19-21 май кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида XIII Петербург халқаро юридик форуми бўлиб ўтди. Бу галги анъанавий Форум “Ҳуқуқ: ўтмиш сабоқлари – келажак дунё учун” мавзусига бағишланди.
Халқаро анжуманда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан вакиллар қатнашди. Иштирокчилар таркиби асосан таниқли ҳуқуқшунос олимлар ва юридик ҳамжамият намояндалари, шунингдек, тадқиқотчи ва амалиётчи ҳуқуқшунослардан иборат бўлди.
Конференцияда муҳокама қилинган барча илмий-назарий масалалар марказида тинчлик ва барқарорлик, тарихий хотира ва келажакка ишонч тушунчалари турди. Бинобарин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2025 йил – Халқаро тинчлик ва ишонч йили, деб эълон қилинган. Ўз навбатида, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги нишонланаётган жорий йилни – Тинчлик ва нацизмга қарши курашда бирдамлик йили, деб эълон қилди.
Шу маънода, Петербург халқаро юридик форуми доирасидаги илмий мунозаралар аввалида инсоният тарихида энг қонли урушлардан бўлган Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаёқ башариятнинг ҳозирги тинч-омон ҳаёти учун мустаҳкам халқаро-ҳуқуқий пойдевор қўйилгани ҳақида сўз борди. Жумладан, қисқа вақт ичида БМТ Низоми ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, нацизмга нисбатан қатъий ва адолатли баҳо берилган Нюрнберг трибунали ҳукми эълон қилинди.
Бугунги кунда халқаро майдонда юзага келган ва тобора қалтис тус олаётган глобал беқарорлик ва ишончсизлик муҳитида узоқ йиллик синовлардан ўтган ана шу ҳуқуқий асослар шубҳа остига олиниши ва тафтиш қилиниши ҳолатлари кузатилмоқда. Шу муносабат билан Форум иштирокчилари МДҲга аъзо давлатларда бундай номақбул воқеликка муносиб жавоб бўладиган зарур ҳуқуқий воситаларни ишлаб чиқиш истиқболлари юзасидан ўзаро фикрлашдилар.
Юридик форум ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам қатнашди ва сўзга чиқди.
Академик А.Саидов БМТ тузилгач, унинг Низомида қайд этилган мақсад ва принциплардан бири сифатида иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар мазмундаги муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, инсон ҳуқуқларига ҳамда ирқи, жинси, тили, динидан қатъи назар, ҳеч қандай камситишларсиз, барчанинг асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни рағбатлантириш ва ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидлангани бежиз эмаслигига эътиборни қаратди. Чунки бу мақсаднинг илгари сурилиши Иккинчи жаҳон уруши арафасида ва уруш даврида оммавий тарзда ҳамда қўпол равишда инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларига нисбатан ўзига хос жавоб эди.
Ўша даврда, яъни 1948 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Муқаддимасида «Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги» белгилаб қўйилган. Ўз навбатида, ушбу Декларация тасдиқланишидан бир кун олдин – 1948 йил 9 декабрда қабул қилинган Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенцияда геноцид халқаро ҳуқуқ нормаларини бузадиган халқаро жиноятлар тоифасига киритилган.
Ўзбек ҳуқуқшуноси халқаро ҳуқуқнинг мавжуд архитектурасини сақлаб қолиш масаласи юзасидан ҳам ўз фикрларини баён этди. Бу борада бир қатор амалий таклифларни, жумладан:
биринчидан, МДҲнинг Халқаро ҳуқуқ бўйича комиссиясини тузиш;
иккинчидан, МДҲга аъзо давлатларнинг Конституцияларини нашр этиш ишларини қайта йўлга қўйиш;
учинчидан, халқаро ҳуқуқ ва МДҲга аъзо давлатлар конституциявий ҳуқуқи бўйича ўқув қўлланмалари чоп этиш;
тўртинчидан, БМТ шартномавий органларига сайловлар даврида МДҲга аъзо давлатларнинг дипломатик саъй-ҳаракатларини ўзаро уйғунлаштириш муҳимлигига доир таклиф-тавсияларини билдирди.
Маълумот учун: Петербург халқаро юридик форуми 2011 йилда ташкил этилган. Санкт-Петербургда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу форум фуқаролар, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш мақсадида қонунчилик ташаббусларини илгари суриш масалаларини профессионал муҳокама қилиш учун энг йирик ҳуқуқий платформалардан бири ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.05.2025
- Кўришлар: 200
- Чоп этиш