Куни кеча “Замон ва заминларда тобланган дўстлик” (Ўзбекистон-Германия дўстлик, ҳамкорлигига ҳисса қўшган ўзбек ва немис зиёлилари” номли китоб нашрдан чиқди. Янги тўпламдан академик Акмал Саидовнинг немис адабиётига мансуб дурдона асарларни ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги серқирра фаолияти талқинига бағишланган салмоқли мақола ҳам жой олган.
“Академик Акмал Саидов – компаративист олим” сарлавҳали мақолада дастлаб қиёсий ҳуқуқшунослик соҳасида илмий диссертациялар ёқлаган, кейинчалик қиёсий адабиётшунослик соҳасига оид китоб ва мақолалар эълон қилган таниқли олимнинг ана шу икки йўналишнинг фарқли ҳамда ўзаро ўхшаш жиҳатларини кашф этишга қаратилган изланишлари таҳлилга тортилган.
Шунингдек, Амир Темур ва Георг Гендел, Готтхолд Эфраим Лессинг ижодида ор-номус тараннуми, Гёти ижодини ўрганишнинг олти йўналиши, Томас Манн ижодининг Ўзбекистонда ўрганилиши, Нитшенинг “Зардушт нидоси” асари – ўзбек насри ва назмида, Ҳофман эртакларининг ўзбекча талқини, Ҳерман Ҳессенинг муҳаббат билан мутолаага даъвати каби мавзуларда А.Саидов эълон қилган тадқиқотлар натижалари хусусида атрофлича фикр юритилган.
Адабиётлараро робита халқлар дўстлигига хизмат қилади. Шу маънода, мақолада таъкидланганидек, таниқли олимнинг айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон билан Германия ўртасида бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликни кучайтириш, Шарқ ва Ғарб ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро адабий таъсир муаммоларини ўрганиш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Ҳерман Вамбери, Аннемарие Бригитта Шиммел, Зигрид Клайнмихель, Ингеборг Балдауф, Карл Райхл, Габриеле Келлер, Якоб Таубе, Анна Герман каби машҳур немис зиёлилари ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган. Иккинчи қисмдан немис адабиётини ўрганишга ҳисса қўшган ўзбек зиёлиларининг илмий-ижодий фаолиятига доир мақолалар жой олган.
Тўплам “Ўзбекистон-Германия” дўстлик жамияти томонидан нашр этилган. Янги нашр таржимашунослар, адабиётшунослар, журналистлар, медиа-экспертлар ва олий ўқув юртларининг лингвистика, халқаро муносабатлар, немис тили йўналиши талабалари учун мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.03.2022
- Кўришлар: 2638
- Чоп этиш