Элчилар эътирофи
Тимоти Смарт: Саккиз йиллик ислоҳот Ўзбекистоннинг мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги таъсирчан йўлни акс эттиради
– Саккиз йиллик ислоҳотлар даври Ўзбекистон ўз мавқеини мустаҳкамлаш йўлида танлаган йўлдан далолат беради, – дейди Буюк Британиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт. – Мамлакат жаҳон саҳнасига қандай ишонч билан кириб келаётгани, бутун Марказий Осиё минтақасига наф келтираётгани кишини ҳайратга солади. Айниқса, Ўзбекистоннинг таълим ва маданият соҳасидаги ютуқлари эътиборга лойиқ.
Пьергабриэле Пападиа де Боттини: Италия-Ўзбекистон стратегик шериклиги янги босқичга кўтарилди
– Ўтган йил мамлакатларимиз учун ҳақиқатан муҳим воқеаларга бой, ўта аҳамиятли йил бўлди, – деди икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболи хусусида Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Пьергабриэле Пападиа де Боттини. – Ўзаро муносабатларимиз тарихида илк бор шундай фаол дипломатик алмашинув амалга оширилди. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик янги босқичга кўтарилди. Бугунги глобал беқарорлик шароитида бу ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Италия ва Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Осиё ва жаҳон миқёсида ҳам конструктив мулоқот ҳамда барқарорликни тарғиб этаётган муҳим шерикларга айланмоқда. Бош вазир Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга ташрифи мазкур мулоқотни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Ташриф дастуридаги тадбирлар Самарқандда ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Рим ва Самарқанд – ўз даврида буюк давлатлар пойтахтлари бўлган. Бу тарихий боғлиқликни қадрлаш кишида нафақат фахр уйғотади, балки ҳаммамизга ўзаро илдизларни теран англаш заруратини яна бир бор эслатади.
Қадимий ришталар қайта жонланаётганини кузатиш шахсан мен учун жуда қувонарли. Ишонч билан айтаманки, Ўзбекистон – Италия муносабатлари янги бурилиш нуқтасини топди.
Вафо бинт Жабр Носир Ал-Бусаидий: Ўзбекистон – Ўмон: Тинчлик ғояси билан тўйинган ришта
– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги оқилона сиёсатни қатъий маъқуллаймиз, – дейди Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир Ал-Бусаидий хоним. – Ўмон икки дўст мамлакат, халқ тараққиёт ва юксалишга эришиши йўлида самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини мудом таъкидлайди.
Мамлакатимиз Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлигида “Ўмон нигоҳи-2040” дастури асосида иқтисодий рақобатбардошлик ва ижтимоий фаровонликни ошириш, мукаммал таълим тизимига таянган маърифатли жамият барпо этишга интилмоқда. Шунингдек, тараққиёт стратегиясида углерод мувозанатини ўрнатиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш талаблари ўртасида мувофиқликка эришиш ҳам кўзда тутилган.
“Ўзбекистон-2030” стратегияси беш устувор йўналишида белгиланган 100 мақсад ҳам, худди шундай, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, иқтисодий тараққиётга эришиш, таълим, суд тизимини яхшилашни қамраб олган. Шу маънода “Ўмон нигоҳи-2040” ва “Ўзбекистон-2030” стратегиялари ўртасида умумий жиҳат кўп. Икки давлат раҳбарлари кўрсатмаси, ўзаро эътибори асосида халқларимиз фаровонлигини ошириш мақсадига йўналтирилган алоқа мустаҳкамланаётгани қувонарли. Муштарак манфаат ўлароқ, қишлоқ хўжалиги, саноат, маърифат, таълим каби соҳаларда шериклик даражаси юксалаётганини алоҳида қайд этган бўлардим.
Жонатан Хеник: Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг мамлакатда кенг қамровли ва ортга қайтмас ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган фаолияти ҳайратланарли
– Аввало, Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг мамлакатда кенг қамровли, ортга қайтмас ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган фаолияти бизни ҳайратга солмоқда, – деди АҚШнинг диёримиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник. – Иқтисодиёт жадал ривожланиши туфайли Ўзбекистонни савдо ва инвестиция учун истиқболли йўналиш сифатида кўраётган Америка компанияларининг мамлакатга қизиқиши кун сайин ортаётганини кўряпмиз.
Александр Огородников: Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти кўплаб давлатлар учун намуна
– Ўзбекистон иқтисодий соҳада ажойиб ўсиш суръатини намоён этмоқда ва кўплаб давлатлар учун ҳақли равишда намуна бўляпти, – дейди Беларуснинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников. – Давлат раҳбари раҳнамолигида саноатнинг асосий тармоқларини модернизация қилиш ва мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ва истиқболли ривожланиш стратегияси шакллантирилган. Республикада амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар мамлакат раҳбарияти узоқни кўра билиши, ўзбек халқининг азм-у шижоатидан далолат. Бунда, айниқса, ёш авлоднинг фаоллигини қайд этиш зарур. Бугун Ўзбекистон ёшлари сифатли таълим-тарбия олмоқда, ўзи танлаган йўлда интилиб, давлат равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Зеро, юрт келажагини айнан ёш, иқтидорли ва меҳнаткаш инсонлар белгилайди.
Беларусь ва Ўзбекистонни мустаҳкам дўстлик, ўзаро англашув ва стратегик шериклик ришталари боғлаб туради. Ўзаро манфаатдорлик биз учун янги истиқболлар очади, икки томонлама муносабатни мустаҳкамлайди, бизни янада жадал ва самарали ишлашга ундайди.

Гусейн Гулиев: Ўзбек халқи – буюк халқ
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон барча соҳаларда ажойиб ўсиш ва тараққиётга эришмоқда, – деди Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев. – Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бу ютуқлар Ўзбекистон улкан салоҳиятга, келажакка интилаётган халққа эга давлат эканининг яққол тасдиғидир. Ўзбек халқи ўз анъаналарини сақлаб, дадил олға интилаётган буюк халқдир.
Манфред Ҳутерер: Германия ва Ўзбекистон муносабатлари тарихда кузатилмаган даражага кўтарилди
– Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча йўналишлар, жумладан иқтисодиётда ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилди, – дейди Германия Федератив Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Ҳутерер. – Соҳани либераллаштириш ва қайтадан тартибга солиш, шахсий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш бўйича яхши натижаларга эришилди. Мамлакат иқтисодиёти бошқа давлатлар билан кенг бир тармоқ ичра бирлашиб кетди. Хусусан, немис иқтисодиёти ҳам айни ижобий жараёндан четда эмас. Компанияларимиз диверсификация қилинган шароитда фаолият олиб бориш тарафдори. Шу нуқтаи назрдан ГФР капитали асосидаги кўплаб компаниялар йиллар давомида бу ерда фаолият юритиб, яратилган қулай шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқараётгани қувонарли. Энг муҳими, давлатларимиз ҳамкорлигининг салоҳияти юқори.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ҳозир икки томонлама муносабатлар тарихида мисли кўрилмаган даражадаги чўққига чиқди. Ўзбекистон эса бутун дунёга очилиб, барча соҳалардаги имконияти, салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида дадил қадам ташламоқда.

Такаши Хатори: Ўзбек мусиқаси ва рақслари мени доим ҳайратга солган
– Кун чиқар юртда кўпчилик Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга қизиқиш билдирмоқда, – дейди Япониянинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Хатори. – Мамлакатни кўришга улгурганлар эса жуда мамнун. Ўзбекистон хавфсиз давлат, одамлари жуда меҳрибон. Бухоро ва Самарқанд каби қадимий шаҳарлари, палов, кабоб каби мазали таомлари дунёда машҳур. Буларнинг бари Ўзбекистонни сайёҳлар учун жозибадор манзилга айлантирган. Эътироф этиш керак, Президент Шавкат Мирзиёев дунёнинг барча давлатлари билан яхши муносабат ўрнатиш учун улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ва бу жараён муваффақиятли кечаётганини кўряпмиз. Япония ҳам тинчликка асосланган мазкур дипломатияга шерик бўлишни жуда истайди.
ЎзА мухбири Муҳаррама Пирматова тайёрлади.
- Қўшилди: 24.07.2025
- Кўришлар: 397
- Чоп этиш