Инсон тафаккурининг маҳсули сифатида яратилган фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда саноат намуналари ҳар бир давлатда ҳуқуқий ҳимояга олинган. Бу тоифадаги маҳсулотлардан дунё жамоатчилиги баҳраманд бўлиши учун эса келишув ва шартномалар асосида бошқа давлатларда ҳам фойдаланишга йўл қўйилган. Бунинг учун ҳам миллий, ҳам халқаро-ҳуқуқий асослар ва механизмлар яратилган. Давлатлараро халқаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида халқаро универсал ҳукуматлараро ташкилотлар тузилган.
Ҳар қандай мамлакатнинг ривожланганлик даражаси ундаги интеллектуал мулкнинг ривожланганлик даражасига қараб белгиланади. Шунинг учун барча мамлакатларда ўз интеллектуал мулкини ривожлантириш борасида, айниқса, бу мулкнинг давлатда ва бутун дунёда ҳимояланишига катта эътибор қаратилади.
Муаллифлик ҳуқуқининг халқаро миқёсда ҳимоя қилинишида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг (БИМТ) ўрни катта. У 1967 йил 14 июль куни Стокгольм шаҳрида имзоланган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотини ташкил этиш ҳақидаги конвенция асосида ташкил этилган ҳукуматлараро халқаро ташкилотдир.
Ушбу ташкилот 1974 йил декабрь ойида БМТнинг ҳукуматлараро халқаро ташкилоти деган махсус мақомни олган. Ташкилотнинг вазифаси – дунёда давлатлар ўртасида келишув ва битимлар асосида интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни мувофиқлаштириш ҳамда шу соҳадаги турли шартнома ва конвенцияларнинг маъмурий бошқарувини таъминлашдан иборат.
Бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ давлати БИМТнинг аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон 1991 йил 25 декабрдан мазкур Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосидир. Бугунги кунда мамлакатимиз БИМТнинг 14 та халқаро ҳужжатини тасдиқлаган.
2000 йили Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига аъзо давлатлари ўртасида 26 апрель – “Халқаро интеллектуал мулк куни” сифатида нишонланиши келишилган. 2001 йилдан бошлаб ушбу сана ҳар йили бутун дунёда нишонлаб келинмоқда.
Интеллектуал мулк деганда, биз турли замонларда инсонлар ўзининг онги ва тафаккури, билими ва қобилияти ёрдамида кундалик эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда турли соҳаларда яратган ижод маҳсулотлари ёки мулкларини тушунамиз. Бу мулкларни замонавий технология соҳаси, фан ва адабиёт соҳаси ёки саноат ва кимё соҳаси сингари бошқа бир қатор соҳаларнинг ривожланиши, янгиликлар яратилиши ва татбиқ этилиши мисолида санаб ўтиш мумкин.
Инсон салоҳияти билан яратилган интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилиниши, оммага тақдим этилиши, молиялаштирилиши, шунингдек фаолиятини давом эттириши, айниқса, унинг муҳофаза этилиши йиллар давомида муҳим масалага айланиб бормоқда.
Шу боис интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, юзага келган муаммоларнинг ечимларини биргаликда излаш ва уни бартараф этиш, дунё ҳамжамиятининг ривожланиши бевосита ушбу соҳада чуқур илмий изланишлар олиб боришни тақозо этади.
Ривожланган давлатлар қатори мамлакатимиз қонунчилигида ҳам интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тизими шакллантирилган. Унга кўра, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”, “ЭҲМ дастурлари ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида”, “Селекция ютуқлари тўғрисида”, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”, “Интеграл микросхемалар топологиялари ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида”, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 2021 йил 20 августдаги “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2019 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида давлатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимоясини тўлиқ қонуний таъминланиши кафолатланади.
Бундан ташқари, давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро шартнома ва битимлар тузилган бўлиб, уларга амал қилиб келинмоқда. Мазкур ҳужжатлар илмий-техникавий ишланмаларни чет элда муҳофаза қилишга ва экспортчиларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига ёрдам бериш, чет эл инвестицияларини миллий саноатга жалб қилишга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз халқаро майдонда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиши йўлида ютуқларга ва барқарор натижаларга эришишини таъминлайди.
Интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир қонунчиликни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш миллий иқтисодиётнинг инновацион ривожи ҳамда мамлакатнинг интеллектуал ишлаб чиқариши ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис янги интеллектуал мулк объектларини яратиш, илмий-ижодий фаолиятни моддий қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни инновацион босқичга ўтказиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, айниқса, соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, ҳуқуқ эгаларининг тегишли ҳуқуқларига оғишмай риоя этиш долзарб вазифалардан бўлиб қолаверади.
Дилдора Аҳмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 25.04.2022
- Кўришлар: 3564
- Чоп этиш