Жаҳон телекоммуникация ва ахборот жамияти куни

Ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб келган: иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, ҳатто маданият ва ижтимоий муносабатлар ҳам ахборот асосида шаклланмоқда. Шу боис ҳар йили 17 май санасида нишонланадиган Жаҳон Телекоммуникация ва ахборот жамияти куни (World Telecommunication and Information Society Day) халқаро миқёсда кенг нишонланиши бежиз эмас.

Бу кун биринчидан Халқаро электр-алоқа иттифоқи (ХЭИ)нинг 1865 йил айнан шу куни Парижда ташкил топганини ёдга солса, бошқа томондан инсониятнинг АКТ соҳасида эришган ютуқлари, бу жараённинг глобал тараққиёт ҳамда барқарор ва инклюзив жамият қуришдаги ўрнини эътироф этади.

1969 йилдан бошлаб бу сана Жаҳон электр-алоқа куни сифатида эътироф этила бошланган. 2006 йилдан эса ХЭИ БМТ Бош Ассамблеяси билан ҳамкорликда бу байрам номини кенгайтириб, Жаҳон телекоммуникация ва ахборот жамияти куни, деб атади. Шу тариқа АКТ нафақат техник, балки ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланишдаги ўрни ҳам тан олинди.

XXI асрга келиб жамиятнинг янги модели – Ахборотлашган жамият шаклланди. Бу жамиятда ишлаб чиқариш воситаси ёки кучи энди асосан ер, меҳнат ёки капитал эмас, балки билим ва ахборот бўлиб қолмоқда. “Ахборот жамияти” термини дастлаб ўтган аср 60-йилларида пайдо бўлган ва бугун ҳаётга чуқур сингиб кетган ижтимоий-иқтисодий тизимни англатади.

Ахборотлашган жамиятнинг асосий белгилари қуйидагилар:

  • Ахборот ва билимнинг асосий ресурсга айланиши;
  • Иқтисодиётда хизмат соҳасининг устунлиги;
  • Ахборот-коммуникация технологияларига таянилган ишлаб чиқариш ва бошқарув тизими;
  • Глобал ахборот макони шаклланиши;
  • Ижтимоий эҳтиёжни қондиришда ахборот маҳсулоти ва хизматининг муҳим ўрни.

Хуллас, ахборотлашган жамиятда ҳаёт сифати фақат моддий бойлик эмас, балки билимга асосланган фаолият, эркин ахборот алмашинуви ва инсон салоҳияти намоён бўлиши билан баҳоланади.

Ўзбекистонда ахборотлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ахборотлаштириш “Юридик ва жисмоний шахснинг ахборотга эҳтиёжини қондириш учун ахборот ресурси, технологияси ва тизимидан фойдаланишга шароит яратишнинг ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий жараёни этиб белгиланган.

  • Бу жараён қуйидаги унсурлардан иборат:
  • Ахборот ресурси – электрон маълумот, база ва банк;
  • Ахборот технологиялари – маълумотни йиғиш, сақлаш, излаш, ишлов бериш ва узатиш усули;
  • Ахборот тизими – тизимли тартибда ташкил этилган ахборот инфратузилмаси.

Ўзбекистонда 2022-2026 йиллар учун рақамли тараққиёт стратегияси қабул қилиниб, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ ва молия тизимига рақамли технология жорий этилмоқда.

Глобал тус олган ахборотлаштириш жараёни қуйидаги асосий хусусиятларга эга:

  • Глобаллик – барча давлат ва жамиятилар шу жараёнга тортилган;
  • Изчиллик – тараққиёт кетма-кет босқичда амалга ошмоқда;
  • Юқори тезлик – технологик инновация жадал ривожланмоқда;
  • Очиқлик ва инклюзивлик – очиқ ахборот маконини яратиш талаб этилади;
  • Номарказлашув – ахборот ишлаб чиқариш ва тарқатиш марказий назоратдан чиқмоқда.

Бинобарин, айни жараён ҳам ўзига хос муаммолар келтириб чиқармоқда: рақамли тенгсизлик, ахборот хавфсизлиги, ахлоқий ва маданий таҳдид, сохта ахборот оқими (дезинформация). Шу сабабли давлат сиёсати нафақат технология тараққиёти, балки ахборот маданиятини ривожлантириш, рақамли саводхонликни ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро ахборот маконида тенг рақобат яратишишга ҳам қаратилиши зарур.

Жаҳон телекоммуникация ва ахборот жамияти куни бизга ахборот-коммуникация технологияларининг инсоният тараққиётидаги беқиёс ўрнини эслатади. У тараққиётнинг юраги, иқтисодий ўсишнинг асосий омили, ижтимоий адолатга олиб борувчи восита сифатида намоён бўлмоқда.

Шу ўринда айтиш жоиз, ахборот жамияти нафақат техник инфратузилма қуриш, балки инсон тафаккури ва маданиятини янги босқичга олиб чиқишни тақозо этади. Бунда ҳар бир давлат, ҳар бир ташкилот ва ҳар бир фуқаронинг ўрни беқиёс. Демак, бу кун фақат байрам эмас, балки келажакка масъулиятли нигоҳ ҳам.

Элёр САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича 

Ўзбекистон Республикаси 

Миллий маркази ходими

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech