Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддаси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари ва Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги ПҚ-4056 қарори билан берилган ваколатлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган.
Таҳлилларга эътибор қаратсак, 2024 йилда Марказга жами 1455 та (2023 йилда 1430 та келиб тушган) мурожаатлар келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 41 таси аноним мурожаатлар ҳисобланганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни 3,6 ва 29-моддаларига биноан кўрмасдан қолдирилди.
2024 йил давомида Марказ қабулхонасида жами 600 нафардан ортиқ фуқаролар қабул қилинган бўлиб, шундан 506 нафар фуқароларнинг ёзма мурожаатлари иш юритишга қабул қилинган. 100 нафарга яқин фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
1211 та мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган, шундан 203 та мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 506 таси (35,8%) фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 908 таси (64,2%) алоқа воситалари (асосан почта алоқа тармоғи орқали). 47 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Виртуал қабулхоналари орқали, 239 та мурожаат Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни ташкил қилади.
Мурожаат муаллифлари жинси бўйича таҳлил қилинганда, 690 нафар (65,7%) эркак ва 657 нафар (46,4%) аёл томонидан юборилган ҳамда 67 таси (0,04%) жамоавий келиб тушган мурожаатлар ташкил қилади. Мурожаатларнинг 1210 таси (85,5%) ариза, 199 таси (14%) шикоят ва 5 таси (0,03%) таклифлардир.
Ҳудудлар кесимида таққосланганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушганлигини кўриш мумкин. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Андижон вилоятлари аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар сони камайган.
Яъни, мурожаатларнинг:
419 таси (28,8%) Тошкент шаҳри;
244 таси (16,7%) Қашқадарё;
241 таси (16,5%) Тошкент;
84 таси (0,06%) Самарқанд;
72 таси (0,05%) Фарғона;
65 таси ёки 0,04% Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 686 таси (48,5%) ижтимоий-иқтисодий, 563 таси (39,8%) шахсий, 145 таси (10%) сиёсий ҳуқуқларга ва 20 таси маданий ҳуқуқларга оид мурожаатларни ташкил қилади.
Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг:
· 237 таси – фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига тааллуқли;
· 129 таси – суриштирув ва дастлабки тергов органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан, шунингдек, қарорларидан норозилик;
· 169 таси – маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларидан билан боғлиқ;
· 297 таси – бошқа давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ;
· 88 таси – муносиб турмуш кечиришга доир;
· 135 таси – давлат органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ;
· 224 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига доир;
· 57 таси – суд қарорлари ижроси билан боғлиқ мурожаатлардир.
Мониторинг натижасида, ўтган йиллардаги каби, таҳлил қилинаётган даврда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп келиб тушганлиги маълум бўлди.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2024 йил давомида юборилган 420 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида:
- 85 та мурожаат қаноатлантирилди яъни, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди ва қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам берилди;
- 203 та ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Судларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кузатиш мақсадида жами 14 та суд жараёнларида Марказ вакили иштирок этди.
Бундан ташқари, 2024 йил давомида телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 3650 нафардан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Миллий марказга оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Фуқароларни Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида Тошкент вилояти, Оҳангарон туманида учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Миллий марказ киритган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам тикланмоқда. Бу жараёнда мурожаат эгаларига моддий зарар ундириб берилиши таъминланган ҳолатлар анчагина.
Хусусан:
· фуқаро Ф.Х.га – “Тоза ҳудуд” ДУКдан жами 3.034.955 сўм миқдоридаги иш ҳақи;
· фуқаро Б.У.га – қарздор М.Б.дан 2,9 млн. сўм алимент пули;
· пенсионер С.М.га 1,2 млн. сўм пенсия пули;
· фуқаро Х.Б.га – қарздор Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан 744,5 млн сўм компенсация пуллари;
· фуқаро И.Н.га – қарздор А.Ж.дан 2 млн сўм алимент пули ундириб берилган.
Миллий марказ тавсияси асосида ҳуқуқи тикланган ҳамда ҳуқуқлари рўёбга чиқарилган фуқаролардан миннатдорчилик хатлари келиб тушмоқда. Масалан, Марказ томонидан Тошкент вилоят ҳокимлигига киритган тавсиясига мувофиқ, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси А.А.га 1 хонали уй ажратилганлиги учун фуқаро Марказ раҳбариятига ўз “Миннатдорчилик хати”ни юборган.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро С.Х.нинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига киритилган тавсия хатига биноан, С.Х. Марказнинг ҳудудий филиалига ўз лавозимига тикланган.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг аввало, бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланишида Миллий марказнинг амалий кўмаги тегаётганининг ўзи катта ишдир.
Мамлакатимизда одил судловни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши Жиноят-процессуал кодекси ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституциянинг 54-моддасида, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир, деб белгиланган.
Суд органлари ана шу мақсадни рўёбга чиқаришда асосий вазифани ўтайди ва бузилган ҳуқуқларни тиклашни кафолатлайди.
Конституциянинг 55-моддасида “ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дейилган. Шунингдек, Конституцияда “ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”, деб белгиланди.
Конституциянинг 133-моддасига “Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли” деган янги норма киритилганлиги судда жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим имконият яратди.
Эндиликда, фуқаролар ва юридик шахслар судда ҳимояланишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлгач, бевосита Конституциявий судга унга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида шикоят қилишга ҳақли.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга кўра, Конституциявий суднинг асосий ваколатларидан бири қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш ҳисобланади. Яъни, бу ҳолатда Конституциявий суд аниқ бир инсон ёки юридик шахснинг важларини инобатга олган ҳолда тегишли қонун нормасининг Конституцияга мувофиқлигига баҳо бериши лозим бўлади.
Шунингдек, 2021 йил 28 апрелдан қонуний кучга кирган янги таҳрирдаги Конституциявий қонунга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Миллий марказга берилган ушбу ваколатлар доирасида жорий йилнинг 19 июнь куни фуқаро К.Э.нинг мурожаатини ўрганиб чиқиш натижасига кўра “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига расмий шарҳ бериш тўғрисида мурожаат киритилди.
Конституциявий суднинг тегишли қарори билан мурожаат қаноатлантирилди ва қонунчилик нормасига шарҳ бериш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қонунчилик ҳужжатларида белгилаб берилган ваколатлар доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилишининг олдини олишда амалий ёрдам кўрсатади.
Отабек Норбоев,
Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 20.01.2025
- Кўришлар: 248
- Чоп этиш