БАХТ – БЎЛИШСАНГ ҲАМ КАМАЙМАЙДИГАН НЕЪМАТ

20 март – Халқаро бахт куни

 

Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак. Барча амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад-муддао халқимизнинг бахту саодатидир. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганиданоқ ана шу ҳаққоний талабни илгари суриб келмоқда.

 Натижада кейинги саккиз йилдан буён ҳаётимизнинг турли соҳаларидаги шиддатли ислоҳотлар ягона, эзгу бир мақсадга – халқимиз, энг аввало, ёшларимизнинг ҳаётини янада обод ва фаровон, мазмунли ва бахтли қилишга қаратилган бўлиб, бу йўлдаги туб ўзгаришлар самаралари халқимизнинг азалий орзу-истаклари билан ҳамоҳангдир. Зеро, аждодларимиз таъбири билан айтганда, «Йўлинг чароғон бўлса, турмушинг фаровон бўлар».

Эътибор беринг: «Бахт кулгу бор уйга кирар» деган ўзбекча нақл японларнинг «Табассум бор уйни бахт йўқлаб келар» мақоли билан жуда ўхшаш. Қолаверса, «Инсон бахт изламайди, бахт инсонни излайди», дейди турклар. Швецияликларнинг лутф этишича, «Бўлишилган бахт икки марта кўп, бўлишилган дард икки марта кам».

Бу ҳақда фикр юритганда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2012 йил 28 июнда қабул қилинган резолюциясига биноан ҳар йили 20 март – Халқаро бахт куни сифатида бутун дунё миқёсида нишонлаб келинаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан кўзланган мақсад сайёрамиздаги ҳар бир инсоннинг бахту саодатга интилишини кенг рағбатлантиришдир.

Бутан Қироллиги таклиф қилган мазкур ғоя БМТга аъзо 193 та мамлакат томонидан ялпи қўллаб-қувватланган. Шу тариқа бундан ўн икки йил аввал БМТ Бош Ассамблеясининг A/RES/66/281-рақамли резолюцияси мисолида халқаро ҳамжамият «Бахтга интилиш – дунёдаги барча инсонларга хос якдил орзу-тилакдир», деган фикрни тўла маъқуллади.

Байрам куни сифатида айнан 20 март танлангани бежиз эмас. Чунки ушбу сана баҳорий тенг кунлик, яъни кун ва тун тенглашадиган Наврўз айёми арафасига тўғри келади. Бунинг замирида Ер юзидаги барча инсонлар бахтли бўлиш учун тенг ҳуқуққа эга эканига адолатли ишорат бор.

Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақлидир. Бахтли бўлиш жуда ҳам осон. Бунинг учун фақат ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат зарур. АҚШнинг Миннесота университети олимлари олиб борган тадқиқотлар кўрсатишича, инсон тўлиқ бахтга эга бўлиши учун, аввало, унга бахтиёрлиги даражасининг 50 фоизи ген, яъни насл орқали ўтади. Яна 10 фоиз бахтга турмушдаги маъмурчиликлар туфайли эришилса, бахтнинг қолган 40 фоизи учун ақл-тафаккурни ишлатиш тақозо этилар экан.

Инсон ҳаёти давомида ҳамиша бахтга интилиб яшайди. Кимдир бахтни моддийлик билан боғласа, бошқалар маънавий бойликни унинг бош омили сифатида эътироф этади. Яна бировлар эса, афсуски, умри давомида бахтиёрлик нималигини билмай ўтади.

Бахт ўзи нима? Бахт – бу тақдир, насиба, улуш. Бахт – инсоннинг ҳаётда қўлга киритган ютуқларидан тўла қониқиш ҳисси. Бахт – ҳаётдан мамнунлик, мурод-мақсадга етиб, орзу-умидларнинг ушалгани.

         Бахт – омад, толе, иқбол. Инсоннинг бахти кулгани – бахтиёр ҳаётга, хушнуд онларга эришгани.

Бахт гулдек очилади. Бахтнинг очилгани – инсоннинг муҳаббатига етишгани ва ширин оила қургани, турмушидан тўла мамнунлиги ва беармонлиги.

Бахтни, одатда, қушга менгзайдилар. Бахт қуши бахтиёр бошларга қўнади. Бахти ҳумоюн – инсоннинг омади келгани, иши юришгани рамзи.

Бахт – саодат, қут, демакдир. Бахт – бу омад, муваффақият ва роҳат-фароғат. Инсоннинг бахтли, саодатманд, мамнун ва шодонлиги – унга бахт ёр бўлганидан далолат. 

Бахт – нафснинг поклиги, қалбнинг хотиржамлиги, дилнинг кенглиги ва виждоннинг таскини ҳамдир.

Мутахассислар фикрича, кишиларнинг бахт ҳақидаги тасаввурлари ижтимоий тузум ва жамиятдаги муносабатлар билан узвий боғлиқ. Чинакам бахтли бўлиш учун ҳар бир шахс эркин, тенг, ўз истеъдоди ва хоҳиш-иродасини ҳар томонлама намоён қилиш, моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши зарур.

Шунингдек, бахтга эришиш учун ҳар бир шахс жамиятда, оилада муносиб ўрнини топган, бурч ва масъулиятини англаган бўлиши лозим. Одам онги, тафаккури, дунёқараши, хатти-ҳаракати, хулқи, ақл-заковати билан бахтли бўлиш учун интилиши ва курашиши даркор. Инсон ўз тақдирини халқ, Ватан тақдири билан уйғунлаштиргандагина тўла бахтли бўлиши мумкин.

Мамлакатимизда ушбу халқаро сана ҳар йили нишонланади. Шу ўринда мазкур байрамнинг БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан тасдиқланган инглизча номи (International Day of Happiness) ўзбек тилида икки хил, яъни айрим ўринларда – «Халқаро бахт куни», баъзан эса «Халқаро бахт-саодат куни» шаклида қўлланаётганига эътибор қаратиш жоиз.

Расман ёндашганда, халқаро сана номини бирхиллаштириш мақсадга мувофиқ, албатта. Мазмунан олиб қараганда, бахт ва саодат – ўзаро уйғун тушунчалар бўлиб, улар бирикканида бир-бирининг маъно товланишларини янада ёрқинлаштиради.

Суқрот эътироф этганидек, ўзликни англамоқ – буюк саодат. Бундан 33 йил илгари халқимиз истиқлолга эришди. Ҳаёт – инсонга берилган ноёб туҳфа, мустақиллик эса ҳар бир миллат учун тенгсиз бахт, олий саодатдир. Истиқлолнинг ҳар дақиқаси қадрли, ҳар куни асрларга татигулик. Бу муқаддас ва дориломон кунлар ҳеч қандай хазина билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо бойлигимиздир.

Ўзбек халқи мустамлакачилик зулматининг пардаларини ортга суриб ташлади ва ёруғликка чиқиб, нурафшон ҳаётга қадам қўйди. Истиқлол миллатимиз эришган ҳуррият негизида юртимизда яшайдиган барча инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланишини таъминлади. Истиқлол бизга, демократик ҳуқуқий давлатга асос солган ҳолда, миллий тараққиёт моделимизни белгилаб олиш ҳамда шу истиқболли йўлдан дадил одимлаш имконини берди.

«Бахт – сандиқда, калити – осмонда». Бу пурҳикмат мақол тимсолида аждодларимизнинг бахту саодатга азалий интилишлари ўз мужассамини топган. Бинобарин, «Ватани борнинг бахти бор, меҳнати борнинг – тахти».

Аслида ҳам, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган, кейинчалик 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда юртдошларимиз янги таҳрирдаги матни учун овоз берган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – халқимиз бахт-саодатининг ҳуқуқий пойдеворидир. Конституциямизнинг «Бахтимиз Қомуси» дея эъзозланиши боиси шунда.

Давлат байроғи – халқимизнинг шонли тарихи, бугунги саодатли ҳаёти ва ёруғ келажаги рамзи.

Давлат гербида акс этган Ҳумо қуши – бахт-саодат ва эрксеварлик тимсоли.

Давлат мадҳияси «Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот» деган сурурбахш каломлар билан бошланиши айни муддаодир.

Президентимиз халқни – бахтиёр, Ватанни – бахтга ёр этиш ниятини қалбига жо айлаб ва белини маҳкам бойлаб, шижоату ғайрат билан ишламоқда. Сўнгги даврда ишлаб чиқилган, хусусан, 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси шу улуғ мақсад ижобати учун ҳаётимизга чуқур татбиқ этилаётган улуғ Бахтномалардир.

«Билим билан саодат йўли очилади, шунга кўра, илмли бўл, бахт йўлини изла», дейди туркий аллома Аҳмад Югнакий. «Қайси ерда илму маърифат кучли бўлса, ўша ер бахт маскани ҳисобланади», дея бу фикрни маъқуллайди форсий донишманд Фахрулбанот Сулаймоний.

Тарбия ва маърифат – тараққиётнинг қўш қаноти. Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди. Президентимизнинг қатъий фикрича, «Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди».

Ватан оиладан бошланади. Кейинги даврда қанчадан-қанча юртдошларимиз шаҳару қишлоқлар бағрида қад ростлаган кўркам ва замонавий, шинам ва қулай, арзон ва ҳатто бепул уй-жойларга кўчиб ўтди. Ўз уйи — бахт қўрғонига эга бўлган инсонлар энди ғоят бахтиёр.

Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқдир. Юртимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.

«Бахт — шундай ноёб неъматки, ўзгаларга қанча инъом этсанг ҳам, ўзингда асло камаймайди», дейди руминиялик адиба Кармен Сильва. Бугунги кунда Ўзбекистонимиз дунё аҳли кўз ўнгида бахтиёр инсонлар мамлакатига айланмоқда.

Маълумки, дунёнинг энг бахтли мамлакатларини аниқлашга қаратилган турли халқаро рейтинглар мавжуд. Хусусан, World Happiness Report рейтингида 2024 йилда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида энг бахтли мамлакат деб топилди.

Ушбу рейтингда 143 мамлакат ва ҳудуддаги одамлар ўз ҳаётларини нолдан 10 гача бўлган шкалада баҳолаганлар. Рейтингни яратиш учун умр кўриш давомийлиги, ижтимоий алоқалар, шахсий эркинлик ва коррупция каби бошқа омиллар бўйича охирги уч йилдаги натижалар ўртача ҳисобланган бўлиб, бунда 10 балл энг яхши кўрсаткич саналади.

Бахтиёрлик даражаси бўйича глобал рейтингда Америка Қўшма Штатлари биринчи марта кучли йигирматаликдан жой олмади ва ўтган йилги 15-ўриндан 23-ўринга тушиб кетди. Бу 30 ёшгача бўлган америкаликларнинг фаровонлик ҳисси кескин пасайгани билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.  

Яна бир рейтинг – Sapien Labs лабораторияси томонидан 2024 йилда ўтказилган «Дунёнинг руҳий ҳолати» (Global Mind Project) тадқиқоти хулосасида қайд этилишича, сўнгги 4 йил ичида дунё аҳолиси орасида руҳий саломатликнинг ёмонлашиши кузатилмоқда. Рейтингда Ўзбекистон ҳам кам балл тўплаган, деб ёзди Time Out нашри.

Фикримизча, мазкур тадқиқот ўтказилган 71 та мамлакат, шу жумладан Ўзбекистонда 2020 йилдан кейинги муддатда бахтиёрлик рейтинги кўрсаткичининг пастлиги, биринчи навбатда, коронавирус пандемияси билан боғланганлиги ҳар томонлама асослидир. Чунки пандемия бутун дунёда инсонларнинг мулоқот тарзига, иш жойларидаги қулайликлар ва саёҳат қилиш имкониятларига, шунингдек, руҳий саломатлигига жиддий ва узоқ муддатли таъсир кўрсатгани бор гап.

Қолаверса, кейинги даврда жаҳоннинг турли ҳудудларида юзага келаётган қалтис низолар глобал тинчлик, барқарорлик ва тараққиётга таҳдид солаётгани инсониятни доимий хавотир исканжасида ушлаб турибди. Боз устига, иқлим ўзгариши, экология офатлари, озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги сингари муаммолар ҳам ҳар бир заминдошимиз ва замондошимизнинг бахтига чанг солаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Шу билан бирга, Sapien Labs лабораторияси рейтингидаги инсонларнинг бахтиёрлигига оид ўта салбий кўрсаткичлар бир қадар баҳсталаб, деб ўйлаймиз. Негаки, тадқиқотда иштирок этган қарийб 420 минг кишининг шахсий руҳий саломатлик коэффициентини аниқлашда уларнинг аноним онлайн сўровга жавоблари атиги 6 та мезон: кайфият ва истиқбол, ижтимоий «Мен», мотивация ва ҳаракат, ақл ва тана алоқаси, идрок, мослашувчанлик ва чидамлилик негизида баҳоланган, холос.

Ваҳоланки, инсоннинг бахтиёрлиги даражасини аниқлаш мезонлари кўп ва ниҳоятда хилма-хил. Мисол учун, халқаро экспертлар фикрича, юртдошларимиз ўзларининг бахтиёрлиги даражасини фақат етарли бойликка эгалиги, яъни иқтисодий омил билангина белгиламайди.

Ўзбекистонликлар асл бахту саодат – инсонларнинг бир-бирига бўлган самимий муносабатида, ўзаро меҳр-оқибат, ишонч ва садоқат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликда, шунингдек, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилишдадир, деб ҳисоблайдилар.

Шундай қилиб, Президентимиз таъкидлаганидек, «азиз фарзандларимиз, набираларимиз бахтини, камолини ўйлаб, эл-юртимизнинг, халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб, олдимизга улкан вазифалар қўймоқдамиз. Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади».

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech