтириш учун киритилаётган сармоя бизни ҳайратга солмоқда.

Фикримча, ушбу кўргазма германиялик ва умуман хорижлик сайёҳларни тобора кўпроқ жалб этиш учун энг тўғри йўл. Мен Ўзбекистонда бўлганман, юртингизнинг беқиёс тарихий ва замонавий меъморчилик уйғунлашган шаҳарлари мени ўзига мафтун этган.

Катрин Тиерфельд, Германиянинг “Stiftung Handwerk stiftet Zukunft” халқаро ҳамкорлик уюшмаси раиси:

 – Ўзбекистон миллий стенди намойиши менга чиндан маъқул бўлди, тадбирда иштирок этганимдан беҳад шодман. Энг асосийси, ҳамкорлар билан касб-ҳунарга ўқитиш бўйича алоқани йўлга қўйишга келишиб олдик.

АҚШ, Мўғулистон, Словения каби кўплаб давлатларда шерикларимиз бор. Ўзбекистон билан ишлашни ҳам доим орзу қилардик, мана ниятимиз ушалди. Бундай тадбирлар бой ўзбек маданиятини дунёга танитади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech