Мамлакатимизда тинчлик ва меҳр-оқибат, янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрамини кўтаринки кайфиятда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Байрам арафасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ҳам мутолаа ихлосмандларига муносиб совға ҳозирлади. Журналнинг 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилига бағишланган навбатдаги сони нашрдан чиқди. Янги кун – Наврўзга журналнинг янги сони наврўзона совға бўлди.
Унинг дастлабки саҳифаларидан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг “Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” номли мақоласи ўрин олган. Мақолада мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилгани таъкидланган. Ёшларга оид давлат сиёсатида Ёшлар ишлари агентлигининг тутган ўрни таҳлил қилиниб, агентликнинг 2023 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йилдаги режалари баён этилган.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори Даврон Ваҳобовнинг “Бизнес – миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асоси” номли мақоласи ҳам долзарб мавзуга бағишлангани билан аҳамиятли. Унда мамлакатимизда бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилинган. Бу имкониятлардан ёшлар ҳам самарали фойдаланаётгани, натижада юртимизда фаол ва ташаббускор, илмли ва меҳнатсевар ёш тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани таъкидланган. Бизнесда муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар фаолиятидан мисоллар келтирилган.
Академик Акмал Саидовнинг “Китоб – тафаккур хазинаси” рукнида тақдим этилган “Янги Ўзбекистон навоийшунослиги: очиқ дарслар” номли тақризи ҳам мутолаа ихлосмандларига манзур бўлишига аминмиз.
Тақризда таниқли адабиётшунос ва ҳуқуқшунос Буробия Ражабованинг яқинда нашр этилган “Боқий васиятномалар” ҳамда “Сўзлар билан сўзлашув” китоблари батафсил шарҳланган. Ушбу асарларда сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг адабий-илмий меросини ўрганиш ва англашда янгича ёндашув акс этганини таъкидлар экан, академик Акмал Саидов муаллифнинг маҳоратини алоҳида эътироф этади: “Алишер Навоий асарларини ўрганиш асносида адабиётшунос асосан адабий талқин нуқтаи назаридан ёндашса, ҳуқуқшунос улуғ бобомиз ижодининг фиқҳ билан боғлиқ қирралари таҳлилига кўпроқ урғу бериши тушунарли ҳол. Буробия Ражабова ҳам адабиётшунос, ҳам ҳуқуқшунос бўлгани учун бу борада тарозининг ҳар икки палласи тенг бўлишига интилгани таҳсинга лойиқдир”.
Шунингдек, журналнинг ушбу сонида “Халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон тажрибаси”, “International Law and the Experience of Uzbekistan”, “Международное право и опыт Узбекистана” рукнларида ўзбек, инглиз ва рус тилларида долзарб мавзулардаги салмоқли илмий тадқиқотлар ёритилган мақолалар тақдим этилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салиховнинг “Институты по защите прав военнослужащих: зарубежный и национальный опыт” (“Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари: хорижий ва миллий тажриба”) номли мақоласида Франция, АҚШ, Норвегия, Германия, Финляндия, Филиппин, Швеция, Корея Республикаси давлатларининг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган институтларни тузиш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича илғор тажрибалари ўрганилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ҳарбий хизматчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратованинг “UN Committee Against Torture: Key Stages of Establishment and Mechanism of Work” (“БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси: ташкил этилишининг асосий босқичлари ва фаолият механизми”) номли мақоласида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ташкил этилишининг концептуал асослари, фаолиятининг ўзига хос механизмлари, жумладан, қўмитага аъзо давлатлар ҳисоботларининг тақдим этилиши, якка тартибда шикоят йўллаш тартиб-қоидалари кабилар атрофлича тадқиқ этилган. БМТнинг Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияси асосида ташкил этилган ушбу қўмита қийноқларга қарши глобал курашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.
Шунингдек, журнал саҳифаларидан А. Рахимов, Р. Юсувалиева, Н. Муинова, М. Шаюсупова, М. Нормаева, И. Машарипов, О. Ахмадов, О. Норбоев, А. Идибоев, Ш. Жўраева, Р. Арслонова, А. Саидов, К. Джавакова, Дж. Есенбаев, Ф. Каримова, М. Мухтаров, А. Гулимов, К. Худжамова, Р. Тазетдинов, С. Шаханов муаллифлигида ўзбек, инглиз ва рус тилида тақдим этилган мақолалар ҳам ўрин олган.
Журнал мутолааси давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоби билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида танишиш имкониятига эгасиз.
Қадрли журналхонлар, таҳририятимизнинг ушбу наврўзона совғасини ҳукмингизга ҳавола этган ҳолда, келинчак баҳорнинг тароватли байрами – Наврўзи олам билан Сизларни самимий табриклаймиз! Бу йилги айём дуолар ижобат бўладиган муқаддас Рамазон ойида нишонланаётгани билан янада хосиятлидир. Наврўз юртимизга тинчлик, элимизга фаровонлик, заминимизга қут-барака олиб келишини тилаймиз.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 19.03.2024
- Кўришлар: 2746
- Чоп этиш