Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди

2022 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида ногиронлиги бўлган шахслар учун очиқ ва инклюзив муҳит яратиш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг етакчи экспертлари, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов кириш сўзи билан очди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида эканлиги, ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик, иқтисодий, сиёсий ҳамда бошқа хуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойилларига амал қилиниши белгиланган.

Шунингдек, бугунги кунда конституциявий ислоҳотлар бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида ҳам жамоатчилик томонидан масалага оид илгари сурилаётган таклифлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги ҳамда бир миллионга яқин ногиронлиги бўлган фуқароларимизнинг ҳаёти ва фаолияти учун қулай муҳит яратиш давлатимиз тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг кун тартибидаги асосий масалаларидан бирига айланган.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик такомиллашиб бораётгани, унда халқаро қоидалар сингдирилишига алоҳида аҳамият қаратилаётгани, энг муҳими, қонунлардаги талабларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши борасида парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти томонидан фаол ҳаракатлар олиб борилаётганлиги юқоридаги фикрларнинг яққол далилидир.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги икки-уч йил давомида мамлакатимизда инсон ва унинг қадрини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” Олий Мажлис томонидан ратификация қилинди.

Тадбир давомида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кўмагида тайёрланган Ўзбекистон парламентининг ногиронлиги бўлган шахсларга очиқлиги ва инклюзивлиги бўйича ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳисоботда турли кўринишдаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг парламент ҳаётида қатнашишлари борасидаги мавжуд муаммолар, уларнинг Олий Мажлис фаолиятида тўлақонли иштирок этишлари учун яратилиши лозим бўлган имкониятлар борасидаги илғор тажрибалар ўрганилган ва уларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган тавсиялар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокларини фаоллаштириш ва бу борада уларнинг имкониятларини кенгайтириш масалаларини ўзида мужассам этган ДИИҲБ томонидан тайёрланган онлайн курслар бўйича маълумот берилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис томонидан бугунги кунда қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида олиб борилаётган ишлар бўйича маълумотлар ҳам тақдим этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech