Ажрашган аёлга собиқ турмуш ўртоғи уй-жой олиб бериши мажбурий бўлдими?

Бир оиланинг бузилиши, албатта, турли ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Қонуний ажрим, агар ўртада фарзанд бўлса, унинг таъминоти учун алимент ундириш ва албатта, уй-жой муаммоси ҳам ўртага чиқади.

Чунки, кўп ҳолларда қизлар турмушга чиққанидан кейин ота-онасининг уйидаги ўрнини маълум маънода йўқотади. Агар турмуш ўртоғи билан яшаш имконсиз бўлиб қолса, у энди аросатдаги одамга ўхшаб қолади.   

Кўп ҳолларда ажримдан кейин аёллар барибир ота-онасининг уйига бориб яшайди, ҳатто фарзандлари бўлса ҳам.   

Шу кунларда аҳоли орасида ажрашган аёлларга собиқ турмуш ўртоқлари томонидан уй-жой олиб берилиши мажбурий бўлгани ҳақидаги гаплар тарқалган. Бу қанчалик тўғри? Ахир уй-жой олиб беришга қурби етмайдиганлар ҳам бор, шундай эмасми?   

Бундай фикрлар 2025 йил 9 апрелда кучга кирган “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни нотўғри талқин қилишдан келиб чиққан.   

Хўш, қонунда бу ҳақда нима дейилган?   

Мазкур қонуннинг 2-моддаси билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.   

Демак, кўриниб турибдики, эр ажрашиб кетган аёлига уй-жой олиб бериши мажбурий, деган тушунча йўқ.

Янги норма никоҳдан ажралиб, турар жойсиз қолаётган шахслар ва фарзандларининг уй-жой билан боғлиқ масаласини ҳал этишга қаратилган. 

Сир эмаски, ажримдан кейин бошқа яшаш жойи бўлмаган шахслар, кўп ҳолларда аёллар фарзандлари билан собиқ турмуш ўртоғининг уйига суд қарори асосида мажбурий равишда киритиб қўйилиши амалиёти мавжуд.  

Шу ўринда нега оила ажрашишдек жар ёқасига келган, ўзи, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бунга бериладиган жавобларнинг аксариятида ўртадаги совуққонлик, эрнинг тазйиқ ва зўравонлик қилиши ёки оиладаги бошқа шахсларнинг аралашуви каби жиҳатларни келтириш мумкин.   

Аёл (ёки эркак) уйга мажбурий киритилса, бу ҳолатлар давом этмайдими? Албатта, давом этади. Ҳатто, олдингидан баттарроқ вазиятлар юзага келган ҳолатлар кам эмас.   

Сенатда тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда судларнинг тегишли қарори билан уй-жойга киритилган шахсларга нисбатан 6 жиноят ва турли кўринишдаги 58 маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уй-жойга мажбурий равишда киритилган шахсларга нисбатан содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича 161 ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Шунингдек, ҳимоя ордерларида белгиланган чекловларни бузганлиги учун 30 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.   

Шу сабабли ҳам эндиликда ажрашган, уй-жойга муҳтож бўлган аёлларнинг бу эҳтиёжи суд қарори асосида таъминланади. Яъни, эркак собиқ аёли ва болалари учун имкони бўлса, уй-жой олиб беради, имкони бўлмаса, уларнинг ижарада яшашига шароит яратади. Яъни, ижара ҳақини тўлаб боради.   

Қонун оиладаги низоларни ҳамда турар жой билан боғлиқ масалаларни қонуний асосда ҳал қилишга, шунингдек, аёллар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.   

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech