Инсоният тарихида эпидемиялар ва пандемиялар фақат саломатликка эмас, балки иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорликка ҳам жиддий таъсир қилган ҳодисалардир. Тарихан, бу турдаги глобал офатлар нафақат минглаб инсонларнинг ҳаётига зиён етказган, балки мамлакатларнинг ривожланишига, иқтисодий ўсишга, ишлаб чиқариш ва савдо занжирларига, шунингдек, давлатлараро муносабатларга ҳам катта салбий таъсир кўрсатган.
Қадимий замонлардан бери ўлат (вабо), чечак, қизамиқ ва бошқа юқумли касалликлар улкан ҳудудларда аҳоли сонининг камайишига сабаб бўлган. ХIХ ва XX асрларда тиббиёт соҳасидаги ютуқлар туфайли юқумли касалликлар устидан назорат кучайган бўлса-да, глобаллашув шароитида вирус ва бактериялар чекловсиз тарқалиш имконига эга бўлди.
2020 йилда бошланиб, бутун дунёга тарқалган COVID-19 пандемияси, аввалги эпидемияларга қараганда, ўзининг глобал миқёсдаги таъсири, шунингдек, технологик ва ижтимоий соҳаларда юзага келган ўзгаришлар билан ажралиб турди. Бу пандемия халқаро тизимнинг саломатлик соҳасидаги заиф томонларини, шунингдек, тиббиёт инфратузилмасининг етарли даражада тайёр эмаслигини очиб берди.
Бундан ташқари, пандемия вақтида иқтисодий инқироз, ишсизликнинг ортиши, савдо оқимларининг бузилиши ва давлат бюджетларининг кескин қисқариши кузатилди. Бундай шароитда фақат алоҳида давлатлар эмас, балки барча давлатларнинг биргаликда ҳаракат қилиши зарурлиги аён бўлди. Шу сабабли БМТ томонидан эпидемияларга тайёргарлик масаласида жамоавий онгни ошириш мақсадида махсус кунни белгилаш ташаббуси илгари сурилди.
Халқаро ҳамжамият эпидемия ва пандемияларга тайёргарликни кучайтириш, уларга самарали жавоб бериш масалаларига жиддий эътибор қаратишга киришди. Натижада 2020 йил 27 декабрда БМТ томонидан Халқаро эпидемияга тайёргарлик куни эълон қилинди.
Ушбу сана нафақат эпидемияларга тайёргарлик кўриш, балки уларнинг олдини олиш, тезкор жавоб чораларини ишлаб чиқиш ва дунё бўйлаб тиббиёт тизимларини кучайтириш зарурлигини эслатиб туради. БМТнинг бу ташаббуси, давлатлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, пандемияларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш учун глобал миқёсда самарали чоралар ишлаб чиқиш заруриятини таъкидлайди.
Шу билан бирга, Халқаро эпидемияга тайёргарлик куни бутун дунё бўйлаб, эпидемияларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишнинг муҳимлигини тарғиб қилиш, халқаро жамоатчиликни хабардор қилиш ва тиббиёт соҳасидаги билим алмашишнинг аҳамиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Эпидемияларга тайёргарлик кўришнинг самарали йўли нафақат тиббиёт инфратузилмасини кучайтириш, балки глобал соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамиятни огоҳ қилиш ва давлатлараро мутахассислар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Бу жараёнлар фақат саломатлик тизими учун эмас, балки глобал иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий тинчликни сақлашда ҳам катта аҳамиятга эга.
Пандемияларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш учун глобал миқёсдаги ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади. Бунда вирусларни кузатиш тизимларини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, аҳолининг соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш амалга оширилиши зарур.
Пандемияларга қарши курашиш учун бой мамлакатлар тиббий воситалар захирасини тўплаши ва назорат қилиши билан боғлиқ ахлоқий ва тиббий фалокатнинг олди олиниши муҳимдир. Ташхис қўйиш, даволаш ва вакциналардан фойдаланиш имкониятларини барча аҳолига етказиш пандемияларга қарши самарали курашнинг асосий шарти бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро миқёсдаги нуфузи ва молиявий барқарорлигини ошириш масаласи ҳам долзарбдир. Бу ташкилотнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш глобал соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Пандемияларга қарши курашда барча давлатларнинг ҳамкорлиги ва масъулиятни бўлишиши жаҳон ҳамжамиятининг умумий мақсадига эришишда ҳал қилувчи омил бўлади.
БМТ тизими ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги COVID-19 пандемиясига тайёргарлик кўриш, унга жавоб бериш ва тикланиш масалаларидаги ҳамкорлик пандемия бошланганидан буён самарали давом этиб келган. Ушбу ҳамкорлик 2020 йилнинг январь ойида ЖССТ томонидан Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқиндан иш бошлаган даврдан бери изчил амалга оширилди.
ЖССТнинг ушбу фаолияти давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари томонидан илгари сурилган принциплар муҳим роль ўйнади. Хусусан, Олий комиссар COVID-19га қарши тиббий-ижтимоий чора-тадбирларни амалга оширишда жамоатчиликнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш муҳимлигини қатъий тавсия этди. Олий комиссарнинг таъкидлашича: “Эпидемияга қарши курашишнинг ягона самарали усули – бу жамият ишончини қозонишдир”.
Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишнинг аҳамияти пандемияга қарши курашда муваффақиятли жамоат саломатлиги сиёсатини шакллантиришда асосий омил сифатида қайд этилган. Бу тавсиялар Ўзбекистон ҳукумати ва ЖССТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда ўз аксини топган.
Ўз навбатида, ушбу омиллар нафақат касаллик тарқалишининг олдини олиш, балки жамиятдаги ишонч муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди. Мазкур ҳамкорлик доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, аҳолининг хабардорлигини ошириш ва инқироздан кейинги тикланишни таъминлашга қаратилган дастурлар Ўзбекистоннинг пандемия давридаги барқарорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Пандемия даврида Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун Россия, Жанубий Корея, Хитой ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан, шу жумладан телетиббиёт орқали мунтазам тажриба алмашиш йўлга қўйилди. Уларнинг энг илғор даволаш усуллари кенг қўлланилди.
Эпидемиологик вазият устидан халқаро амалиёт асосида самарали назорат ўрнатиш мақсадида барча зарур чоралар қабул қилинди.
Биринчидан, мамлакат миқёсида карантин тизими жорий қилинди. Шунингдек, аҳолининг масъулиятини ошириш учун қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритиш чоралари кўрилди. Хусусан, сохта ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик чоралари ҳам белгилаб қўйилди.
Иккинчидан, касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Учинчидан, таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ушбу соҳадаги барча муассасалар ўз фаолиятини масофадан туриб, онлайн режимда ташкил этди ва тўлиқ ҳажмда амалга оширди.
Тўртинчидан, аҳолини озиқ-овқат, дори-дармон, зарур тиббий буюмлар ва бошқа ҳаётий муҳим товарлар билан узлуксиз таъминлаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, имконияти чекланган, кам таъминланган ва эҳтиёжманд қатламларга беғараз манзилли ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Бу жараёнда нодавлат ташкилотлар, фуқаролик институтлари ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.
Бешинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди. Шу мақсадда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича фоизларни "музлатиш" ва солиқ "таътиллари" имконияти берилди. Импорт қилинадиган товарларга солиқ ва божхона божи ставкалари сезиларли даражада пасайтирилди.
Олтинчидан, ҳужжатлар, суғурта полислари кабиларни алмаштириш муддатларини бузганлик учун жавобгарликдан озод қилиш чоралари кўрилди. Чет эл фуқароларининг яшаш муддатларини бузганлик учун жарима солмасдан қолиш муддатлари узайтирилди.
Еттинчидан, хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини қайтариш чоралари кўрилди. Ўтган даврда бошқа мамлакатлардан 11 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинди.
Саккизинчидан, гуманитар ҳамкорлик амалга оширилди. Ўзбекистон пандемияга қарши курашда қатор давлатларга гуманитар ёрдам кўрсатилишида фаол сиёсат олиб борди.
Тўққизинчидан, барча чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига қатъий мувофиқ амалга оширилди. Бу борада 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, хусусан, уларда инсон ҳуқуқларини чеклаш чегаралари аниқ белгиланди.
Коронавирус (COVID-19) пандемияси асосий юқумли касалликлар ва эпидемияларнинг инсонлар ҳаёти, узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий тараққиётга етказиши мумкин бўлган ҳалокатли оқибатларининг мисолидир. Ушбу пандемия, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал инқирозлар ва ҳаддан ташқари юкланган соғлиқни сақлаш тизимлари учун ортиқча босим бўлди.
Бу касаллик нафақат одамларнинг, балки аёллар ва болаларнинг тирикчилигига ҳам, энг қашшоқ ва энг заиф мамлакатларнинг иқтисодиётига ҳам номутаносиб кучли таъсир кўрсатди. Вируснинг салбий таъсири заиф гуруҳларга мансуб бўлган ёки заиф аҳволда бўлган одамларни хавф остига қўйди.
Шу сабабли бундай гуруҳларга эҳтиёж сезаган мустаҳкам ва барқарор соғлиқни сақлаш тизимларига алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлди. Зеро, соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш, хусусан, аёллар ва болалар каби заиф гуруҳларни ҳимоя қилиш, пандемияларни бошқариш учун муҳим аҳамиятга эга.
Агар халқаро ҳамжамият пандемияларга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кучайтирмаса, келажакдаги эпидемиялар олдинги эпидемиялардан анча жиддий ва тезкор бўлиши мумкин. Шунинг учун маҳаллий, миллий, минтақавий ва глобал даражаларда эпидемияларга тайёргарлик, маълумот алмашиш, илмий билим ва илғор тажрибаларни ўрганиш, сифатли таълим ва маърифий дастурларни амалга ошириш, пандемияларнинг олдини олиш ва уларга самарали жавоб бериш учун энг муҳим чоралардир.
Эпидемияларга қарши курашда асосий хизматларни тўхтатишнинг олдини олиш ва эпидемияларни тезкор ва самарали тарзда бошқариш жуда муҳим. Эпидемияга нисбатан жавоб бериш чораларини кучайтириш, одамларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳайвонлар ва ўсимликлар саломатлигини таъминлаш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилишни ўз ичига олган “Ягона саломатлик” ёндашуви зарурлигини кўрсатади. Бу комплекс ёндашув ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини, ҳам табиий муҳитнинг сақланишини таъминлашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, эпидемияларга қарши курашда гендер муаммоларни инобатга олиш керак. Эпидемияга қарши курашнинг барча босқичларида гендер нуқтаи назарини ҳисобга олган ҳолда, барча одамлар, ҳамжамиятлар, давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида шериклик ва бирдамликни таъминлаш зарур.
Халқаро ҳамкорлик ва кўп томонлама ёндашув пандемияларни самарали бошқариш ва уларга қарши курашишда муҳим роль ўйнайди. БМТ тизими, хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ўзининг мандатига мувофиқ эпидемияларга жавоб чораларини мувофиқлаштиришда ва 2030 йилгача бўлган даврда кун тартибини амалга оширишда марказий ўринда туради.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал қилишда ҳукуматларнинг марказий роли, шунингдек, тегишли манфаатдор томонлар, айниқса тиббиёт ходимларининг кўпчилигини ташкил этувчи аёлларнинг беқиёс ҳиссасини эътироф этиш зарур. Аёлларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги меҳнати, пандемиялар даврида ўз жонини хавф остига қўйиши ва хизматларини давом эттириши, бутун дунё миқёсида эътирофга лойиқ.
БМТга аъзо давлатлар, шунингдек, аҳолининг заиф гуруҳларига мансуб бўлган ёки эпидемия пайтида юқиш хавфи энг юқори бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда тенглик ва камситмаслик асосида кенг қамровли иштирокни таъминлашга содиқлигини таъкидлайдилар. Бунда заиф гуруҳларни, жумладан, қариялар, болалар, ногиронлар, миграция қилган шахслар ва қашшоқ аҳоли қатламларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланиши керак. Эпидемиялар даврида бу гуруҳлар энг кўп зарар кўрадиганлар бўлиб, шунинг учун уларга алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур.
Шу муносабат билан, БМТ Бош Ассамблеяси, барча аъзо давлатлар, БМТ тизимидаги ташкилотлар, глобал ва минтақавий ташкилотлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятини, шу жумладан нодавлат ташкилотлар, таълим муассасалари, алоҳида шахслар ва бошқа тегишли манфаатдор томонларни ҳар йили Халқаро эпидемияга қарши тайёргарлик кунини ўтказишга чақирди. Бу кунда тегишли тарзда ва миллий шарт-шароитларга мувофиқ равишда маърифий ишлар ва хабардорликни ошириш тадбирларини ўтказиш орқали эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш ва уларга қарши курашиш учун ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш муҳимлигини ёритиш лозим.
Халқаро эпидемияга қарши тайёргарлик куни глобал ва миллий миқёсда эпидемияларнинг олдини олиш, уларга самарали жавоб бериш ва пандемияларга тайёрлик даражасини оширишга ёрдам беради. Шу билан бирга, эпидемияларни бошқариш, уларга тайёргарлик кўриш ва уларга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик ва кўп томонлама ёндашув муҳим аҳамиятга эга.
Мухтасар айтганда, бу борадаги барча ташаббуслар, бир-бирини тўлдирган ҳолда ва биргаликда амалга оширилганда, эпидемияга қарши самарали кураш чораларини кучайтиришга ёрдам беради. Муҳими, эпидемияларга қарши глобал ва миллий стратегияларни шакллантиришда ҳар бир мамлакат, ташкилот ва жамоа ўз ҳиссасини қўшиши тпқозо этилади.
Иқболбек Абдумажидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 27.12.2024
- Кўришлар: 696
- Чоп этиш