Муносабат

Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам тобора ўз нуфузини ошириб бормоқда. Мамлакатнинг халқаро майдондаги фаол ҳаракатлари, нуфузли саммитлар ва форумларга мезбонлик қилиши – бугунги замонавий ташқи сиёсатимиздаги янги йўналишларнинг яққол ифодасидир.
Шу маънода, янги тарихий босқич – Ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатида эътироф этиладиган кўҳна Самарқанд шаҳри илк бор ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити катта аҳамиятга эга воқеа бўлди. Мазкур саммит мамлакатимизнинг сиёсий барқарорлиги, очиқлик ва ҳамкорликка интилиши, халқаро майдонда ишончли шерик сифатида тан олинаётганининг амалдаги исботидир.
Саммит якуни бўйича қабул қилинган қўшма декларацияда минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт, транспорт йўлаклари, хавфсизлик масалалари каби кўплаб долзарб йўналишлар қамраб олинди.
Қайд этишимиз керак, муҳим ислоҳотлар, ташаббуслар, умуман минтақамиз ривожи замирида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, ташқи сиёсатдаги оқилона қарорлари бениҳоя муҳим рол ўйнамоқда. Бу фикрларни халқаро экспертлар, олимлари билдирмоқда. Эътироф этмоқда.
Нуфузли халқаро анжуман хорижий мутахассислар, жумладан, сиёсатшунослар, олимлар томонидан юқори баҳоланди.
Ўз навбатида, тарихий воқелик жаҳон матбуоти диққат марказида бўлди. Дунёдаги етакчи ахборот хизматлари жараённи кузатиб борди ва тезкор янгиликлар улашди. Бу эса, энг аввало, Ўзбекистонда сўз эркинлиги, ахборотга бўлган очиқ сиёсат муҳити ҳукмрон эканини кўрсатди.
Биринчи бор ташкил этилган ушбу тарихий саммит жараёнларини кузатиш ва кенг ёритиш мақсадида дунёнинг 20 дан зиёд мамлакатлари – Россия, Беларусь, Қозоғистон, Буюк Британия, Германия, Бельгия, Сербия, Қирғизистон ва Ирландия каби ўлкалардан 200 га яқин журналист Самарқандга келди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Боқий шаҳардаги “Samarkand Silk Road” туристик мажмуасида жам бўлган журналистлар “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити атрофлича ёритди. Ҳар соатда жонли эфирда чиқиш қилган, маҳаллий ва хорижий экспертлар билан суҳбатлар, интервьюлар уюштирганлар кўп бўлди.
Ўз ахборотларида воқеага турли нуқтаи назардан ёндашган медиа соҳаси мутахассислари долзарб масалаларга эътиборларини қаратган. Жумладан, “Associated Press” нашрида чоп этилган мақолада саммитда савдо, транспорт, энергия ва рақамли алоқаларни кучайтириш мақсадида янги стратегик шериклик эълон қилингани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен 12 миллиард евро миқдоридаги инвестиция пакети ҳақида маълум қилгани ҳам айни нашр орқали кенг оммалашди.
“The Guardian” ахборот портали эса “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитида инсон ҳуқуқларини марказий ўринга қўйилади” номли мақола чоп этиб, терроризмга қарши кураш, иқлим ва энергия алоқалари муҳокама қилинганини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев мазкур форум олдидан дунёга машҳур ахборот нашри – “Euronews”га берган интервьюсида Марказий Осиёнинг салоҳияти, жаҳоннинг етакчи давлатлари минтақамизга интилаётганига алоҳида тўхталган эди.
Дарҳақиқат, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ҳам икки минтақани бир-бирига яқиндан боғлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Ахборот-коммуникациялар соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўзининг ижобий натижасини бермоқда, ўзаро ҳамкорлик шаклланмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, “Euronews” телеканали “Самарқанддаги Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити тарихий минтақавий бирликни намоён этди” сарлавҳаси остида таҳлилий материал ҳам тайёрлади. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси Ғайрат Фозилов билан суҳбат ҳам ўтказди. Ўзбекистон мухбири ҳам ушбу телеканалга интервью берди.
Шунингдек, Самарқандда Германиянинг ZGF, Буюк Британиянинг “The Diplomat”, Бельгиянинг “Diplomatic World”, Озарбайжоннинг “Report AZ” ахборот агентликлари мухбирлари ҳам фаол ишлаганини эътироф этмишў лозим.
Масалан, биргина “France 24” нашри эълон қилган мақолада саммит мақсадлари ва Европа Иттифоқининг минтақага бўлган қизиқиши тўла очиб берилди.
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити доирасида ташкил этилган матбуот маркази халқаро андозалар даражасида ишлади. Ушбу марказ нафақат ахборот тарқатиш майдони, балки жаҳоннинг етакчи ОАВ вакиллари учун қулай, замонавий, юқори технологиялар билан жиҳозланган мулоқот масканига айланди.
Ўз навбатида, тезкор интернет алоқаси, мультимедиа ускуналари, таржимонлик хизмати, пресс-релизлар ва визуал материаллар билан таъминланган ахборот стендлари – буларнинг барчаси тадбирнинг халқаро ахборот майдонида тўғри ва тезкор ёритилишига хизмат қилди.
Эътиборга молик жиҳатлардан яна бири – журналистлар учун қулай транспорт, меҳмонхона хизмати, логистика ва юқори даражадаги ташкилотчилик бўлди. Улар нафақат тадбир жараёнида, балки Самарқанднинг маданий ва тарихий меросини ҳам кўздан кечириш имкониятига эга эди. Бу эса Ўзбекистоннинг “меҳмондўст ахборот сиёсати”ни янада намоён қилди.
Бундай юксак даражада ташкил этилган матбуот маркази нафақат саммитнинг ахборот жиҳатдан ёритилишига хизмат қилди, балки Ўзбекистоннинг халқаро журналистика билан мулоқотга очиқлигини, шаффофликка интилувчи давлат эканини ҳам тасдиқлади. Шунингдек, бу тажриба келгусидаги халқаро тадбирлар учун намуна бўла олади.
Нигора ХЎЖАЕВА,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлими бошлиғи,
ЎзА
- Қўшилди: 07.04.2025
- Кўришлар: 320
- Чоп этиш