18 июль – Нельсон Мандела халқаро куни

Ҳар йили 18 июлда инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати, тенглик ва адолат учун курашган атоқли сиёсатчи Нельсон Мандела куни бутун дунёда кенг нишонланади.

Бу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 10 ноябрда Жанубий Африка раҳбарининг тинчлик ва озодлик учун қўшган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида таъсис этилган. Нельсон Мандела апартеидга қарши курашиш ва қамоқхонадаги инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун катта ҳисса қўшган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Нельсон Мандела халқаро кунига бағишланган турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Одатда, бундай тадбирлар доирасида Нельсон Мандела хотираси ёдга олинади ва қамоқхоналарда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот ва тажриба алмашинилади.

Шунингдек, Миллий марказ томонидан ўтган йили жойларда “Нельсон Мандела қоидалари” халқаро ўқув дастури билан танишиш бўйича ўқув қўлланмаси асосида қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш” мавзусида мутахассисларни тайёрлаш бўйича тўрт кунлик ўқув курси ўтказилди. Тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Машғулотлар 2023-2024 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида бўлиб ўтди. Бунда Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари вакилларини қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича халқаро стандартлар билан таништиришга эътибор қаратилди.

Машғулотларнинг илк куни Нельсон Мандела қоидаларини ўрганиш мақсадлари ҳақида сўз борди, маҳбуслар ҳолати ва қамоқхона шароитлари мавзуларида фикр алмашилди. Иккинчи кунда экспертлар қамоқхоналарни ташкиллаштириш ва бошқариш, маҳбусларнинг ахборот олиш, ариза ва шикоятлар бериш, ташқи дунё билан алоқа қилиш кафолатлари борасида маълумотлар берди.

Учинчи кун қамоқхоналарда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва таъсир чораларини кўриш мақсадида тинтув ўтказиш, куч, қурол ва тинчлантирувчи воситаларни ишлатиш, шунингдек, тергов борасида фикр-мулоҳазалар алмашинуви бўлиб ўтди. Бу жараёнлар билан боғлиқ чекловлар, интизом ва жазо чоралари қандай қўлланилиши ҳақида тушунчалар берилди.

Швеция, Испания каби давлатларнинг тажрибаси мисолида қамоқхоналарда юзага келадиган вазиятларга баҳо бериш, ходимлар ва маҳбусларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини ўрганиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Машғулотларнинг сўнгги кунида қамоқхоналарда тиббий-санитария таъминоти, руҳий саломатлик муаммолари, маҳкумларни реабилитация қилиш ва озодликка тайёрлаш каби муаммолар ўрганилди. Экспертлар жазони ижро этиш муассасалари ходимлари қай тартибда ўқитилиши, бунда қандай тизимлар жорий этилгани, маҳбуслар билан ўзаро муносабат масалаларига тўхталди.

Тўрт кунлик тренинг давомида тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантириш масаласи алоҳида диққат марказида бўлди. Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти юзасидан ҳам тингловчиларга атрофлича тушунча берилди.

Бундан ташқари, Миллий марказ ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида тизимли асосда ўтказилаётган ўқув курслари доирасида тингловчилар эътиборига “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”,  “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари”, “Нельсон Мандела қоидалари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида”, Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида БМТнинг Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидаларининг қўлланиши”, “Ўзбекистон Республикасининг жиноий-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришда халқаро стандартларни қўллаш” каби мавзулардаги маърузалар ҳавола этилади. Халқаро ва миллий экспертларнинг бу борадаги фикрлари тингланади.

Хусусан, 2025 йил 3-4 июль кунлари Миллий марказ томонидан Тошкент вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган икки кунлик тадбир давомида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”; “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”; “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”; “Қийноққа оид ишлари бўйича суд амалиёти”; “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусидаги маърузалар тингловчилар эътиборига тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундай ўқув курслари, ҳуқуқий-маърифий машғулотлар ва малака ошириш тадбирлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қийноқ ва инсон қадрини камситувчи ҳар қандай муомалага барҳам бериш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech