Ҳар йили 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни бутун дунёда кенг нишонланади. Ушбу муҳим умумбашарий сана сайёрамиздаги ёши энг улуғ халқаро ташкилот – Парламентлараро Иттифоқ тарихи билан чамбарчас боғлиқ.
Парламентлараро Иттифоқ 1889 йилнинг айнан 30 июнида таъсис этилган. Бу нуфузли халқаро ташкилот ўтган даврда том маънода парламентлараро халқаро бирдамликнинг ёрқин ифодасига айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Миллий парламентимиз вакиллари Парламентлараро Иттифоқ тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 июнда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда глобал парламентлараро ҳамкорлик халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгни қабул қилди. Ўзаро мулоқот чоғида мамлакатимизнинг ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан шериклигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантиришдаги сезиларли ютуқларни қайд этди. Мартин Чунгонг Ўзбекистоннинг бу борадаги глобал ташаббусларини юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлади.
Ўз навбатида, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Парламентлараро Иттифоқ билан кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида алоҳида ҳужжат қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Парламент дипломатияси концепциясида белгиланганидек, Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчилари бўлган давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеясида ва бошқа халқаро парламент ташкилотлари фаолиятида Олий Мажлиснинг иштирокини фаоллаштириш мамлакатимиз парламент дипломатиясининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.
Парламентлараро Иттифоқ – жаҳон халқларининг вакиллик органи
Парламентлараро Иттифоқ (ПАИ) – дунё парламентларининг етакчи халқаро ташкилоти сифатида 179 мамлакатни ўзида бирлаштирган. Минтақавий парламентлараро бирлашмаларнинг 13 таси ҳам ПАИнинг коллектив аъзолари ҳисобланади. 1971 йилдан буён бош қароргоҳи Женевада жойлашган. Бугунги кунда ПАИ суверен давлатлар парламентларининг халқаро ташкилоти сифатида:
биринчидан, аъзо миллий парламентлар ва уларнинг депутатлари ўртасида юксак демократик қадриятларни илгари суриб келмоқда;
иккинчидан, барча парламентларнинг аъзолари ўртасида яқин муносабатларни ривожлантириш йўли билан вакиллик органларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда;
учинчидан, ПАИга аъзо парламентлар ҳамкорликда фаолият олиб бориши учун уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилмоқда;
тўртинчидан, барча миллатлар ўртасида тинчлик ва барқарорлик, ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантирмоқда;
бешинчидан, хавфсиз ва ҳамжиҳат келажакни таъминлаш учун самарали фаолият юритмоқда.
ПАИ халқаро низоларнинг тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдоридир. Бунда бутун дунё парламентларининг аниқ ҳаракатларига таянган ҳолда, вакиллик демократияси, тинчлик ва халқаро хавфсизлик, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқ, гендер тенглик, халқаро савдо-сотиқ, шунингдек, таълим, фан ва техника соҳаларида самарали парламент дипломатиясидан фойдаланиш муҳим роль ўйнамоқда.
ПАИ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони ҳисобланиб, унинг доирасида муҳокама қилинган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш ПАИнинг асосий вазифаларидан биридир.
Бугунги кунда ПАИ овози дунё бўйлаб тобора баланд янграмоқда. Мазкур Ташкилот фаолияти мисолида ҳозирги замон халқаро муносабатлари мезонларининг самарадорлиги яққол кўринмоқда.
ПАИ фаолиятининг халқаро эътирофи ҳақида фикр юритганда, мазкур халқаро ташкилотга асос солган арбоблардан Фредерик Пасси ва Уильям Кремер, ПАИнинг илк Бош котиби Альбер Гоба, кейинги даврда ташкилотга раҳбарлик қилган Огюст Беернарт ва Фернан Бюиссон Тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Янада муҳими, Ф.Пасси Тинчлик бўйича Нобель мукофотининг дастлабки совриндоридир.
Бу борадаги намунали парламент дипломатиясини рағбатлантириш ва парламентлар аъзоларининг янада мустаҳкам тинчлик ва демократик жамиятларга эриш йўлидаги астойдил интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ПАИ томонидан 2021 йили “Кремер-Пасси мукофоти” таъсис этилди. Ушбу мукофот ПАИ мақсадларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш ишига, шунингдек, дунёнинг якдил, адолатли, хавфсиз, барқарор ва тенг ҳуқуқли бўлишига улкан ҳисса қўшган парламент аъзоси ёки бир гуруҳ аъзоларига ҳар йили 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни ва ПАИ ташкил топган санада топширилади.
Дунёдаги барча парламентлар аъзолари Халқаро парламентаризм кунини байрам сифатида нишонлаш муҳим ва зарурлигини эътироф этадилар. Чунки ушбу халқаро сана, бир томондан, жаҳон миқёсида парламентларнинг мавқеи мунтазам юксалиб бораётганини намоён этса, иккинчи томондан, парламентлар фаолиятини кенг кўламда тарғиб этиш ва таништиришда улкан аҳамият касб этади.
ПАИ ташкил этилганидан кейинги 133 йил давомида кўплаб халқаро ва минтақавий парламентлараро ташкилотлар юзага келиши учун намуна бўлиб хизмат қилди. Ҳозирги кунда глобал ва минтақавий парламентлараро ташкилотларнинг сони 100 тадан ошади.
ПАИ БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. ПАИга БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.
Чорак аср давомида ҳар икки нуфузли халқаро ташкилот ўз вазифаларини астойдил бажариш, бошқа халқаро ташкилотларни қўллаб-қувватлаш, умумий мақсадларга якдиллик билан интилиш борасида ҳамиша ҳамкор ва ҳамфикр бўлиб келмоқда. Иккала халқаро ташкилотнинг ҳам мақсад-вазифалари кўп жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон ва Парламентлараро Иттифоқ: cамарали ҳамкорлик йўлида
Ўзбекистон Республикаси ПАИга 1992 йилда аъзо бўлган. Мамлакатимиз 2017 йил 13 октябрдан мазкур Ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ПАИ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
2019 йил 17 октябрда Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили ПАИ Ижроия қўмитасининг аъзоси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу лавозимга сайланди ҳамда ПАИ Вице-президенти этиб тайинланди.
Шуни ҳам айтиш жоизки, ПАИ глобал миқёсда ёки БМТ билан муносабатларда миллий парламентлар каби амалий ваколат ва нуфузли имкониятларга эга эмас. Мазкур халқаро ташкилот муайян сиёсий масалалар юзасидан ўзининг барча аъзолари номидан иш тута олмайди. Оқибатда БМТнинг асосий резолюция ва декларацияларида парламентлар аъзоларининг овози баъзан ҳисобга олинмасдан қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, миллий парламентлар делегацияларининг БМТ ўтказадиган тадбирларда, хусусан, Барқарор тараққиёт мақсадлари ижросининг муҳокамаларида, БМТ махсус муассасалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ҳамда БМТнинг шартномавий қўмиталари мажлисларида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш зарур. Бунда ПАИ, айниқса, БМТ билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган гендер тенглик ва инсон ҳуқуқлари соҳаларига алоҳида аҳамият қаратиш тақозо этилади.
Ўзбекистон томонининг фикрича, БМТ механизмлари, шу жумладан Барқарор тараққиёт мақсадларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглик, ёшлар сиёсати, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш каби масалалар юзасидан парламент аъзолари учун ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этиш зарур.
Бу ҳақда сўз борганда, мамлакатимизнинг БМТ конвенцияларини бажариш бўйича даврий маърузаларни кўриб чиқишда иштирок этадиган делегациялар таркибига миллий парламент аъзоларини киритиш амалиётини ибратли намуна сифатида кўрсатиш мумкин.
ПАИнинг 2021 йили бўлиб ўтган 142-ассамблеясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Асланов ПАИнинг Ёш парламентарийлар форуми аъзолигига қабул қилинди; Қонунчилик палатаси Қўмитаси раисининг ўринбосари Н.Тилаволдиев ПАИнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитаси аъзолигига сайланди; Қонунчилик палатаси депутати М.Баратова ПАИнинг Барқарор тараққиёт бўйича доимий қўмитасига аъзо бўлди.
Бундан ташқари, ПАИ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусини халқаро ташкилотлар раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон ва Парламентлараро Иттифоқ: гендер сиёсати тажрибаси
Жаҳондаги миллий парламентлар аёл спикерларининг 14-саммити жорий йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Мазкур Саммитнинг Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёда илк бор ўтказилиши жаҳон ҳамжамияти томонидан мамлакатимизнинг парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижалари, гендер сиёсатда эришган самаралари, жамиятни демократлаштириш йўлидаги шиддатли ислоҳотлар туфайли қўлга киритган ютуқларининг эътирофидир.
Миллий парламентлар аёл спикерларининг Саммити фикрлашиш ва парламент тажрибасини алмашиш, шунингдек, етакчи аёллар ўртасида алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай мулоқот майдони ҳисобланади. Аввалги Саммит 2021 йил сентябрь ойида Вена шаҳрида бўлиб ўтган ва коронавирус пандемиясининг оқибатларини бартараф этиш масалаларига бағишланган.
Шу ўринда Ўзбекистонда аёлларга кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли 2020 йилда мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилганини қайд этиш лозим. Аёллар сони Қонунчилик палатасида депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизини ташкил этиб, бу орқали Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етишига эришилди.
Жаҳон банкининг аёллар, бизнес ва қонун индексида 2020 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ишлаб турибди. Хотин-қизларнинг сиёсий партиялардаги улуши 44 фоиз, олий таълимда 40 фоиз, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Вазирлик ва идораларда 15 мингдан зиёд кадрлар захираси шакллантирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан жорий йил 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда “Ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият – бу унинг оиласидир”, деб айтдилар.
Давлатимиз раҳбари Оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида Конституциямизда “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаш таклифини билдирди. Шунингдек, Юртбошимизнинг уқтиришича, ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланишини Асосий қонунимизда қатъий белгилаб қўйиш лозим.
Президентимиз томонидан аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун давомий равишда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида бу борада ҳам устувор вазифалар белгилаб олинди.
2026 йилга қадар малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиш, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматларни ижтимоий шартнома асосида тақдим этиш, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилиш шулар жумласидандир.
Давлатимиз раҳбари аёлларнинг саломатлигини тиклаш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ҳам қатор тадбирлар амалга оширилишини маълум қилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз аёлларининг бу ва бошқа муаммоларини ҳал этиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича Президент фармони имзоланди.
Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама рағбатлантириш борасида давлат ва жамият томонидан амалга оширилаётган масъулиятли ишлар халқаро мезону талабларга тўла ҳамоҳангдир. ПАИ Бош котиби Мартин Чунгонг қайд этганидек, “Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий фаолиятда иштирок этишларини рағбатлантириш, сиёсий соҳа ва давлат ишларида тенг ҳуқуқли асосда қатнашишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олишлари ҳамда касб ўрганишлари масаласига пандемиядан кейинги тараққиётнинг устувор йўналиши сифатида жиддий эътибор қаратилмоқда”.
Парламентаризм ва ёшлар
ПАИ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Парламентда ёшларни қўллаймиз” мавзусидаги ёшлар парламент форумида ҳам иштирок этди. Учрашувда ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида, жумладан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда эришилган натижалар, ёшларнинг давлат бошқаруви ва парламентдаги иштироки масалалари кенг муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшлар манфаатларини ҳар томонлама рўёбга чиқаришга қаратилган мазмундор ва самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда, айниқса, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистоннинг халқаро минбарлардан билдираётган ташаббуслари алоҳида эътибор билан қабул қилинаётгани улкан аҳамиятга эгадир.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби ҳам ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги сиёсий ва маданий-гуманитар ташаббусларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш зарурлигини эътироф этгани бежиз эмас. Чунки ёшларнинг бугун ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этиши муҳим омил ҳисобланади.
Мартин Чунгонг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентларининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, навқирон авлод вакилларига тааллуқли қарорларни қабул қилишдаги фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ёшлар парламентлари аъзоларининг қонунчилик жараёни, парламент фаолияти, ёшлар билан ишлашда тўплаган маҳаллий тажриба ва лойиҳалари мўътабар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Экология муаммолари ва парламентлар масъулияти
ПАИ ўзининг парламентлараро глобал ҳамкорлик борасидаги фаолиятида иқлим ўзгаришларига нисбатан халқаро даражадаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга ҳам интилмоқда. Бунда дунё мамлакатлари парламентларининг ролини ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.
Иқлим ўзгаришларининг ачинарли оқибатлари асосан ривожланаётган ва камбағал аҳоли кўпчиликни ташкил этадиган мамлакатларда, айниқса, яққол сезилмоқда. Ушбу мамлакатларда озиқ-овқат ва ичимлик сув тақчиллиги, шунингдек, ҳаво, сув ва тупроқнинг ифлосланиши оқибатлари тобора жиддий муаммога айланиб бораётгани ташвиш уйғотмасдан қолмайди.
ПАИ жаҳон жамоатчилигининг иқлим ўзгаришлари бўйича хабардорлигини янада ошириш ва турли сиёсий партиялар вакилларидан ташкил топган парламентлар аъзоларининг ушбу муаммога ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларини рағбатлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Бу ўринда нафақат иқлим ўзгариши масалалари бўйича тўғридан-тўғри масъул ёки айни мавзуга бевосита қизиқадиган сиёсатчилар, балки иқлимга оид самарали сиёсат олиб бориш ва қонунлар қабул қилишда ҳал этувчи ўрин тутадиган алоҳида жавобгар шахсларнинг фаолиятини ҳам қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф қилди. Ана шу Ассамблеяда БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриш мўлжалланмоқда.
Экология муаммолари сарҳад билмайди. Шунинг учун иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ масалаларни ҳар қайси давлат ўз ҳолича ҳал этишга интилиши кутилгандек самара бермаслиги табиий.
Шу маънода, бутун дунё давлатлари ва барча халқаро ташкилотлар иштирокида иқлим ўзгаришларига қарши курашиш учун ягона халқаро коалиция тузиш зарурати жуда долзарбдир. Жаҳон ҳамжамияти ўзаро бирлашган тақдирдагина бутун инсоният ва ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Парламентаризм ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари
ПАИнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Коммуникация стратегияси ПАИга жорий беш йил давомида коммуникация соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш орқали ўзининг стратегик мақсадларига эришиши учун ёрдам беради. ПАИнинг янги Коммуникация стратегияси бу борада 2019-2021 йилларда амалга оширилган Стратегиянинг узвий давомидир.
Ўтган даврда ПАИ рақамли трансформация йўлига ўтди, ўз аъзолари билан алоқа каналларини кенгайтирди ва янада фаоллаштирди. Айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали маълумот тарқатиш имкониятлари тубдан оширилди.
Ўз навбатида, янги Коммуникация стратегияси дунё мамлакатлари парламентлари, парламентлар аъзолари ва ПАИ фаолиятини ёритишнинг янгича имкониятларини яратиш ҳамда янгидан-янги воситларидан самарали фойдаланиш учун йўл очмоқда.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ПАИ – бутун дунё парламентларини жипслаштириш ва демократияни таъминлашга интилаётган ноёб халқаро ташкилот экани ҳақидаги ижтимоий фикрни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, ПАИнинг янги Коммуникация стратегияси дунёдаги 46 минг нафар парламент аъзоси фаолиятини қамрайди. Содда қилиб айтганда, эндиликда Ер юзининг ҳар қандай чеккасидаги депутат ва сенаторга тааллуқли маълумотлар сайёрамиз кенг жамоатчилигининг эътибор марказида бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз миллий парламентимиз тимсолида, аввало, жамиятимизнинг ҳақиқий кўзгусини, одамларни ўз ортидан эргаштириб, эзгу мақсадлар сари бошлашга қодир бўлган катта бир кучни кўрамиз”.
Шу нуқтаи назардан, 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни бутун жаҳонда парламентлар тизимининг ўрнини ошириш, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир парламентнинг ўз мамлакати ҳудудида истиқомат қиладиган юз минглаб-миллионлаб фуқаролари ҳаётини яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан жуда муҳим.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Парламентлараро Иттифоқ Вице-президенти
- Қўшилди: 24.06.2022
- Кўришлар: 3452
- Чоп этиш