ИНТЕРНЕТДАГИ ТАЖОВУЗ:
Журналистика соҳасида ишлаётган дунё хотин-қизларининг аҳволи қандай?
8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни
Ушбу сана Халқаро журналистлар ташкилоти конгрессининг қарорига асосан 1958 йилдан буён дунё миқёсида нишонлаб келинмоқда. Бу кун тасодифан танланган эмас. Зеро, 1943 йилнинг айнан 8 сентябрида чехославакиялик журналист ва адабиётшунос Юлиус Фучик Берлинда фашистлар томонидан қатл этилган. У асирликда эканида “Дор остидан репортаж” китобини ёзган. Муаллиф вафотидан сўнг жаҳоннинг 70 та тилига таржима қилинган ушбу асар 1950 йилда “Тинчлик” халқаро мукофотига сазовор бўлган.
Кейинги даврда журналистика бутун ер юзидаги энг хавфли касблардан бири бўлиб қолмоқда. Дунёнинг деярли барча ҳудудларида ҳар йили журналистлар тажовузларга дуч келмоқда ва қурбон бўлмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига қараганда, 2023 йилда жаҳон миқёсида 40 нафар журналист ва ОАВ вакиллари ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич 2022 йилда – 28 ва 2021 йилда 21 нафарни ташкил этган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк қайд этганидек, бутун дунёда ҳар куни камида бир нафар журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси ёки касаба уюшмалар намояндаси қурбон бўлмоқда ёхуд йўқолиб қолмоқда. Бу ачинарли ҳолат чуқур ташвиш уйғотади ва фуқаролик жамияти фаолият юритадиган маконни ҳимоя қилиш ҳамда инсоннинг асосий эркинликларини таъминлаш борасида қатъий чоралар кўришни талаб этади.
БМТ Бош котибининг журналистлар хавфсизлигига бағишланган 2023 йилги маърузасида журналистиканинг яна бир долзарб ва оғриқли муаммоси – соҳада ишлаётган хотин-қизлар ҳали ҳам озчиликни ташкил этиши ҳақида сўз борган. Бунинг сабаби шундаки, улар – жинсий мансублиги баҳонасида – лавозим пиллапояларидан кўтарилишда тўсиқларга учрамоқда, кўп ҳолларда таҳдидларга дучор бўлмоқда ва зўравонлик қурбонларига айланмоқда.
БМТ раҳбарининг айни мавзудаги маърузасида 2017 йилдан кейинги давр қамраб олинган. Унинг алоҳида боби “Оммавий ахборот воситаларидаги хотин-қизларнинг ҳолати” масаласига бағишланган. Оммавий ахборот воситалари соҳасидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш халқаро фонди 2021 йилда бу борада тадқиқот ўтказган. Натижада ўрганилган 522 та медиакомпания ходимлари сонининг атиги учдан бир қисминигина аёл-журналистлар ташкил этиши аниқланган.
Мавжуд гендер нотенглик ҳам аёл-журналистларнинг ойлик маошлари миқдорига, мансаб пиллапояларидан кўтарилишига ва касбий ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётир. Аксарият ҳолларда энг жиддий ва ўта муҳим мавзуларни ёритиш – эркак-журналистлар зиммасига, аҳамияти камроқ мавзуларни эса аёл-журналистларга топширишдек номақбул ақидаларга риоя қилинмоқда. Аёл-журналистлар раҳбарлик лавозимларини эгаллашда эркак-журналистларга нисбатан кўпроқ тўсиқларга учрамоқда.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари таҳририятларида ҳалигача хотин-қизларга шилқимлик қилиш ҳоллари учраб турибди. Гарчи, касбий нуқтаи назардан, ҳар икки жинсга мансуб ОАВ вакиллари турли тажовузларга учраётган бўлсалар-да, жинсий мансублиги билан боғлиқ ҳолда, айнан аёл-журналистлар янада кўпроқ таҳдидларга дучор бўлмоқда.
Буни “ARTICLE 19” ташкилоти ўтказган ва 2022 йилда эълон қилинган тадқиқот натижалари яққол тасдиқлайди. Унда аёл-журналистларнинг учдан икки қисми турли тажовузларга учрагани маълум қилинган. Бу ўринда зўрлашдан то руҳий босим ўтказиш ва интернетда таъқиб қилишгача бўлган тажовузлар ҳақида сўз бормоқда.
Нидерландияда 2022 йили “PersVeiling” платформаси томонидан ўтказилган ижтимоий сўровда қарийб 300 нафар аёл-журналист қатнашган. Шу респондентларнинг 82 фоизи қўрқитиш, тажовуз қилиш ёки таҳдид этиш ҳолатларига дуч келганини билдирган.
Индонезия Мустақил журналистлар альянси ҳам 2023 йили бу борада тадқиқот ўтказган. Ушбу тадқиқот натижаларига қараганда, ижтимоий сўровда қатнашган аёл-журналистларнинг 82,6 фоизи ўз касб фаолиятини амалга ошириш жараёнида у ёки бу шаклдаги шаҳвоний таҳдидларга учраганини маълум қилган.
Аксар ҳолларда аёл-журналистлар рақамли технологиялар соҳасида таҳдид ва таъқибларга дучор бўлаётир. Бинобарин, ЮНЕСКО билан Журналистлар учун халқаро марказ ўтказган ва 125 мамлакатдан оммавий ахборот воситаларининг 900 нафардан зиёд ходими иштирок этган тадқиқотда қатнашган аёл-журналистларнинг 73 фоизи айнан интернетда тажовузга учраганлигини айтган.
Аёл-журналистларга интернет тармоғидаги ҳужумлар муайян вазиятларда, хусусан, сайловлар даврида янада кучаяди. Масалан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти баҳосича, яқинда Бразилияда бўлиб ўтган Президент сайловида ҳар бир журналистга ўртача ҳар уч сонияда интернет орқали хуруж қилинган, бунда тажовузга учраганларнинг 70 фоизини аёл-журналистлар ташкил этган.
Интернетда гендер зўравонликнинг ҳар хил турлари кузатилмоқда. Жумладан, шилқимлик ёки хотин-қизларга нисбатан нафрат, жисмоний ё шаҳвоний зўравонлик билан таҳдид қилиш каби хуружлар ортган.
Шу билан бирга, ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ ўтказган тадқиқот иштирокчилари ўзларининг “доксинг” (яъни, инсоннинг розилигисиз шахсий маълумотларини эълон қилиш) қурбонига айланганидан шикоят қилган. Аксарият ҳолларда аёл-журналистларга тегишли электрон почта манзили ва телефон рақамлари экстремистик мазмундаги веб-сайтларда ҳамда троллингга кўмаклашадиган сайтларда жойлаштирилган. Ҳатто бундай тажовузга учраганлардан айримларининг фаолиятини интернет орқали таъқиб этиш ва аккаунтларини бузиб кириш ҳоллари ҳам учраган.
ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ тадқиқоти иштирокчиларининг 37 фоизи интернетда журналистларга нисбатан учраётган бундай тазйиқларга сиёсий арбобларни асосий айбдор, деб кўрсатган. Яъни, айрим сиёсий арбобларнинг омма олдидаги очиқ-ошкора таҳдидлари, ўз навбатида, уларнинг тарафдорларига аёл-журналистларга нисбатан тажовуз ё таҳдид қилиш учун қутқу берган.
Бундай тажовуз ва таҳдидлар аёл-журналистларнинг қадр-қиммати ва маънавий-руҳий ҳолатига салбий таъсир қилмоқда. Интернет орқали “рақамли тажовуз”ни бошидан кечирган аёл-журналистларнинг кўпчилиги хавотир ва изтироб ичида яшаётгани, ўзини ҳимоясиз ҳис қилаётгани ва ўзига нисбатан ишончи сусайганидан арз қилгани шуни кўрсатади.
Янада ачинарлиси, ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ тадқиқоти иштирокчиларининг салкам 20 фоизи, интернетдаги босимлар билан боғлиқ ҳолда, реал ҳаётда ҳам жисмоний тажовузга учраганлигини тан олган. Оқибатда рақамли маконда суиистеъмолликлар қурбонига айланган ва шу билан боғлиқ равишда жисмоний тажовузга учраган аёл-журналистлар кўпинча ишга келмай қўяди. Улар ўзига келиб олиш ёки яна таҳдидларга учрамаслик учун ишдан бўшайди, баъзи ҳолларда эса ҳатто журналистика соҳасини бутунлай тарк этади.
Шу билан бирга, ЮНЕСКО ва Журналистлар учун халқаро марказ ўтказган тадқиқот натижалари кўрсатишича, респондентларнинг 30 фоизи, интернетдаги тажовузлардан хавотирланган ҳолда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида ўзини ўзи цензура қилиш йўлига ўтганини билдирган.
Шунингдек, 2022 йили “PersVeiling” платформаси Нидерландлар мамлакатида ўтказган ижтимоий сўров маълумотларига мувофиқ, респондент аёл-журналистларнинг:
- 52 фоизи – интернетдаги таъқиблардан хавотирлангани учун сўзларни жуда эҳтиёткорлик билан қўллашга ўтган;
- 23 фоизи – муайян ижтимоий медиа-платформаларда чиқишлар қилишдан қоча бошлаган;
- 19 фоизи – муайян мавзуларда материаллар чоп этишдан ўзини тийган.
Бундай ўзини ўзи цензура қилиш амалиёти, афсуски, фикр ва ахборот хилма-хиллигига бевосита салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, сўз эркинлигини ҳам чеклаб қўяди.
Шу мураккаб шароитда журналистларни ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?
БМТнинг Фикр эркинлиги тўғрисидаги масалалар бўйича махсус маърузачиси Ирен Хан таъкидлашича, аёл-журналистларни интернетдаги тажовузлардан ҳимоя қилишда асосий масъулият давлатлар зиммасидадир. Ижтимоий тармоқларга эга компаниялар ҳам, Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли раҳбарий принципларидан келиб чиққан ҳолда, ўз платформаларида журналистларнинг хавфсизлиги таъминланиши билан боғлиқ зарур чораларни кўришлари шарт.
Бундан ташқари, БМТ Бош котиби маърузасида давлатлар ўз ҳудудида журналистларга нисбатан содир этилган тажовуз ҳолатлари юзасидан тезкор, холис ва мустақил суриштирув ўтказиш учун асосий жавобгар томон ҳисобланиши қайд этилган. Бу борадаги ишларни ҳалигача йўлга қўймаган давлатлар фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий механизмларни яратишлари тақозо этилади.
Журналистларга нисбатан тажовузларнинг олдини олиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларига қарши жиноятлар бўйича айбдорларга нисбатан одил судлов орқали қонуний чора кўриш амалиёти шулар жумласига киради. Айни чоғда, мамлакатлар интернет маконида ва ундан ташқарида ҳам фикр эркинлигига амал қилинишини таъминлайдиган қонунлар қабул қилишлари талаб этилади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 06.09.2024
- Кўришлар: 1009
- Чоп этиш