Тиллар – жаҳон маданиятининг олий ютуғи

21 февраль — Халқаро она тили куни

 

ЮНЕСКО ташкилоти томонидан 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Мазкур сана 2001 йилдан буён халқаро миқёсда кенг нишонлаб келинмоқда.

Она тили – ҳар  бир  элатнинг, халқнинг,  миллатнинг  ўз  тили.  Она тили луғат таркиби, асосан, шу тилга мансуб халқнинг  турмуши,  маданияти ва анъаналарини ифодалайдиган сўз ва тушунчалардан иборат бўлади. Она тили тараққиёти ҳар бир элат, халқ ва миллатнинг ижтимоий ривожланиши билан узвий боғлиқдир.

Халқаро она тили кунининг мазмун-моҳиятида ҳар бир халқнинг ўз миллий тафаккури, маънавияти, руҳиятининг ўзагини ташкил этадиган тилга алоҳида муҳаббатнинг белгиси ўз аксини топади. Мазкур кун она тили байрами сифатида нишонланар экан, бу байрам муносабати билан ҳар бир инсоннинг ўз Ватани ва она тилига бўлган муҳаббат, эҳтиром, қадр ҳамда эъзоз туйғулари янгиланади.

Манбаларга кўра, ушбу халқаро сана 1952 йил 21 февралда ҳозирги Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида содир бўлган воқеаларни хотирлаш учун танланган. Ўша қайғули кунда бенгал тилини ҳимоя қилиш ва давлат тилларидан бири сифатида тан олиниши учун намойиш ўтказган талабалар полиция ўқларидан нобуд бўлган.

Шунинг учун 21 февраль – Бангладешда бенгал лисонига давлат тили мақомини бериш учун ҳаракат (Bengali Language Movement Day) куни ҳам ҳисобланади.

Айни сана дунёнинг турли давлатларидаги тил билан боғлиқ бошқа айрим воқеаларга ҳам дахлдор. Хусусан, 1990 йил 21 февраль – Эстонияда тил тўғрисида қонун қабул қилинган кундир.

ЮНEСКО ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги тахминан 6 минг тилнинг ярми яқинда ўз она тилида сўзлашув имкониятини йўқотиши мумкин. Чунки ҳозир ҳар икки ҳафтада дунёда битта тил йўқолиб бормоқда.

Тиллар йўқолиб кетишининг асосий сабабларидан бири – уларнинг ўз элтувчилар сони нотекис тақсимланганидадир. Жумладан, жаҳон ахолисининг 80 фоиз улушига 80 та тил тўғри келади, 3 минг 500 та тилга эса – Ер юзидаги аҳолининг атиги 0,2 фоизи тўғри келади.

Тиллар йўқолиб боришининг яна бир асосий сабаби – глобаллашув ва миграция жараёнларидир. Одамлар қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб кетади ва оқибатда ўз миллати тилини йўқотади.

Академик Акмал Саидовнинг фикрича, тиллар – жаҳон маданиятининг олий ютуғи бўлиб, инсониятнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий камолоти тарихини акс эттирувчи кўзгудир. Албатта, ҳар бир шахс ўз тилини танлаш ҳуқуқига, хоҳлаган тилда муомала қилиш ва таълим олиш ҳуқуқига эга. Лекин миллат бундай ҳуқуққа эга эмас.

Миллат учун тилни танлаш ҳуқуқи йўқ. Унинг учун фақат бир асосли тил борки, бу тилнинг йўқолиши миллатнинг ўзининг йўқ бўлиши билан баробар.

Шу ўринда “миллат” ва “тил” тушунчаларининг ўзаро муносабатига тўхталиш лозим. Миллат (лотинча: “natio” – “қабила”, “халқ” сўзидан) – индустриал даврнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-сиёсий ва маънавий муштараклигидир.

“Миллат” тушунчасига қуйидаги икки асосий ёндашув мавжуд:

биринчидан, муайян давлат фуқароларининг сиёсий муштараклиги;

иккинчидан, ягона тил ва тафаккурга эга этник муштараклик (битта ёки бир нечта биргаликда яшайдиган этнослар турмуш кечиришининг шакли).

Халқаро ҳуқуқда миллат – миллий давлатнинг синоними ҳисобланади.

Яна бир жиҳат: тил – миллатни фарқлайдиган универсал белги ҳисобланмайди. Яъни, миллатнинг ноёблиги тил ноёблиги билан албатта бир хил бўлиши шарт эмас.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech