26 апрель – Халқаро интеллектуал мулк ҳуқуқи куни
Илм-фан, технологиялар ва маданиятнинг жадал ривожланиши шароитида интеллектуал мулк ҳуқуқий ҳимояси масалалари алоҳида долзарблик касб этмоқда. Интеллектуал мулк замонавий жамиятнинг энг муҳим ресурсларидан бири бўлиб, у ижодий ва ихтирочилик фаолияти натижаларининг эътироф этилиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаш билан бирга, иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликка ҳисса қўшади.
Халқаро ҳамжамият интеллектуал мулк ҳуқуқий ҳимояси тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шу йўналишда муҳим тадбирлардан бири – ҳар йили 26 апрель куни нишонланадиган Халқаро интеллектуал мулк куни ҳисобланади.
Инсон тафаккурининг маҳсули бўлган фан, адабиёт, санъат асарлари ҳамда саноат намуналарининг ҳуқуқий ҳимояси ҳар бир мамлакатда таъминланади. Ушбу тоифадаги асар ва ишланмалардан дунё жамоатчилиги кенг фойдаланиши учун эса халқаро келишув ва битимлар асосида уларни бошқа давлатларда ҳам қўллаш имконияти яратилган.
Бу жараённи тартибга солиш ва муҳофаза қилиш мақсадида миллий ва халқаро-ҳуқуқий асослар ҳамда самарали механизмлар ишлаб чиқилган. Шунингдек, давлатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун универсал халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ташкил этилган.
Ҳар қандай мамлакатнинг ривожланганлик даражаси ундаги интеллектуал мулкнинг ривожланганлик даражасига қараб белгиланади. Шунинг учун барча мамлакатларда ўз интеллектуал мулкини ривожлантириш борасида, айниқса, бу мулкнинг давлатда ва бутун дунёда ҳимояланишига катта эътибор қаратилади.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) – 1967 йил 14 июлда Стокголм шаҳрида имзоланган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотини ташкил этиш ҳақидаги конвенция асосида тузилган ҳукуматлараро халқаро ташкилотдир. Ушбу ташкилот 1974 йил декабрь ойида БМТнинг ҳукуматлараро халқаро ташкилоти, деган махсус мақомни олган.
БИМТнинг вазифаси – дунёда давлатлар ўртасида келишув ва битимлар асосида интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни мувофиқлаштириш ҳамда шу соҳадаги турли шартнома ва конвенцияларнинг маъмурий бошқарувини таъминлашдан иборат. Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ давлати ушбу ташкилотнинг аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон 1991 йил 25 декабрдан мазкур Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосидир. Бугунги кунда мамлакатимиз БИМТнинг 14 та халқаро ҳужжатини тасдиқлаган.
БИМТга аъзо давлатлар томонидан 2000 йилда Халқаро интеллектуал мулк кунини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Байрам санаси сифатида 1970 йилда БИМТ Конвенцияси кучга кирган 26 апрель куни белгиланди. Ушбу куннинг асосий мақсади интеллектуал мулкнинг маданият, фан, санъат, технология ва иқтисодиёт ривожланишидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишдир.
Интеллектуал мулк — инсон ижодий фаолияти натижаси бўлиб, у ихтиролар, адабий ва санъат асарлари, саноат намуналари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, тижорат белгиси ва бошқа объектларни қамраб олади.
Интеллектуал мулк деганда, инсоният томонидан турли даврларда ўзининг ақл-заковати, билим ва истеъдоди ёрдамида кундалик эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда яратилган ижод маҳсулотлари ва ғоявий мулклар тушунилади. Бунга замонавий технологиялар, фан, адабиёт, саноат, кимё ва бошқа соҳаларда вужудга келган янгиликлар ва ишланмаларни мисол келтириш мумкин.
Инсон тафаккури маҳсули бўлган бундай мулкларни ҳимоя қилиш, уларни оммага етказиш, молиявий қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини давом эттириш масаласи йилдан-йилга долзарб тус олмоқда. Айниқса, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бугунги кунда муҳим масалага айланган.
Шу сабабли интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш ва келажакда уларнинг олдини олиш борасида дунё ҳамжамияти илмий изланишлар олиб бориши ва амалий ечимлар ишлаб чиқиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳар йили 26 апрель куни жаҳон миқёсида Халқаро интеллектуал мулк кунининг нишонланишидан асосий мақсад – интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, ҳар бир яратмани бутун дунё тараққиётига ҳисса қўшишини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Мамлакатимизда хорижий давлатлардаги каби интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга сезиларли даражада талаб ортиб бормоқда. Муаллифлар, ижодкорлар, идрокий ижод вакиллари интеллектуал мулкни қимматли бойлик каби ҳимоя қилиш, унга эгалик қилиш ва ривожлантириш каби масалаларнинг туб моҳиятини аллақачон англаб етмоқдалар.
Ҳуқуқий нуқтаи назардан интеллектуал мулк икки асосий тоифага бўлинади:
-
Саноат мулки: патентлар, товар белгилари, саноат намуналари, географик кўрсаткичлар ва тижорат сири;
-
Муаллифлик ва унга дахлдор ҳуқуқлар: адабиёт, санъат, мусиқа, кино асарлари, компьютер дастурлари ва маълумот базалари.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш инновацион ва ижодий фаолиятни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу муаллифлар ва ихтирочиларга ўз меҳнати натижасидан манфаат кўриш ва уни эътироф эттириш имконини беради.
Шунингдек, илмий тадқиқотлар ва янги ишланмаларни ривожлантириш учун қулай шароит яратади. Самарали интеллектуал мулк тизими инвестициялар жалб қилиш, янги технологиялар ишлаб чиқиш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш ва маданий алмашинувни кенгайтиришга хизмат қилади.
Интеллектуал мулк қуйидаги асосий турларга бўлинади:
-
Патентлар — ихтиро ёки фойдали модель учун бериладиган махсус ҳуқуқ.
-
Муаллифлик ҳуқуқи — адабиёт, санъат, мусиқа, кино, компьютер дастурлари ва бошқалар учун ҳимоя.
-
Товар белгилари — маҳсулот ва хизматларни бошқаларникидан ажратиб турадиган белги.
-
Саноат намуналари — маҳсулотларнинг ташқи кўриниши.
-
Географик кўрсаткичлар ва келиб чиқиш номлари — маҳсулотнинг географик келиб чиқишини кўрсатувчи белгилар.
-
Тижорат сири — ошкор қилиниши тақиқланган тижорат маълумотлари.
Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳуқуқий муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада сўнгги йилларда интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг яратувчилари манфаатларини таъминлаш ва ушбу соҳада халқаро талабларга мос механизмларни жорий этиш мақсадида қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан:
-
Ўзбекистон Президенти 2021 йил 28 январда қабул қилган “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор;
-
2021 йил 20 августда қабул қилинган “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун;
-
2022 йил 2 февралда қабул қилинган “Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун;
-
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси;
-
Президентнинг 2019 йил 1 июль ва 8 февралдаги қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқининг тўлиқ қонуний асосда ҳимоя қилиниши кафолатланган.
Бундан ташқари, давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро шартнома ва битимлар тузилган бўлиб, уларга изчил амал қилиб келинмоқда. Мазкур ҳужжатлар илмий-техникавий ишланмаларни чет элда муҳофаза қилишга ва экспортчиларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига ёрдам бериш, чет эл инвестицияларини миллий саноатга жалб қилишга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз халқаро майдонда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиши йўлида ютуқларга ва барқарор натижаларга эришишини таъминлайди.
Мусиқа ҳаётимизнинг барча жабҳаларида мавжуд бўлиб, интеллектуал мулк ҳуқуқлари эса унинг янги соҳаларга кириб боришига замин яратади. Кинематография, кўнгилочар саноат, технологиялар, мода, видеоўйинлар, истеъмол маҳсулотлари — бу каби барча соҳаларда интеллектуал мулк ҳуқуқлари мусиқа билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамоҳангликни таъминлаб, бир неча секторни қамраб олган синергия ва инновациялар учун имкониятлар яратади ҳамда иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.
Шу маънода, 2025 йилги Халқаро интеллектуал мулк куни ижодкорлик ва инновацион фаолиятнинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари билан қўллаб-қувватланиши орқали гуллаб-яшнаётган мусиқа саноатини қандай ривожлантираётганига эътибор қаратишга бағишлангани бежиз эмас. Бу сана бизга муаллифлар, ихтирочилар ва тадбиркорларнинг мусиқа саноатига янги ғоялар олиб кириши, қўшиқлар муаллифлари, бастакорлар, ижрочилар ҳамда мусиқага руҳ ва жон бағишлайдиган инсонлар асарларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш имконини берадиган сиёсат ва механизмлар ҳақида билиб олиш имконини тақдим этади.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро интеллектуал мулк куни инсоният ижодий ва илмий ютуқларининг ҳуқуқий ҳимояси муҳимлигини эслатиб турувчи халқаро сана ҳисобланади. Ушбу кун ижодкор ва ихтирочиларга миннатдорчилик билдириш, самарали ва мувозанатли интеллектуал мулк тизимини шакллантириш зарурлигини эслатиш, билимлар иқтисодиёти, маданият тараққиёти ва барқарор технологик ривожланишга замин яратиш мақсадида ташкил этилган.
Иқбол Абдумажидов,
Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида
халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 25.04.2025
- Кўришлар: 436
- Чоп этиш