2024 йил 26 август куни Ўзбекистон Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институтининг Назарий-тарихий, давлат-ҳуқуқий ва конституциявий-ҳуқуқий фанлар бўлими ташаббуси билан “Ўзбекистон давлат мустақиллиги – жамият тараққиётининг омили” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Самарқанд, Термиз, Наманган давлат университетларининг юридик факультетлари, Тошкент давлат аграр университети, Чирчиқ давлат педагогика институтини, Тошкент давлат транспорт университети ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этди.
Республика илмий-амалий конференцияни Давлат ва ҳуқуқ институти директори Турғунов Муроджон Турсунбоевич кириш сўзи билан очиб, конференция иштирокчилари ва таклиф этилганларга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги байрами билан табриклади. Шундан сўнг конференцияси иштирокчилари ва таклиф этилганлар билан конференция регламентини белгилаб олинди ва сўз навбати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Тиллабаев Мирзатилла Алишеровичга берилди.
М.Тиллабаев ўз нутқида Мустақиллик декларацияси тарихи ва мазмуни, мазкур ҳужжат билан ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш имконияти таъминлангани, унда миллий ва умумбашарий қадриятларга содиқлик, асрлар давомида шаклланган миллий давлатчилик тарихи ва халқимизнинг давлат қурилиши борасидаги бой тажрибаси ўз аксини топгани, айни пайтда халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятлар инобатга олингани, унда Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш таклифи илгари сурилгани, Мустақиллик декларацияси тамойиллари асосида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ҳақида айтиб ўтди.
Шундан сўнг сўз навбати Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори, профессор Мухитдинова Феруза Абдурашидовнага берилди. Мухитдинова Феруза Абдурашидовна “Шарқ мутафаккирлари таълимотида мустақиллик, ҳурлик ва адолат ғояларининг амалий ифодаси” мавзусидаги маърузасида Абу Наср Форобийнинг “Бахт-саодатга эришиш ҳақида”, “Ижтимоий-ахлоқий рисолалар”, “Қонунлар ҳақида китоб” ва бошқа асарларида жамият ва уни бошқариш тўғрисидаги қарашлари, давлат ва жамиятни адолатли бошқариш, фозил ҳукмдор фазилатлари, унинг хулқи, одоби, Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” ва “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарларида адолатли бошқарув, жамиятда ижтимоий адолатни, қонун устуворлигини таъминлаш ғоялари илгари сурилгани, адолатли давлат, халқ фаровонлиги, хавфсизлиги, эркинлик, тенгликка эришиш, Абу Али ибн Синонинг давлат бошқарув масалаларининг ҳуқуқий асослари, фуқароларни давлат томонидан ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий адолат, давлат ва жамиятнинг бир-бири билан боғлиқлиги, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарида амалдорларнинг ахлоқи, давлат бошқарувини кенгаш асосида олиб бориш лозимлиги, унинг “Кўпчилик бўлиб қабул қилинган тадбир энг савобли бўлади ва шундай йўл тутиш керак”лиги тўғрисидаги қарашларининг аҳамияти ҳақида айтиб ўтди.
Кейинги маърузачи, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мамасиддиқов Музаффаржон Мусажонович “Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида юридик фан ва амалиёт: ривожланиши, ҳолати, муаммолар ва унинг ечимлари” борасида қуйидагиларни маълум қилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалиёт билан боғлиқлигини таъминлаш, ўқитишнинг илғор услубларидан жорий этиш, юридик таълимни сифати ва илмий салоҳиятнинг пасайишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, миллий ва халқаро талабларга жавоб берадиган ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳага инновацион илғор ва халқаро стандартларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини яхшилаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифати ва самарадорлигини ошириш, таълим беришнинг замонавий усулларини жорий этиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш, самарали юридик адабиётлар яратиш, ҳуқуқни қўллаш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини малакали таҳлил қилиш, ҳуқуқий экспертиза сифатини янада яхшилаш, қонун ҳужжатларининг амалиётга мослиги ва ижроси самарадорлиги нафақат амалиётчилар, балки ҳуқуқшунос олимлар олдидаги асосий вазифа эканлиги борасида айтиб ўтди.
Маърузачи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, юридик фанлар номзоди, доцент – Тажибоев Маъруфжон Маматожиевич“Мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасидаги Янги Ўзбекистон сиёсатининг мақсад ва вазифалари” борасида қуйидагиларни маълум қилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибига оид янгиликлар, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган асосий мақсад ва вазифа – мурожаатларни тез ва самарали ҳал этиш, давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш, давлат органлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги масъулиятини янада ошириш, устувор вазифаларни самарали ҳал қилиш ва бошқа масалаларга эътибор қаратилаётгани ҳақида айтиб ўтди.
Кейинги маърузачи Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор Азизов Ниғмонжон Пардаевич – “Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий-ҳуқуқий негизлари” борасида қуйидагиларни маълум қилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиш жараёнлари, Мустақиллик декларацияси, Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуннинг яратилиши тарихи, ушбу ҳужжатларда кўп миллатли Ўзбекистон ҳар бир фуқаросининг манфаатлари инобатга олингани, уларнинг муносиб ҳаётини таъминлашга эътибор қаратилгани, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси юрт тақдирига дахлдорлик, мамлакат ободлиги, озодлиги йўлида ҳамда янада юксалтиришда масъулиятни ҳис қилган ҳолда астойдил хизмат қилишлари лозимлиги таъкидланди.
Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори Хакимов Равшан Тулкунович “Ўзбекистон давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши ва унинг халқаро эътирофи” тўғрисида қуйидагиларни маълум қилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлиши, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қабул қилиниши, ташқи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий соҳаларда дунё ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлик қилиш, тинч, тотув ва фаровон ҳаёт кечириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш хорижий давлатлар, хусусан МДХ давлатлари ва қўшни мамлакатлар билан ҳар томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида айтиб ўтди.
Маърузачи Ўзбекистон Республикаси ИИВ 1-сонли академик лицейнинг кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Худойбердиев Аҳрор Қосималиевич “Ўзбекистон мустақиллигининг тарихий-ҳуқуқий аҳамияти” юзасидан қуйидагиларни маълум қилди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги куни энг улуғ ва энг азиз байрам эканлиги, мустақилликнинг аҳамияти, уни абадийлигини таъминлашда ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқароси масъул эканлиги борасида таъкидлади.
Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришишдаги сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳатлар изчиллиги ва самарадорлигини, ижтимоий-сиёсий барқарорликни ва жаҳонда Ўзбекистоннинг муносиб ўринини таъминлаш, ёшларни ватанга муҳаббат, юрт ва халқ тақдирига дахлдорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш борасида айтиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
- Қўшилди: 28.08.2024
- Кўришлар: 856
- Чоп этиш