ОДИЛ ВА МУСТАҚИЛ СУД – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ПОЙДЕВОРИ

 (Академик Акмал Саидов билан бешинчи суҳбат: Тараққиёт стратегияси ва суд ислоҳотлари истиқболи)

 

Мамлакатимизда судьялик лавозимига номзодларни “30 фоиз назария – 70 фоиз амалиёт” тамойили бўйича тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу тамойилнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти қандай?

 

– Бугунги кунда амалга оширилаётган “30 фоиз назария – 70 фоиз амалиёт” тамойили асосидаги ўқув дастури 4 та босқични ўзида қамрайди.

Биринчиси – дастлабки назарий тайёрлов босқичи. Икки ойга мўлжалланган ушбу босқичда судьялик лавозимига номзодларнинг ихтисрслик бўйича махсус дастур асосида назрий билимлари бойитилади. Улар суд психологияси махсус курси, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судьянинг маънавий қиёфасини шакллантириш курсларидан сабоқ олади. Амалий тайёрлов ва стажировкага юборилади.

Иккинчиси – амалий стажировка босқичи бўлиб, 9 ой давом этади. Бунда ҳар қайси ихтисосликдаги судлар бўйича судьялик лавозимига номзодлар учун алоҳида стажировка дастурлари ишлаб чиқилган. Масалан, жиноят ишлари бўйича судлар судьялигига номзодлар профилактика инспектори ҳузурида – 10 кун, ИИБнинг суриштирув ва оператив-қидирув бўлимларида – 20 кун, тергов идораларида – 30 кун, прокуратура идораларида – 10 кун, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Суд-экспертиза маркази каби идораларда – 30 кун, адвокатурада – 10 кун, Халқ қабулхоналарида – 10 кун амалий стажировка ўтайди.

Шунингдек, биринчи инстанция судида амалиёт ўташ учун 140 кунлик муддат ажратилган. Бунда судьялик лавозимига номзодлар туман судлари фаолияти билан танишади. Қолаверса, “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизими ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларида ишлаш, суд мажлисларида иштирок этиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, ариза ва шикоятларни расмийлаштириш ишларини ўрганади.

Бундан ташқари, судьялик лавозимига номзодлар апелляция инстанциясида амалиёт ўташ учун 40 кун муддатга вилоят судига юборилади. Бу ерда улар суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, суд мажлисларини ўтказиш, сайёр судларда иштирок этиш, шикоятни ўрганиш кўникмасига эга бўлиши талаб этилади.

Учинчиси – якунловчи назарий ўқитиш босқичи. Бу босқич учун бир ой ажратилган бўлиб, судьялик лавозимига номзодлар ўқиш жараёнида ҳар бир мавзуга индивидуал ёндашиш,  суд амалиётида учрайдиган муаммоли масалаларга ечим топиш, Олий суд Пленуми ва Раёсати қарорларини таҳлил қилиш, қонунчиликдаги янгиликларнинг моҳиятини етказиш ҳамда касбий кўникма ва қобилиятларини такомиллаштириш билан машғул бўлади.  

Тўртинчиси – судьялик лавозимига тайинланган кадрларнинг профессионал кўникмаларини шакллантириш босқичи. Ушбу босқич учун уч ой муддат белгиланган. Бу даврда суд тизимида коррупцияга қарши кураш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ишларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилади. Шунингдек, психология, этика ва нутқ маданияти, дипломатия ва маъмуриятчилик соҳалари бўйича тайёргарликдан ўтилади.

Шунингдек, жойларда судьялик лавозимига номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилган.

 

– Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда қандай муаммолар мавжуд?

 

– Суд ва судьялар фаолиятининг турли соҳаларида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар бор. Бу муаммолар соҳа экспертлари томонидан ўрганилди ва уларни ҳал этиш бўйича муайян амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Дастлаб судьяларнинг ўзини ўзи бошқаришига тааллуқли муаммоларга тўхталаман.

Биринчидан, “Судьялар ҳамжамияти тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш лозим. Қонун асосида аввало судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тартиби ва шакллари жорий қилинади. Қонунда, жумладан, Судьялар съезди, конференцияси, кенгаши, умумий йиғилиши, малака ҳайъати ҳақидаги нормалар ўз аксини топади.

Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришнинг мутлақо янги тартибини жорий этиш керак бўлади. Натижада Судьялар олий кенгаши ҳақиқий судьялар ҳамжамияти органига айланади. Энг муҳими, Кенгаш аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати ва Судьялар съезди томонидан тайинлаш ҳамда сайлаш тартиби жорий этилади.

Учинчидан, кўп таркибли туман (туманлараро, шаҳар) судининг раиси ва ўринбосарларини шу суд судьялари томонидан сайлаш тартибини амалиётга киритиш даркор. Бундай янгича тартиб, биринчидан, судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, иккинчидан, судьяларга турли хил тазйиқлар ўтказишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бунда бир ва икки таркибли судлар раисларини Судьялар олий кенгаши томонидан тайинлаш тартиби сақлаб қолингани мақбул, албатта. Бу янгиланишларнинг барчаси, ўз навбатида, халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни янада кўтарилишига олиб келади.

Навбатдаги муаммо – судьяларнинг ўртача иш ҳажми ортиб кетганига бориб тақалади. Бу муаммони ҳал қилиш учун судьялар сонини босқичма-босқич ошириб бориш тавсия этилмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси бундай ечим асосли эканини кўрсатмоқда. Хусусан, айни вақтда 100 минг аҳолига судьчлар сони Германияда – 24 нафар, Россияда – 18 нафар, Қозоғистонда – 16 нафар, Қрғизистонда – 7,3 нафар, Тожикистонда эса 5 нафарни ташкил этади. Ўзбекистонда бу кўраткич 3,7 нафардан иборат, холос.

Қолаверса, мамлакатимизда суд фаолиятини рақамли технологиялар ёрдамида онлайн таҳлил қилиш амалиёти йўлга қўйилмаган. Бу муаммога яқин йилларда Олий суд биносида Вазиятли марказ яратиш йўли билан мақбул ечим топиш мумкин.

Бўлажак Вазиятли марказ:

биринчидан, кўрилаётган ва кўрилган ишларни тўлиқ таҳлил қилиш билан шуғулланади;

иккинчидан, судларда киберхавфсизликни таъминлайди;

учинчидан, ҳисоботларни шакллантиради ва процессуал ҳаракатларнинг мониторингини ўтказади.

 

– Афсуски, ҳозирга қадар юртимизда суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари етишмайди.

– Тўғри айтасиз, ҳозирча юридик журналистика давр талаблари даражасида ривожланмаган. Шунинг учун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича махсус кафедра ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундай кафедранинг фаолияти йўлга қўйилгач,  оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга доир маълумотларни аҳолига малакали тарзда етказиш имконияти туғилади. Шу билан бирга, журналистларнинг ушбу соҳадаги кўникмасини оширишга йўл очилади.

Яна бир муаммо – “E-XSUD” ягона марказлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш заруратидир. Ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги кунда:

  • фуқаро ва тадбиркорларга интерактив хизматлар кўрсатиш доирасини кенгайтириш;
  • судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини электрон юбориш тартибини соддалаштириш;
  • маълумотларни рақамлаштириш орқали инсон омилини 70 фоизгача чеклаш;
  • суд ахборот тизимларини ягона платформага бирлаштириш;
  • маълумотлар алмашинувини интеграциявий платформалар орқали амалга ошириш;
  • суд ҳужжатларини автоматик тарзда шакллантириш;
  • электрон архивни жорий этиш талаб этилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, 2022-2023 йилларда “ADOLAT” ахборот тизимлари комплексини  ишга тушириш мақсадга мувофиқдир.

 

– Тараққиёт стратегиясида суд ислоҳотлари истиқболи қанчалик ўз аксини топган?

 

Жорий йил бошидан амалга оширишга киришилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давомидир. Унда бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналишдаги мақсад ва вазифалар белгиланган.

Тараққиёт стратегиясидаги ҳар бир вазифа ва мақсад 2021 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови жараёнларида бевосита фуқароларимиз иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар билан тўлдирилган, бошқача айтганда, халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган. Шу маънода, ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродасидир.

      Тараққиёт стратегияси 100 та устувор мақсадни ўзида мужассам этган бўлса, шундан суд ислоҳотлари билан боғлиқ бандлар бевосита иккинчи йўналиш доирасида белгиланган. Бу устувор йўналиш  “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришдеб номланган.

Хусусан, “Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш” номли 15-мақсадга эришиш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

  • маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш;
  • “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш;
  • суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш;
  • судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш;
  • суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш;
  • низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш;
  • суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш;
  • судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш;
  • Суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш.

Шунингдек, Тараққиёт стратегияси мақсадларини рўёбга чиқариш учун 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширилиши кўзда тутилган жами 398 та чора-тадбир ва уларни бажариш муддатлари Давлат дастурида аниқ қилиб белгилаб қўйилган.

Давлат дастурида Ўзбекистон Ресубликаси Олий судига юклатилган жами 9 та банддаги чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида, тўлақонли, пухта ва самарали таъминлаш алоҳида диққат марказида турибди.

 Ушбу вазифалар ҳаётимизга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси амалга ошади ҳамда “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил тўлақонли рўёбга чиқарилади. Жумладан, бунда суд тизимининг роли ва масъулияти янада кучаяди.

 

Ғулом Мирзо суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech