Янги Ўзбекистонда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари

Ҳар қандай жамият ва мамлакат равнақи унинг иштирокчилари, яъни фуқаролар саъй-ҳаракати билан амалга ошади. Бу жараёнда эса жамоатчилик назорати алоҳида ўрин тутади. Айниқса, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.

Шу маънода, бундан 7 йил илгари мамлакатимизда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилингани муҳим воқеадир. Ушбу қонун 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган бўлиб, 2021 йил 21 апрелдаги қонун билан унга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Кўплаб ривожланган мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган бундай яхлит қонуннинг қабул қилиниши кенг жамоатчилик томонидан ижобий кутиб олинди. Аксарият экспертларнинг фикрича, айни қонун тегишли йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Қонун билан жамоатчилик назоратининг субъектлари, уни амалга ошириш шакллари ва ҳуқуқий механизмлари аниқ белгилаб берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари – жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланади.

Жамоатчилик назорати, қонуннинг 3-моддасида белгиланганидек, жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Қонуннинг 4-моддасида жамоатчилик назоратининг объектлари санаб ўтилган. Унга кўра, давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг:

  • қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга;

  • фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг ижро этилишини таъминлашга;

  • ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажаришга;

  • давлат хизматларини кўрсатишга;

  • ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти жамоатчилик назоратининг объектидир.

Қонуннинг 5-моддасида жамоатчилик назоратининг 7 та асосий принципи мустаҳкамлаб қўйилган. Булар:

қонунийлик;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;

жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этишнинг ихтиёрийлиги;

жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги;

жамоатчилик назорати субъектларининг холислиги ва беғаразлиги;

жамоатчилик назорати натижаларининг ишончлилиги;

жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслиги.

Ўз навбатида, қонуннинг 6-моддасида қайд этилганидек, жамоатчилик назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар;

давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

жамоатчилик муҳокамаси;

жамоатчилик эшитуви;

жамоатчилик мониторинги;

жамоатчилик экспертизаси;

жамоатчилик фикрини ўрганиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш.

Жамоатчилик назоратининг ушбу шакллари айни вақтда барча давлат ташкилотлари фаолиятида тобора кенг қўлланилмоқда. Мисол учун, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг охирги йиғилишларида:

биринчидан, Миллий марказнинг 2024 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот эшитилди;

иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 2020-2024 йилларда бажарилиши ҳолатига баҳо берилди;

учинчидан, Миллий марказ томонидан «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Миллий стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди.

Бу ҳақда сўз борганда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бевосита 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдумида қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки, Конституциявий комиссия раиси академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани – Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси эканидан далолат беради.

Бинобарин, Асосий қонунимизнинг 9-моддасига мувофиқ, «Жамият  ва  давлат  ҳаётининг  энг  муҳим  масалалари  халқ  муҳокамасига  тақдим этилади, умумхалқ овозига — референдумга қўйилади».

Янги таҳрирдаги Конституцияда жамоатчилик назоратини кафолатлайдиган нормалар алоҳида ўрин тутади. Хусусан, 2-моддадаги қуйидаги нормаларнинг ўзиёқ юртимизда жамоатчилик – жамият ва фуқароларнинг мақоми нақадар юксаклигини яққол тасдиқлаб турибди: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат  қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».

Янада муҳими, «жамоатчилик назорати» тушунчаси янги таҳрирдаги Конституцияда конституциявий институт мақомига кўтарилди. Яъни, Бош қомусимизнинг 36-моддасига биноан:

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи  бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини  демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади. 

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади».

Шунингдек, Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларигажамоатчилик назоратининг асосий субъектларига бағишланган алоҳида «Фуқаролик жамияти институтлари» номли XIII боб киритилди. Асосий қонунимизнинг 69-моддасига кўра: «Фуқаролик  жамияти  институтлари,  шу  жумладан  жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини  ўзи  бошқариш  органлари,  оммавий  ахборот  воситалари  фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади».

Конституциянинг эски матнида «жамоат бирлашмалари» тушунчасига берилган таъриф янада аниқлаштирилди. Бош қомусимизнинг 70-моддаси жамоат бирлашмалари фаолиятини кафолатловчи норма билан тўлдирилди. Эндиликда ушбу конституциявий моддага биноан: «Ўзбекистон  Республикасида  касаба  уюшмалари,  сиёсий  партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар ташкилотлари, фахрийлар, ёшлар ва  ногиронлиги  бўлган  шахслар  ташкилотлари,  ижодий  уюшмалар, оммавий  ҳаракатлар  ҳамда  фуқароларнинг  бошқа  бирлашмалари  жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади».

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Конституциянинг 115-моддаси ўнинчи бандида ҳукуматнинг асосий ваколатларидан бири сифатида: «ижро ҳокимияти органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция кўринишларига қарши курашиш» вазифаси белгиланган. Бу, ўз навбатида, айни жараёнларда фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилишини ҳам назарда тутади.

Мазкур янги конституциявий нормалар фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиз ҳаётидаги ролини янада ошириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлишини тасдиқлайди. Бу бежиз эмас. Чунки маҳаллалар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги қамровдор ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишда беқиёс ўрин тутади.

Шунинг учун ҳам, фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий маконни кенгайтириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талабларидан келиб чиқиб, 2018 йил 12 апрелда «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Айни йўналишда, шунингдек, бир қатор қонунлар янги давр талаблари асосида такомиллаштирилди, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди ҳамда ижрога қаратилди.

Ўз навбатида, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ушбу соҳанинг жорий ва истиқболдаги устувор мақсадлари ҳамда асосий вазифалари белгилаб берилди. Бунда, авваламбор, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 1-мақсади «Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш», деб номланганига эътибор қаратиш зарур.

Айни вақтда бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла институти тизими тубдан янгиланиб ва давр руҳига мос равишда такомиллаштириб борилаётгани бунда алоҳида аҳамият касб этади.

Тараққиёт стратегиясининг 4-мақсади «Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш» деб номланган. Унда, хусусан, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш; вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини «Давлат – халқ хизматчиси» тамойили асосида фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш вазифалари белгиланган.

Энг асосийси, Тараққиёт стратегиясининг «Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» деб номланган 12-мақсадида бу борадаги бир қатор муҳим вазифалар назарда тутилган. Жумладан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш учун, хусусан, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари лойиҳаларини очиқ эълон қилиб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилаётгани аҳамиятлидир.

Мазкур йўналишда «Ўзбекистон–2030» стратегиясида ҳам муҳим мақсад ва вазифалар белгиланган. Бунга Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури яққол мисолдир.

Айниқса, «Ўзбекистон–2030» стратегиясидаги:

  • 74-мақсад – аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги «таянч кўприк»ка айлантириш;

  • 75-мақсад – маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқнинг чинакам «овози»га айлантириш;

  • 76-мақсад – маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйиш;

  • 77-мақсад – давлат хизматларини рақамлаштиришнинг кўламини кенгайтириш орқали аҳоли учун «Сервис давлат» тизимини жорий қилиш, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда бюрократик тартиботларга барҳам бериш;

  • 78-мақсад – давлат бошқаруви органлари фаолиятини «Халқ хизматидаги давлат» тамойили асосида ташкил этиш;

  • 79-мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини ошириш каби мақсадлар ижобатига қаратилган кўплаб чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Мухтасар айтганда, ҳозирги вақтда юртимизда жамоатчилик назоратининг қонуний  асослари  янада мустаҳкамланмоқда. Шу асосда жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шакллари, уларни амалга ошириш механизмлари изчил жорий этилаётгани жуда муҳим. Зеро, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «жамоатчилик назорати бу — фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир».

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech