ҲАР БИР БОЛА ҲАЁТИМИЗ ДАВОМЧИЛАРИ, КЕЛАЖАГИМИЗ ЭГАЛАРИ

Жорий йилнинг 20 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу видеоселекторда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Етим ва назоратсиз қолган болаларни қарамоққа олиш бўйича “ихтисослашган тутинган оила” тизими жорий этилади. Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич “ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинади.

Ота-онасидан айрилган йигит-қизларга кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Энди “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида уларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади.

Қонунчиликда бола 18 ёшдан сўнг мустақил деб белгиланган бўлсада, ҳеч бир ота-она фарзандини шу ёшдан ғамхўрликсиз ташлаб қўймайди. Болаларимиз ҳар соҳада ота-она кўмаги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади барибир. Айниқса, ҳеч кими йўқ, қаерга боришни, кимга суянишни билмайдиган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг бу ёшда ёлғиз қолишини тасаввур қилиш қийин.

Эндиликда, бундай болалар “Ёшларга ҳамроҳлик хизматлари” асосида 23 ёшгача бола ўзини тиклаб олгунига қадар унинг эҳтиёжлари ўрганилиб, якка тартибдаги интеграция режаси асосида уни касб-ҳунарга ўргатилади. 

Албатта, болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгалари саналади.

Уларни асраб-авайлаш, айниқса, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш доимий эътиборда бўлиб келган.

Оилалар тинчлиги ва тотувлигини сақлаш нафақат оила аъзоларининг, балки бутун жамиятнинг энг биринчи галдаги масъулияти ва вазифаларидан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг тартиблари ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда. 

Ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Эндиликда жойларда васийлик ва ҳомийлик масалалари, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланади. Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, 1 августдан уларнинг ваколати “Инсон” марказларига ўтказилади.

Шунингдек, Видеоселекторда “ихтисослашган тутинган оила” тизими ҳам жорий этилиши белгилан.

Мазкур тизим Фостер оила тажрибаси  Ўзбекистонда илк бор жорий этилаётган бўлиб бундай оилаларга 3 тагача бола берилади. Фостер оилалар эр-хотин ёки ёлғиз аёл, ёлғиз эркак ҳам бўлиши мумкин. Улар ўзлари яшаб турган уй ёки махсус тақдим этилган уйларда тутинган ота-оналик фаолиятини амалга оширади. Муҳими, бу инсонларда болани тарбиялай олиш, меҳр бериш, ғамхўрлик кўрсата олиш кўникмаси бўлиши ва уларнинг ёши 30 ёшдан 65 ёшгача бўлиши лозим. Ушбу ота-оналарнинг психология, педагогика, тиббиёт йўналишидаги мутахассислик ва махсус билимларга эгалиги жуда муҳим. Тутинган оила зўравонлик ёки бефарқлик жабрланувчиси бўлган, ўз оиласидан бола соғлиғи ва ҳаёти учун хавф бўлганда ажратиб олинган болалар учун нафақат вақтинча бошпана вазифасини ўтайди, балки бу болага терапевтик ва реабилитацион ёрдам кўрсатадиган масканга айланади. 

Умуман олганда, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саховатпешалик халқимизга хос умрбоқий қадриятларимиздан биридир.

Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, улуғ айём кунларида мамлакат раҳбарининг энг катта қилган савоб ишларидан бири –видеоселекторда кўтарилган масалалар – аҳоли эҳтиёжманд қатламларига, айниқса етим болаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда қувонарли ҳолдир.

 

Севара ИШМУРАТОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech