Инсон ҳуқуқлари бўйича жамоатчилик кенгаши қайта ташкил этилди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар фуқаролик жамияти институтлари, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари – кенг жамоатчилик вакиллари айни жараёнларга жалб қилингандагина кутилган самарани беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада катта аҳамият касб этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий маркази ҳузурида қайта ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши таъсис йиғилишида даставвал шу ҳақда сўз борди. 

Таъсис йиғилишида Жамоатчилик кенгашининг асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда келгусидаги режалари муҳокама қилинди. 

Жамоатчилик кенгаши марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва аҳолининг хабардорлигини ошириш соҳаларида жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорликни кенгайтиради. 

Нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик таъминланади. 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати тўғрисида марказ томонидан тайёрланган йиллик ҳисоботларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стратегиялар, шунингдек, марказ фаолиятининг таъсирини баҳолаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегиялар, миллий ҳаракат режалари ва бошқа чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда жамоатчилик кенгаши иштирок этади. 

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, марказ фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини кузатиб бориш ва таҳлил қилиш, марказ фаолияти шаффофлигини мониторинг қилиб бориш, марказ фаолияти билан боғлиқ давлат харидлари, бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнларини кузатиш каби йўналишларда иш олиб борилади.  

Жамоатчилик кенгаши йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 2020-2024 йилларда бажарилиши ҳолатига баҳо берилди. 

Шунингдек, марказ томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Миллий стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда Жамоатчилик кенгашининг фаолиятига оид ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, кенгашнинг низоми ва таркиби тасдиқланди. 

Жамоатчилик кенгаши таркиби мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, жумладан, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳисса қўшиб келаётган жамоатчилик вакиллари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, таълим ва фан соҳаси вакилларидан иборат.

Жамоатчилик билан ишлаш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг раиси этиб сайланди.

Йиғилиш якунида кенгаш аъзолари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тадбирлари самарасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида келишиб олди.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech