Янги Ўзбекистоннинг бутун халқаро ҳамжамиятга очиқлик сиёсати мамлакат фуқаролари учун эркин миграцияга кенг имконият яратиб берди. Қолаверса, мамлакатимизга келаётган чет эл фуқаролари учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш мақсадида халқаро стандартларга жавоб берувчи миграцион назорат тизими ва қонунчилик базаси яратилди.
Миграция соҳасидаги давлат органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири миграцияга доир қонунчиликни мувофиқлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, давлат суверенитетини мустаҳкамлаш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳисобланади. Ўзбекистонда миграция соҳасида туризмни ривожлантириш, меҳнат-мигрантларимизни ижтимоий ҳимоялаш, чет эл фуқароларининг мамлакатимизда меҳнат қилиши ва ватандошларимизни тарихий ватанига қайтиши учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ушбу йўналишда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни кўриш, жумладан хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан миграциядаги шахсларга доир маълумотларнинг тезкор алмашинувини йўлга қўйиш заруратини яна бир маротаба тақозо этди.
Одатда, миграция ҳуқуқининг мазмун-моҳияти бир қанча ҳуқуқий поғоналарга тааллуқли принциплар орқали ифодаланади.
Конституциявий нормаларда мустаҳкамланган ушбу ҳуқуқ шахснинг конституциявий ҳуқуқий мақомининг устувор манбалари ҳисобланадиган 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1966 йилдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга тўла мувофиқ келади. Мазкур ҳуқуқнинг эътироф этилганлиги ва кафолатлаганлиги нафақат мамлакатимиз учун, балки унинг дунё ҳамжамиятига интеграциялашуви нуқтаи назаридан юртимизга келадиган мигрантлар учун ҳам аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Шу билан бирга Конституциянинг 23-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланиши, шунингдек улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этишлари мустаҳкамланган. Чунончи, Асосий Қонуннинг 28-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга, деб таъкидланади. Мазкур қоида Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13-моддаси мазмунига мувофиқ равишда тузилган. Унда таъкидланишича, биринчидан, ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига эга, иккинчидан, ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, хусусан ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга.
Шу тариқа Ўзбекистон Конституциясида миграцион жараёнларининг турли жиҳатлари ўз аксини топган. Жумладан, миграция жараёнларини тартибга солиш, ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқ асослари мустаҳкамланган. Конституциявий нормалар тўғридан-тўғри амал қилиши туфайли Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Тўғридан-тўғри амал қилиш ҳуқуқни қўллаш органларидан қарор қабул қилаётиб, аввало, конституциявий нормага ва ундан кейингина уни ривожлантириш учун қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга ҳавола қилишларини талаб этади.
Мигрантларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида хориж тажрибасини ҳам ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, МДҲнинг бошқа мамлакатларида ҳам миграцияга оид конституциявий нормаларнинг қиёсий таҳлили шуни кўрсатдики, ушбу давлатлар фуқаролари хорижга чиқишлари, айниқса, қайтиб келишларида тўсиқсиз ва исталган пайт эркин ҳаракатланиши, шу билан бирга, ушбу давлатлар ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ ва равшан белгиланган.
Масалан, Арманистон (40-модда), Грузия (14-модда), Озарбайжон (28-модда), Россия (27-модда), Украина (33-модда) ва Қозоғистон (21-модда) конституцияларида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мамлакат ҳудудида қонуний бўлиб турган ҳар бир шахс учун кафолатланади.
Қирғизистон (16-модда) ва Молдова (27-модда) конституцияларида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқлари билан бир қаторда бўлиш жойини (место пребывания) эркин танлаш ҳуқуқи кафолатланган. Бироқ таҳлил қилинган мамлакатлардаги конституциялар ва қонунчилик ҳужжатларида эркин ҳаракатланиш принципи ҳамда яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи эътироф этилганлигига қарамай, мазкур давлатлар фуқаролари амалда ушбу ҳуқуқларни амалга оширишда муайян даражада чекланган. Зеро, рухсат берувчи прописка институти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг кўпгина давлатларида ҳануз бекор қилинмаган.
Фуқаролар хорижга чиқишлари, эркин ҳаракатланиши, айниқса, тўсиқсиз ва исталган вақт қайтиб келишлари ҳақидаги норма Канадада (6-модда), Марокашда (24-модда), Руминияда (25-модда), Туркияда (23-модда) каби бир қатор давлатларнинг асосий қонунида учрайди.
Ўрганилган хориж тажрибасидан келиб чиқиб, ўзимизнинг миллий амалиёт хусусида айрим фикр-мулоҳазаларни ҳам келтириб ўтамиз.
Асосий Қонуннинг 28-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир” дейилган.
Амалдаги таҳрирда Ўзбекистон ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш каби категорияларнинг учаласи ҳам истисно тарзида қонун билан чекланиши мумкин.
Шу ўринда қуйидаги ҳуқуқий муаммога алоҳида эътибор қаратиш лозим. Конституция талабларини бажариш мақсадида мамлакатимизда шахснинг чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклашни фақат қонун асосида белгилаш кўзда тутилган бўлса ҳам, мазкур чекловлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сон қарори билан белгилаб қўйилганлиги коллизияни келтириб чиқармоқда.
БИРИНЧИ ТАКЛИФ
Хорижий амалиётни ўрганиш натижаси асосида, Конституциямизнинг миграция ҳуқуқига доир қуйидаги учта принципни қайта кўриб чиқиш лозим. Жумладан, мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш мақсадида, умумэътироф этилган принципларга мос равишда, Конституциямизнинг 28-моддасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш вақти келди, деб ўйлаймиз.
Биринчидан, Ўзбекистон фуқаролари билан бир қаторда, мамлакатимизда қонуний асосда бўлиб турган ҳар қандай шахс, жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам эркин ҳаракатланиши ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
Иккинчидан, Ўзбекистондан чиқиб кетиш ҳуқуқи Қонун билан чекланса ҳам, Ўзбекистон фуқаросини Республика ҳудудига хоҳлаган вақти ва тўсиқларсиз қайтиб келиш ҳуқуқи таъминланиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Учинчидан, эркин ҳаракатланиш билан бир қаторда эркин жой танлаш принципи миграция ҳуқуқининг асосий таркибий қисмини ташкил этади. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эркин яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамланмаган. Шу боис ушбу конституциявий модда қуйидаги таҳрирда баён этилиши таклиф этилади:
“28-модда. Ўзбекистон Республикасида қонуний асосда бўлиб турган ҳар қандай шахс Республика ҳудудида эркин ҳаракатланиши, яшаш жойини танлаши ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси республикага тўсиқсиз ва исталган вақт қайтиб келиш ҳуқуқига эга”.
ИККИНЧИ ТАКЛИФ
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 23-моддага биноан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланган “бурчларни адо этадилар” дейилган, лекин уларнинг бурчлари нималардан иборатлиги кўрсатилмаган. Шу боис мигрантларга нафақат ҳуқуқ, балки бурчлар ҳам конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланиши лозим. Жумладан, 48-51-моддаларда “фуқаро” сўзини “ҳар қандай шахс” сўзи билан алмаштириш лозим:
“48-модда. Ҳар қандай шахс Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
49-модда. Ҳар қандай шахс Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.
50-модда. Ҳар қандай шахс атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
51-модда. Ҳар қандай шахс қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.”
Мигрантлар бурчлар билан бир қаторда уларнинг дам олиш ҳуқуқи (38-модда) ҳам кафолатланиши лозим:
“38-модда. Ёлланиб ишлаётган ҳар қандай шахс дам олиш ҳуқуқига эгадир. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади.”
УЧИНЧИ ТАКЛИФ
Мигрант мамлакат ичидаги ҳуқуқий ҳимояни амалга оширишга ваколатли бўлган суднинг барча инстанцияларини ўтагач ҳам ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилмаган, деб ҳисоблаган тақдирда, халқаро даражадаги ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли бўлиши лозим. Шу боис, 44-моддани қуйидаги қўшимча банд билан тўлдириш лозим:
“44-модда. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Шахс барча инстанцияларини ўтагач ҳам ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилмаган, деб ҳисоблаган тақдирда, халқаро даражадаги ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли.”
Ўйлаймизки, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоялашнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари тобора ривожланиб, такомиллашиб боради. Зеро, фақат давр талабларига жавоб берадиган Конституциягина йирик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг самарадорлиги учун зарур бўлган динамизм ва барқарорлик уйғунлигини таъминлаб бера олади.
Луқмонжон ИСОҚОВ,
ю.ф.ф.д., доцент
- Қўшилди: 08.06.2022
- Кўришлар: 5317
- Чоп этиш