Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида 9 апрель куни “Болаларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш: жаҳон ташаббуслари ва Ўзбекистоннинг истиқболдаги имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Қонунчиликни такомиллаштириш, таъсирчан ҳимоя механизмларини жорий этиш, Барқарор ривожланиш мақсадлари – 2030 доирасида миллий стратегиялар ва давлат дастурларини амалга ошириш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонликка барҳам беришга қаратилган “Богота ҳаракатлар чақируви” глобал ташаббусига Ўзбекистоннинг қўшилиши каби мавзулар муҳокама қилинди.
2024 йилда қабул қилинган "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек, уни амалиётга татбиқ этиш, жумладан, эрта ёрдам кўрсатиш хизматлари ва комплекс қўллаб-қувватлаш дастурларини яратиш бўйича таклифларга алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатини бирлаштирган ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича аниқ кун тартибини таклиф этаётган Богота ҳаракатлар чақирувига содиқлигини расман тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзида “болалар учун хавфсиз муҳит яратмасдан туриб, мамлакатни барқарор ривожлантириш мумкин эмаслигини таъкидлади. Бугунги мулоқот шунчаки фикр алмашиш эмас, балки жамоавий масъулиятимиз ифодасидир. Болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш орқали биз бутун жамиятнинг келажагини мустаҳкамлаймиз. Бугунги мулоқот тармоқлараро масъулият ва халқаро ҳамжиҳатлик учун мустаҳкам замин яратади”.
Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўз нутқида "Боғота чақирувига қўшилиш – бу жамият ва халқаро ҳамкорлар учун аниқ белги: биз тизимли ўзгаришларга тайёрмиз. Ўзбекистонда ҳар бир бола ўзини хавфсиз ҳис қилиши ва унинг овози эшитилиши керак. Ва айнан биз, катталар, давлат институтлари, халқаро ташкилотлар ва жамият бу ҳуқуқнинг фақат қоғозда эмас, балки амалда ҳимоя қилиниши учун масъулмиз." Шунингдек, самарали ҳимоя тизимини яратиш барқарор, секторлараро ёндашувни ҳамда болалар ва оилаларнинг қўллаб-қувватлаш, хизматлар ва маълумотлардан реал фойдаланишни талаб қилиши таъкидланди.
БМТ Бош котибининг махсус вакили Нажат Маала ўз нутқида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлган хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Бу жасорат, қатъиятлилик ва ҳамжиҳатликни талаб қиладиган йўлдир. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз ҳар бир мамлакатда, ҳар бир уйда, ҳар бир мактабда болаларга нисбатан зўравонликка чек қўя оламиз.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг болаларни ҳимоя қилиш борасидаги сиёсий иродаси ва аниқ қадамлари учун миннатдорлик билдирди: “Боғота чақируви шунчаки ташаббус эмас, балки глобал мажбуриятдир. Ва мен Ўзбекистон уни амалий ҳаракатлар учун қўлланма сифатида қабул қилаётганини мамнуният билан кўриб турибман. Ҳар бир болани ҳимоя қилиш тинчлик, барқарорлик ва инсон қадр-қимматига эришиш йўлидир”.
Давра суҳбати якунлари бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди. Аниқ кўрсаткичлар ва идоралараро амалга ошириш механизмлари келтирилган Богота ҳаракатлар чақируви доирасидаги Миллий ҳаракатлар режасини тайёрлаш, қонунчилик асосларини ва болаларнинг зарур хизматлардан фойдаланишини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, профилактика, жавоб бериш ва реабилитация тизимини мустаҳкамлаш, энг яхши амалиётларни жорий этиш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар шулар жумласидан.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 10.04.2025
- Кўришлар: 401
- Чоп этиш