Бугун ҳеч кимга сир эмаски, Янги Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки йилдан-йилга сезиларли даражада ошиб бормоқда. Мамлакатимиз ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро ишончга асосланган, конструктив ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўлини танлаган. Бу кўп томонлама ташқи сиёсат ўзининг прогрессив характери ва тинчликпарварлиги билан халқаро майдонда ҳақли эътироф ва олқишга сазовор бўлиши билан бир қаторда, жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон Республикасининг обрў-эътибори ошиб бораётганлигидан далолат бермоқда.
Сиёсий фанлар доктори, профессор Қ.Жўраевнинг “Ўзбекистон Республикаси ва жаҳон ҳамжамияти” номли илмий-оммабоп мақолалар тўпламида мамлакатимизнинг 2016-2024 йиллар давомида халқаро майдондаги фаолиятига оид энг муҳим ва эсда қоларли жиҳатлар таҳлил қилиниб, мантиқий изчилликда ёритиб борилганлиги билан аҳамиятлидир.
Китоб билан танишиш давомида муаллиф томонидан Марказий Осиё минтақаси нафақат жуғрофий, балки инвестициявий, савдо-иқтисодий, сиёсий, транспорт коммуникациявий бирлик сифатида эътироф этилиб, ушбу йўналишда эришилган ютуқлар ва олдинда турган долзарб вазифалар тизимли таҳлил қилинган.
Сўнги йилларда, Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида энг устувор вазифа сифатида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳитини барпо этиш ва минтақавий хавфсизликнинг муҳим муаммоларини ҳал этишга, шу жумладан, Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳал қилишга кўмаклашишга қаратилгани таҳсинга сазовордир. Давлатимиз раҳбари доимо халқаро ҳамжамият эътиборини жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши, Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик лозимлигига қаратиб келмоқда. Ўзбекистоннинг минтақани барқарор, хавфсиз ва фаровон ҳудудга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари туфайли “Марказий Осиё” руҳи деган мутлақо янги тушунча пайдо бўлди.
Муаллиф туркум мақолаларида Янги Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратган. Дарҳақиқат, мамлакатимиз жаҳондаги энг йирик ва нуфузли ташкилот ҳисобланувчи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ихтисослашган муассасалари билан кенг миқёсда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Республикамизда БМТнинг 2015 йилда қабул қилинган, 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 17 та йўналишини ўз ичига олган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда бир қатор ютуқларни қўлга киритилмоқда.
БМТ Бош Ассамблея сессияларида мамлакатимиз раҳбари дунё ҳамжамиятини кун тартибида турган энг долзарб муаммоларга қаратиб, ушбу масалалар юзасидан муҳим таклиф ва ташаббусларни билдириб келмоқда. Чунончи, муҳтарам президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида (2017 йилнинг 20 сентябрь) Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини барпо этиш масалаларига қаратилган бўлиб, минтақа мамлакатларининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга даъват қилинган эди. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистоннинг ташаббуслари асосида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” деб номланган резолюциянинг қабул қилиниши, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга молик воқеадир.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг БМТ тузилмалари ва раҳбар органларига сайланиши илгаригидан ҳам кўра анча кўпроқ юз бермоқдаки, бу эса, сўзсиз, мамлакатимизнинг халқаро имижини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Жумладан, 2024 йилда мамлакатимиз БМТнинг 3 та муҳим тузилмавий ва бошқарув органлари аъзолигига сайланди:
биринчидан, 2024 йил 7 июнь куни Ўзбекистон ўз тарихида илк марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС)га;
иккинчидан, Ўзбекистон вакили 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига;
учинчидан, 2024 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси 2024-2027 йиллар учун Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига.
Маълумки, самарали ва ўзаро ишончга асосланган сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ёки бошқа соҳаларга оид халқаро ҳамкорликнинг муҳим шартларидан бири давлат ўз зиммасига олган мажбуриятларни виждонан бажаришидир. Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг 15-моддасига қўшимча киритилиб, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси миллий ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми эканлиги белгилаб қўйилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан ҳамкорлик ришталарини боғлаган халқаро тузилмалар ичида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг алоҳида ўрни бор. Муаллифнинг эътироф этишича, мўътадиллик ва бағрикенгликка асосланган ислом таълимоти ва қадриятларини тарқатиш, диний меросни сақлашга кўмаклашиш; фан ва технологияларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш каби соҳаларда аъзо-давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон Республикасининг туб миллий манфаатларига ҳамоҳанг бўлиб, мамлакатимиз Ташқи сиёсий доктринасига ҳар томонлама мос келади.
2016 йил 18 октябрда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 43-сессияси ислом ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида ташкил этилган йирик тадбир ҳисобланиб, нафақат мамлакатимиз ҳаётида, балки, бутун ислом оламида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, юртимиз-ислом цивилизацияси ўчоқларидан бири ҳисобланиб, дунёга, хусусан, ислом оламига йирик алломаларни етиштириб берган муқаддас диёр ҳисобланади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлар ёритилган мақолада, муаллиф томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, Конституциянинг тегишли моддалари ва уларга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар халқаро ҳуқуқ принциплари билан боғланган ҳолда муфассал шарҳ берилганлиги билан аҳамиятлидир.
Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг миллий ҳуқуқ тизими таркибий қисми сифатида конституциявий даражада белгиланиши, бир томондан, давлатимизнинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига доимо содиқ қолишини билдириб, халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлишига хизмат қилса, иккинчи томондан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди.
Профессор Қодир Асадович Жўраевнинг ушбу китоби мазмунан бой илмий-оммабоп мақолаларни ўз ичига олганлиги, ҳар бир мақола мавзусидан келиб чиқиб аниқ ва таҳлилий маълумотлар билан бойитилганлиги, шунингдек, ташқи сиёсатимизга тааллуқли воқеаларга муаллифнинг бой амалий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда билдирган фикр ва қарашлари, мақолалар мураккаб илмий атама ва тушунчалар ўрнига содда, барча учун оддий ва тушунарли тилда мантиқий изчилликда баён этилганлиги жиҳатидан фақатгина сиёсатшунослар, илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар ёки мутахассисларгагина эмас балки, соҳага қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига манзур бўлиши шубҳасиз. Қисқача айтганда, ушбу китоб мазмунан ва сифат жиҳатидан юртимиз ташқи сиёсатининг сўнгги йиллардаги замонавий тенденцияларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Зеро, ушбу китобни Янги Ўзбекистон кўп векторли ташқи сиёсий фаолиятига тутилган кўзгу деб таърифласак адашмаган бўламиз.
А.Х.Саидов, академик
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 28 август кунги 175 (8798)-сони
- Қўшилди: 28.08.2024
- Кўришлар: 842
- Чоп этиш