Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва сўз эркинлиги

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни

 

Мамлакатимизда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратилган. Бугунги кунда янада такомиллашаётган ушбу муҳит миллий қонунчилик ва Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномалар нормаларига таянади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатидир. Унда ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиши мустаҳкамланган.

Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Лекин, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно. Шунингдек, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган асосий тамойиллар Конституциямизда ўзининг тўла ифодасини топганини таъкидлаш лозим. Декларациянинг 19-моддасида қайд этилган фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда ҳар кимнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалиги шулар жумласига киради.

Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».

Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган беш йилда юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни, давлат идораларининг очиқлигини кучайтириш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилиш борасида бир қанча амалий ишлар қилинди. Натижада фаол оммавий ахборот воситалари халқ орасида тобора ҳурмат-эътибор қозониб, “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиб бормоқда.

Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин, турли мунозарали баҳслар, фикрлар, тортишувлар кўринишида ушбу ахборотга муносабатлар билдирилмоқда. Бу ҳам юртимиз оммавий ахборот воситалари ва фуқароларимизнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади.

Ўз навбатида, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да еттита устувор йўналиш бўйича энг муҳим вазифалар белгилаб олинди. Ана шу кенг қамровли чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда ва сифатли бажарилишида жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда катта.

Чунки ҳамкасбларимиз жамоатчилик назоратини ўрнатмаса, журналист текшируви асносида давлат органларининг ҳаракатсизлиги ва суст фаолияти ҳақида бонг урмаса, олдимизга қўйган мақсад-вазифаларга эришиш, одамларимизни рози қилиш ҳақида фикр юритиш осон эмас. 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш” деб номланган. Ушбу устувор йўналишнинг дастлабки, умуман, Тараққиёт стратегиясининг 33-мақсадида фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга оид қуйидаги:

  • ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш;
  • шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни Интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш;
  • кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Айни вақтда бу чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти бунга қадар ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни Ахборот кодекси шаклида уйғунлаштириш ташаббусини илгари сурганди.

Шунингдек, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш йўлида турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ва онлайн дастурларни оммалаштиришга эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиасаводхонлик бўйича мавзулар жорий қилиниши алоҳида аҳамият касб этади.

Сўз эркинлигини таъминлаш баробарида, оммавий ахборот воситаларида шахснинг  дахлсизлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш масаласи ҳам жиддий ўрин тутади. Шунинг учун Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида иш олиб борилмоқда.

Яна бир муҳим амалий натижа: жорий йил 15 апрелда “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонуннинг мақсади – мамлакатимизда киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлса, асосий вазифалари – кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Қонунда таъриф берилганидек, киберхавфсизлик – кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид солувчи шарт-шароитлар ва омиллар мажмуидир. Ўз навбатида, “кибермакон” тушунчаси –  ахборот технологиялари ёрдамида яратилган виртуал муҳитни англатади. 

Соҳа экспертларининг фикрича, Ўзбекистода киберхавфсизликни таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш зарурати ана шу кибермакондаги муаммолар ва хатарлар, кибержиноятчилик, онлайн ҳужумларнинг кескин ортиши, дунёда кибермакон ривожланишининг олдиндан айтиб бўлмайдиган жадал суръатларига бориб тақалади.

Шу нуқтаи назардан, янги Қонунда кибержиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш принциплари, йўналишлари, усуллари, масъул давлат органи ва унинг ваколатлари, киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича чоралар кўриш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилгани жуда муҳим.

Бу ўринда, аввало, ХХI асрнинг янгидан-янги глобал муаммолари қатори кибержиноятчилик ҳам аллақачон ҳаётимизга кириб келгани ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. Унинг турли вирусли дастурларни тарқатиш, паролларни бузиб кириш, кредит-карта ва бошқа банк реквизитларидаги маблағларни ўзлаштириш, талон-торож қилиш, шунингдек, Интернет орқали қонунга зид ахборотлар, бўҳтон, маънавий бузуқ маълумотларни тарқатиш билан башарият ҳаётига катта хавф солаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Бинобарин, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, уни тасдиқлашда бевосита иштирок этган парламент вакиллари таъбири билан айтганда:

биринчидан, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади;

иккинчидан,  киберхавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техник ва меъёрий услубий таъминот тизимини такомиллаштиришга, ахборот тизимлари ва ресурсларининг яхлитлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади;

учинчидан, рухсатсиз ҳаракатлар, ахборотни йўқ қилиш, ўзгартириш, бузиш, нусхалаш, блоклаш ва мамлакатнинг ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашишнинг бошқа шаклларининг олди олинишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясининг “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланган 12-мақсадида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилган. Бунда жамоатчилик назоратини амалга оширишда, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш ҳақида сўз бормоқда.

Ушбу муҳим мақсадга эриш учун, биринчи навбатда, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан  ҳамкорлик  қилиш  тартибини жорий қилиш даркор.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан   ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун  жавобгарликни янада кучайтириш лозим.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, юртимизда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ниҳоятда қўл келади.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.

Тараққиёт стратегиясининг 33-мақсади айнан “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган ушбу ғоя асосида, жумладан, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимизда сўз эркинлигини тўла таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситаларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни ҳам тақозо этади.

 

Ғулом Мирзо,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech