ЭЗГУЛИК ЧАРОҒИ

(Ўзбекистонга эвакуация қилинган зиёлиларнинг дил изҳорлари)

 

Жорий йилда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси эълон қилган “2025 йил – Халқаро тинчлик ва ишонч йили”, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги тадбирлари билан уйғун ҳамда ҳамоҳанг нишонланмоқда. Муҳими, бундан кўзланган мақсад – Ватан ҳимояси йўлида мардонавор курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини муносиб равишда иззат-икром билан шарафлашдир.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг бир неча ҳужжатлари изма-из эълон қилинди. Бу ўринда, хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 25 февралда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медалини таъсис этиш тўғрисида”ги ва 19 февралда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари, шунингдек, “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳақида сўз бормоқда.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида фикр юритганда, даставвал, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилганини таъкидлаш лозим. Яъни, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. Шу юртдошларимизнинг 538 мингдан зиёди жангоҳларда ҳалок бўлган, 158 мингдан кўпроғи урушда бедарак кетган.

Жароҳат олган минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган.

Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган. Элимизнинг бундай жасорати, бағрикенглик, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали-ҳамон шон-шараф ва ибрат мактаби, ғурур-ифтихорнинг туганмас манбаи, барча давлатлар ва халқлар учун ўрнак намунаси бўлиб келмоқда.

Маълумки, рус адиби Александр Неверовнинг “Тошкент – нон шаҳри” қиссаси эълон қилингач, Ўзбекистон пойтахти кўпчиликни ўзига оҳанрабодек тортган. Германия қўшинлари собиқ Иттифоқ ғарбидаги катта ҳудудларни босиб олганидан кейин жонини сақлаш учун юртимизга талпинганлар беҳисоб бўлган.

Уруш йилларида собиқ Иттифоқда яшаган, Би-би-си ва “Санди таймс” газетасининг мухбири, таниқлии инглиз публицисти Александр Верт шундай деб эътироф этган: “Қандай қилиб бутун корхоналар ва миллионлаб одамлар Шарққа олиб чиқиб кетилгани, қандай қилиб тасаввур этиб бўлмайдиган машаққатли шароитларда корхоналарнинг ниҳоятда қисқа муддатда тиклангани ва 1942 йил мобайнида уларда ишлаб чиқаришнинг улкан даражада оширилганлиги тўғрисидаги қисса – бу, энг аввало, инсоннинг мисли кўрилмаган матонати тўғрисидаги қиссадир”.

Машҳур рус шоираси Юлия Друнина юртимиз пойтахтини “Тошкент – эзгулик юлдузи” деб таърифлаган:

Шаҳарлар фалакка учиб кетганда

Ва дарахтлар кўкка тик кўтарилганда,

Олисда улуғвор, кўҳна Тошкент

Эзгулик юлдузидек порлаб турарди.

Ҳа, у чиндан ҳам эзгулик юлдузи эди

Ва дунёда энг сахий шаҳар номин олганди.

Қаҳр кулфатига дучор аёлу болалар

У томон оқиб келаверарди.

Беларусдан эвакуация қилинган Елена Бобер ўша кунларни хотирлаб шундай деган: “Ўзбеклар бизга бирор нарса бўйича бирор марта таъна қилмаган. Улар жуда камбағал яшаркан, аммо ҳамиша топган-тутганини биз билан бўлишган. Ўшанда ҳеч ким миллатнинг фарқига бормаган. Ўзбеклар ёки руслар, украинлар ёки яҳудийлар бўлсин – биз ҳаммамиз оға-инни, опа-сингил эдик”.

Машҳур болалар ёзувчиси Корней Чуковский ўша воқеаларни шундай хотирлаган: “Авваллари ҳақиқатан ҳам ҳеч қачон бошқа миллатга, бошқа турмуш тарзига, бошқа тилга, бошқа табиатга, бошқа ўлкага мансуб одамлар қочоқларга чин юракдан муҳаббатини изҳор этганига ва ҳурмат кўрсатганига дуч келинмаган. Бу тарихда биринчи марта бўлмоқда. Халқлар дўстлиги қандай катта аҳамиятга эга эканлигини яхши билардим, аммо бу шу қадар ҳаяжонли, самимий, шу қадар нафис бўлиши мумкинлиги ҳаёлимга ҳам келмаганди”.

Исроиллик Марк Фукс уруш йилларида ўзбек халқининг яҳудий миллатига мансуб қочоқларга кўрсатган меҳр-оқибатини шундай баҳолаган: “Агар “жаҳоннинг тақводор халқи” номи берилиши керак бўлса, биринчи навбатда, бу олий унвонга ўзбек халқи муносибдир. Бутун бир халқнинг шундай меҳрибонлик фазилати ўта ноёблиги билан эркин дунё инсонпарварлик ҳамжамиятининг энг тўридан жой олиши учун кафолатдир. Ўзбекистоннинг умуман қочоқларни, шу жумладан, яҳудийларни бошпана билан таъминлаш, оёққа турғизиш, маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича ноёб тажрибаси инсониятнинг олтин фондидан жой олиши муқаррарлиги билан бирга бошқалар томонидан ўрганиш, таҳлил этиш, энг яхши маънода тақлид этиш учун ибратдир”.

Россиялик таниқли қўшиқчи Иосиф Кобзон ўзининг “Я сам себя судья” (“Ўзим ўзимга ҳакамман”) хотира асарида 4 ёшлигида оиласи билан Янгийўл шаҳрига кўчиб келган даврларни ёдга олган. Улар пахсали уйда хонадон эгалари билан бир хонада яшашган. Икки оилани фақат парда ажратиб турган. Бу хонадонда имконияти туғилиб қолганда ва тандирда нон ёпилганида байрам бўлиб кетган. Иосиф ҳали мактаб остонасидан ҳатламасиданоқ, жазирама пайтларда кўчада сув сотиб, оиласининг тирикчилигига ҳиссасини қўшган. Улар шаҳардаги ёғ-мой заводи олдида яшаганликлари учун кунжара олишга муваффақ бўлишган. Кунжарага гиёҳлар қўшиб нон пиширишган.

Ўша йилларни онаси Ўзбекистонга эвакуация қилинган Россия халқ артисти Юрий Стоянов шундай таърифлайди: “Онам ўзбек ўқитувчиси оиласига тушган, унинг еттита фарзанди бўлган. Менинг 1943 йилда мактабга бориш вақтим келганда, уйидан жой берган ўқитувчи яккаю ягона дастурхонидан сумка, унинг турмуш ўртоғи эса деразадаги биттагина пардадан кўйлак тикиб берган. Ҳақиқатан ҳам ўзбеклар – ноёб, доно, буюк ва жуда камтарин халқ”.

Машҳур болалар шоири Корней Чуковскийнинг гувоҳлик беришича, у “Тошкентга келиб, болалар уйларининг олдида бола олиш учун навбатда турган одамларни кўриб, ҳайратга тушган”.

Мана шу манзара рус ёзувчиси Константин Симоновнинг “Тириклар ва ўликлар” романида ҳам ўз ифодасини топган: “...оқшомларнинг бирида вокзал ёнидаги майдонда бир неча минг эвакуация қилинган болалар ётганини кўриш мумкин эди. Эрталаб эса ана шу очиқ майдонда тунаган минглаб болалардан ҳеч ким қолмабди: одамлар уларнинг ҳаммасини ўз қанотлари остига олишибди”.

Константин Симоновнинг шеърият ихлосмандлари орасида “Мени кутгил” (“Жди меня”) шеърини ҳам билмаганлар топилмаса керак. Фронт мухбири бўлган адиб томонидан 1941 йилнинг июлида битилган, Тошкентга эвакуация қилинган маҳбубасига бағишланган бу шеър биринчи марта унинг шу ерда 1942 йилда нашр қилинган “Лирик кундалик” тўпламидан “Сен билан ва сенсиз” деган сарлавҳа билан жой олган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак меҳр-мурувват ва оқибат кўрсатган Шоаҳмад ва Баҳри Шомаҳмудовлар жасоратини алоҳида қайд этар экан, “Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтган сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Бинобарин, бундан 80 йилча илгари машҳур рус шоираси Анна Ахматова шундай эътироф этган: “Миллий қадриятгина одамларни буюк дўстлик сари чорлаб, қалб ва тафаккурга садоқат ва жасорат туйғусини ҳадя этади, одамийликни улуғлашга имкон яратади. Инсонпарварликнинг юксак даражаси Шоаҳмад ва Баҳри аяларнинг қонимасмиди? Дунё остин-устун бўлаётган бир паллада шу кадар меҳрга зор норасидани яхши инсонлар қилиб етиштира олган бу икки зотни энг улуғ Ота ва энг улуғ Она дегимиз келмайдими?!”

Анна Ахматова ўз эсдаликларида яна шундай деб ёзган: “Бир заводда ёки кинофильм суратга олинаётган жойда ўзбек ва руслар, беларусь ва молдаванлар, украин ва поляклар, литвалик ва греклар, курдлар ва болгарларни учратиш мумкин эди. Немислар томонидан босиб олинган жойлардаги етим болалар эса бу ерда ўзларининг янги ота-оналарини топди. Азалдан кўп болали оилалар рус ва украин, молдаван ва поляк, грек ва болгар болаларини асраб оларди, уларга бошпана берарди, сўнгги бурда нони, қанди, пиёладаги сути, охирги қошиқ ошини баҳам кўрарди. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмайди деб ишонгинг келади...”

Қамалда қолган Ленинграддан Чистополь шаҳрига кўчирилган, душман бу ҳудудга ҳам бостириб кириш хавфи туғилгандан кейин минг азоб билан Тошкентга келишга муваффақ бўлган Анна Ахматова Ўзбекистонга бағишланган шеърида мадҳ этган:

Етти юз йил келмадим, бу ер

Ўзгармабди ҳеч қанча, бироқ...

Оқаётир Илоҳий меҳр

Ҳаёл етмас чўққиларда оҳ.

Турмуш ўртоғи отиб ташланган, ўғли қамоққа олинган Анна Ахматова ўша пайтда қатағонга учраган эди. Унинг Тошкентда битган “Мардлик” шеъри йигирма йиллик тақиқдан кейин биринчи марта марказий нашр - “Правда” газетасида 1942 йили эълон қилиниб, жуда машҳур бўлиб кетган.

Шу тариқа урушнинг 800 кунини Тошкентда ўтказган Анна Ахматова ўзини бағрига олган Ўзбекистонга, “сокин гўшаси, энг кўҳна уйи” деб атаган Тошкентга, унинг олижаноб инсонларига чуқур миннатдорчилигини изҳор этган:

Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,

Раҳмат ва хайр! – сизга, азизлар.

Дуррачамни силкийман кулиб,

Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий! – сизга азизлар.

Раҳмат, Тошкент! – кечир, мени кечиргил,

Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.

Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,

Ёш ва дилбар қора сочли оналар,

Ширин кулчалар тутган болалар,

Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!

Саккиз юз куним – мўъжизавий сас,

Шу мовийранг чексиз осмон остида,

Шу ложувард тубсиз уммон остида

Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,

Эй, оташин боғ...

Шоира ҳаётининг сўнгги йилларида оғир хасталиги туфайли ҳеч кимни олдига киргизмасликни буюрган. Анна Ахматова ўзини парвариш қилаётганларга бу тақиқига битта истиснони билдирган: “Агар Ўзбекистондан, Тошкентдан йўқлайдиганлар бўлса, тўхтовсиз дарҳол олдимга олиб киринг”.

Таниқли ўзбек адиби Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи ва «Ўзбекфильм» киностудиясининг «Сен етим эмассан» бадиий фильми яратилишига Шомаҳмудовлар оиласи ҳаёти асос бўлган. Бу оила шарафига Тошкентдаги "Халқлар дўстлиги" майдонида Халқлар дўстлиги монумента ўрнатилган. Шоаҳмад ота «Ҳурмат белгиси» ордени билан мукофотланган, Баҳри она эса «Қаҳрамон она» деб эътироф этилган. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Обиназар”, “Жарариқ” маҳаллалари ҳудудида жойлашган кўчага Шоаҳмад Шомаҳмудов номи берилган.

Оренбург давлат университети Жанубий Урал тарихи ва этнографияси имий-тадқиқот институти директори, тарих фанлари доктори Веналий Амелин таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Россия, Украина, Беларусь илмий-бадиий доираларининг энг истеъдодли зиёлиларини муққаррар ҳалокатдан сақлаб қолганини ёдда сақлаш муҳимдир. Шу билан бирга ана шу жойдан, фронтдан олисда жанггоҳларга қурол-аслаҳа узлуксиз етказиб турилди. Мамлакатнинг мудофаасига қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорчилик тарих хотирасида, уруш фожиасини бошидан ўтказганлар хотирасида абадул-абад қолади”.

Таниқли адабиётшунос Александр Дейч эса ўз эсдаликларида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Ҳамид Олимжоннинг эвакуация қилинган адибларга: “Биз Тошкент сизлар учун шунчаки вокзалнинг кутиш зали эмас, балки бутун умр хотирангизда қоладиган қадрдон уйингиз бўлишини истардик”, деган сўзларини келтирган.

«Фаввора-фильм” студиясининг таниқли журналист Борис Бобоев, режиссёр Ҳожимурод Валиев ва оператор Абдулла Тўлагановдан иборат ижодий гуруҳ томонидан суратга олинган “Тошкентнинг катта юраги” фильми ҳам ушбу мавзуга бағишланган.

Россия Фанлар академияси архиви Ахборот технологиялар лабораториясининг раҳбари, тарих фанлари номзоди Ирина Ильина шундай хотирлайди: “Ўзбекистондан бир умрга миннатдормиз. Уйимизга қайтиб келгандан кейин Тошкентда яшаган давримизга фикран доим мурожаат қилиб турганмиз. Уруш йилларидаги маиший муаммолар ўз йўлига. Ўйимизда эса ўша ўчмас, ўзига хос ва бой маданиятга, мафтункор табиатига эга Ўзбекистонда амалга оширган илмий тадқиқотларимиз. Бу хотирамизда мангу сақланиб қолади”.

Тошкентга уруш йилларида эвакуация қилинган Беларусь халқ шоири, академик Якуб Колас эса кўзида ёш билан Ўзбекистон “жигари” эканлигини изҳор этади:

Бир қилични бирга тоблаб,

Бирга бўлдик элга дармон.

Меҳринг бердинг нурга қоплаб,

Эй, жигарим, Ўзбекистон!

Яна нафас урди баҳор

Бизнинг она тупроққа ҳам.

Шу куй билан кўзимда нам:

Яхши қол, эй нурли диёр!

А.С.Пушкин номидаги Ленинград давлат университета тарих кафедраси профессори, тарих фанлари доктори Николай Козлов бу ҳақда шундай хотирлайди: “Ўзбекистон хотин-қизларининг мамлакат аёлларига эвакуация қилинган болаларга оналик меҳрини кўрсатиш даъватига минглаб оилалар ҳамдард бўлдилар. Улар темир йўл вокзалларига келиб, кўчириб келинган болаларни ўзлари билан олиб кетишарди. Бухоро вилоятидан эса оилалар асраб олиш учун болалар етишмаётганлигини, улар бошқа шаҳар ва вилоятларда қолган бўлса, ўзларига юборишларини сўраб мурожаат қилишган. Болаларни асраб олганлар уйларининг тўрини кўчириб келинганларга беришар, ўзлари оч бўлсалар ҳам сўнгги бурда нонини улар қўлига тутқазарди. Бирор оилада асраб олинган болалар билан боғлиқ можарони эшитмаганмиз”.

Машҳур ёзувчи Алексей Толстой ўзбек халқининг кўчириб келинган болаларга кўрсатган меҳрибонликларига шундай юқори баҳо берган: “Ўзбекистон эвакуация қилинган болаларни ўз бағрига олишнинг ташаббускори бўлди. Ўзбек халқи учун серфарзандлик, болаларга алоҳида меҳр билан муносабатда бўлиш хос. Улар болалар тўғрисида тўлқинланиб гапирадилар. Ишонамизки, Ўзбекистоннинг бу ташаббусини бошқа республикалар ҳам қўллаб-кувватлайди. Улуғ Ватанимизнинг биронта боласи ҳам “Мени олишмади. Мен мадорсиз ҳолда яшаш учун якка ўзим курашишга мажбур бўлдим”, деб ўксиниб, биздан гина қилмаслиги керак”.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов “Одамларни меҳр-оқибат бирлаштиради” тарихий ҳужжатли эссесида машҳур рус ёзувчиси ва драматурги, тўрт марта давлат мукофотига сазовор бўлган Николай Вирта уруш йилларида ўзбек халқининг бағрикенглигига миннатдорчилигини ҳайратга соларли даражада ифода этганини баён қилган. Николай Вирта балоғат ёшига етган бир қизи ва икки ўғли, бир неча неваралари бўла туриб, мол-мулкини дини, миллати, тили бўйича мутлақо бегона бўлган Абдуқаҳҳор Иброҳимовга васият қилиб қолдирган.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Бош директори биринчи ўринбосари Михаил Гусман эса Тошкентда 2019 йилда бўлиб ўтган Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг анъанавий анжуманида Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фронт орқасидаги жасоратини абадийлаштириш юзасидан қимматли фикрларни билдирганди.

Хулоса ўрнида айни шу эътирофни келтирамиз: “Ҳозир бизда буюк Ғалабага улкан ҳисса қўшган буюк қаҳрамон – шаҳарлар бор. Аммо, эҳтимол, камида икки шаҳарни “Фронторти қаҳрамон – шаҳарлари” деб атаса бўларди. Улар буюк жасорати учун Тошкент, шунингдек фронтни нефть билан таъминлаган Бокудир. Бу ғоя қандай амалга ошишини билмайман, аммо фикримча, бу икки шаҳар ана шу унвонга жуда муносиб”.

 

Акмал САИДОВ,

академик

“Jadid” газетасининг 2025 йил 9 майдаги 19-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech