ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ИНСОН ҚАДРИНИ ЖОЙИГА ҚЎЙИШ

Миллий стратегия ва “Йўл харитаси” замирида айни шу эзгу мақсадлар мужассам

Мамлакатимизда қарийб икки йилдан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган ушбу муҳим ҳужжатни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.

Марказ директори Акмал Саидов билан ана шу мониторинг давомида аниқланган янги натижалар ҳақида суҳбатлашдик.

– Аввало, 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 78 та бандидан 59 таси юзасидан кўзда тутилган барча ишлар бажарилганини таъкидламоқчиман, – деди А.Саидов. – Бугунги кунда “Йўл харитаси”нинг 19 та банди бўйича ишлар қизғин давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида 33 та қонун ҳужжати лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ҳозиргача уларнинг қанчаси қабул қилинди?

– Сиз тилга олган қонун ҳужжатларининг 20 таси – янги қонун лойиҳалари бўлса, 4 таси – амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳаларидир. Амалдаги 9 та қонун ўрнига ҳам янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ўтган давр мобайнида 11 та қонун қабул қилинди ва шундан иккитаси конституциявий қонундир. Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Миллий стратегия доирасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам бор.

  • Миллий стратегия ижроси бўйича яна қандай қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда?

– Айни вақтда 10 та янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу ўринда “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги, “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, «Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида»ги, “Прокуратура органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.

Шунингдек, 3 та янги кодекс – Соғлиқни сақлаш кодекси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс, Экология кодекси, амалдаги 7 та кодекс ўрнига янги – Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Уй-жой кодекси лойиҳалари тайёрланди.

Ҳозирги кунда 2 та янги кодекс – Ахборот кодекси ва Тадбиркорлик кодекси лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

– Давлат органларининг тегишли ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида малакасини ошириш ишлари қандай ташкил қилинган?

– Айни шу мақсадда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2021 йил давомида 19 та семинар-тренинг ва ўқув курслари ўтказилган. Ушбу машғулотларда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг 1 минг 214 нафар ходими;
  • Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаларининг 30 нафар ходими;
  • хотин-қизлар ахлоқ тузатиш муассасаларининг 30 нафар ходими;
  • Бош прокуратура, Олий суд, Статистика давлат қўмитаси, юридик йўналишдаги олий ўқув юртларининг 28 нафар мутахассиси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятлари жазони ижро этиш муассасаларининг 35 нафар ходими;
  • Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг вилоят бўлинмалари 30 нафар ходимининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билими янада мустаҳкамланди.

Бу муҳим жараёнда 2021 йил давомида ва 2022 йилнинг биринчи чорагида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган 40 дан зиёд амалий қўлланма, шарҳлар ва услубий адабиётлар нашр этилгани ҳам катта аҳамият касб этади. Мазкур китоб ва қўлланмалар 70 дан ортиқ давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотларга тарқатилди.

– Ўзбекистон пахтасига бойкот бекор қилингани факти билан Миллий стратегия ижроси ўртасида қандай боғлиқлик бор?

– Гап шундаки, Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”да одам савдосидан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид муайян чора-тадбирлар белгиланган. Шу асосда, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, биринчидан, “Одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби тўғрисидаги низом”, иккинчидан, “Одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашувини амалга ошириш ҳамда уларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Бошқача айтганда, юртимизда одам савдосидан жабрланган шахсларнинг тиббий, психологик, ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа турдаги ёрдам олиш ҳуқуқларини таъминлаш механизмлари яратилди.

АҚШ Давлат департаментининг 2020 йилда одам савдосига қарши курашнинг дунё бўйича ҳолати тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистон 2021 йилда иккинчи тоифага (Tier 2) ўтказилди. Илгари,  2018-2020  йиллар  давомида  Ўзбекистон  иккинчи  гуруҳ таркибида (Tier 2 Watch List) бўлиб келган.

Ушбу маърузада  таъкидланганидек,  “Ўзбекистон  одам  савдосига барҳам бериш учун сезиларли даражада саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳукумат ҳисобот даврида, COVID-19 пандемия шароити унинг одам савдосига қарши курашиш борасидаги имкониятларига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, айни соҳада ҳал қилувчи ютуқларга эришди; шунинг учун Ўзбекистон Назоратнинг 2-тоифаси рўйхатига ўтказилди”.

Ўз навбатида, 2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи 331 та компанияни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганини тан олди. Шу тариқа Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди.

– Миллий стратегия ва гендер тенглик: шу ҳақда ҳам тўхталсангиз?

– Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 28 майдаги қарори билан "2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси" тасдиқланди. Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Ушбу йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос ва ҳамоҳангдир.

Бу соҳада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майда қабул қилинган “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш ўринли, деб ҳисоблайман. Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда 29 та “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш маркази” ташкил этилди.

Ҳукумат қарори билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордерини бериш тартиби белгиланди. Шунингдек,  Хотин-қизларни  қўллаб-қувватлаш  давлат  мақсадли  жамғармаси  фаолияти  ташкил  этилди. Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Миллий стратегия доирасида ёшлар, ногиронлар, умуман, ижтимоий эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай амалий ишлар қилинмоқда?

– Бу борада, хусусан, 2021 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш, ишсизларни, биринчи навбатда, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш механизмлари белгиланди.

Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги Фармойиши билан 2021-2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси тасдиқлангани айни муддао бўлди. Унга кўра, ижтимоий  нафақа  олиш  жараёнини  соддалаштириш  режалаштирилган,  ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона масъул орган тузилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги қарори билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланганини ҳам қайд этиш даркор. Концепция БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясида белгиланган “Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш” бош тамойилига асосланган.

– Президентимизнинг жаҳон минбарларидан илгари сурган ташаббуслари ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилиши хусусида ҳам мухтасар тўхталсангиз.

– Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг олий даражадаги Сегментида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш мақсадида 2021 йил 26 июнда давлат раҳбарининг “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ:

биринчидан, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил қилиш, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаш, мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш орқали қийноқ ҳолатларининг бартараф этилишига эришиш;

иккинчидан, “Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри” электрон тизимини юритишни йўлга қўйиш;

учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг БМТ Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколига қўшилиши юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

тўртинчидан, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш белгиланган.

Президентимиз 2022 йил 29 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонуннинг мақсади қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлашдан иборат.

 Миллий стратегиянинг айни йўналишида эришилган яна бир муҳим натижа: 2021 йил 4 июнда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 187-сон конвенциясини ратификация қилди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Нью Йорк, 2000 йил, 13 декабрь) ратификация қилди.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 21 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳар йили 500 нафаргача ногирон ёшларга ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилади.

2022 йилдан ҳар йили танлов асосида 20 нафаргача ногирон ёшлар хорижий олий ўқув юртларида, онлайн курсларда таълим олади. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия берилади.

Бундан ташқари, Миллий стратегия ва ушбу ҳужжатни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепция инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш масалаларини ўз ичига олган.

 

 Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech