2024 йил 16 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда миллий парламентаризмнинг ўрни ва роли” мавзусида конференция ўтказилди.
Унда депутатлар, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов кириш сўзи билан очиб, мустақиллик Ўзбекистонда демократик миллий парламентнинг шаклланиши ва ривожланиши учун том маънода сиёсий ҳуқуқий асос яратганини эътироф этиб, Президентимиз таъкидлаганидек, “Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари — Янги Ўзбекистоннинг таянчи” эканлиги, ҳозирги кунда Ўзбекистон парламенти ислоҳотларнинг фаол субъекти бўлиб, қонун ижодкорлиги йўналишида замон талабларига жавоб берадиган қонунларни қабул қилаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида янги давр бошланди ва қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятида туб бурилиш юз берди.
Ушбу тарихий ҳужжатлар ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди.
Хусусан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш, шунингдек, қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турибди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этишимиз керак” деган талаби таг замирида қонун ижодкорлиги фаолияти “Қонуннинг бирдан бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилга асосланиши қатъий белгилаб берилди. Бу эса Қонунчилик палатасини ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис бахс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам “демократия мактаби”га айлантирди.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Жумладан, қонунчилик базасини тизимлаштириш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш барқарорлиги таъминланди. Норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилди. Бу ўз навбатида, парламент иш фаолиятининг бутунлай янги йўналишда ташкил этилиб, қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг демократик тартиб-қоидалари жорий этилишига туртки бўлди.
Конференцияда қайд этилганидек, қонунларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказиш ҳуқуқий жиҳатларнинг сифатли бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, парламентнинг ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бораётганлиги мансабдор шахсларнинг ҳам масъуллигини оширишга хизмат қиляпти.
Шунингдек, Олий Мажлис палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилингани, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштироки фаоллашиб бораётгани ҳам самарали парламентаризмнинг исботидир.
Тадбирда сўз олганлар маҳалла институти фаолиятининг самарадорлиги ошганлиги, халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айланланлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асослари замон талабларига мослаштирилганлигини алоҳида қайд этдилар.
Ўтган даврда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ, соҳасини янада ислоҳ, қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий тармоқни ривожлантириш борасидаги масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган, илгари мавжуд бўлмаган 50 дан зиёд қонунлар қабул қилингани таъкидланди.
Давлат раҳбари ташаббуси билан давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича парламентга зарур ваколатлар берилгани айтиб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар бугун Ўзбекистонда барча соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб, демократик янгиланишлар ўзининг сифат жиҳатидан янги поғонасига кўтарилиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
- Қўшилди: 19.08.2024
- Кўришлар: 1086
- Чоп этиш