АСОСИЙ ҚОНУНГА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚАЛАРИГА ОИД ЯНГИ НОРМАЛАР КИРИТИЛИШИ ТАКЛИФ ҚИЛИНДИ

2022 йил 20 июл куни Конституциявий комиссия, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ томонидан БМТ ваколатхонаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида “Жаҳон конституцияларида хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларнинг акс этиши” мавзуида халқаро жамоатчилик эшитуви уюштирилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар қатнашди.

Жамоатчилик эшитувининг мақсади — Ўзбекистан ва хорижий давлатларнинг аёллар, хотин-қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, соҳанинг конституциявий- ҳуқуқий асосларини ривожлантириш борасидаги тажрибаси борасида ўзаро фикр алмашиш ҳамда шу асосда “Ўзбекистан Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига тегишли таклифлар ишлаб чиқишдир.

Иштирокчилар сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида эътироф этдилар. Бунда, авваламбор, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масалаларига оид 40 дан зиёд норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Хотин-қиз­лар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистан хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя этишни назарда тутувчи халқаро шартномаларга қўшилди.

Меҳнат кодекси ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартириш, қонунчиликдаги гендер-ассиметрик қоидаларни бартараф этишга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди.

Шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистан Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегия­си, Барқарор ривожланиш сохасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини тубдан мустаҳкамлади ва тегишли тизимли фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг институтсионал асослари янада мустаҳкамланди. Жумладан, Ўзбекистан Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида алохида қўмита, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси янгидан ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, “аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш каби масалаларни ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, дастурлар ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари ва эришилган марралар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани ҳолда, парламентдаги хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламентлар ўртасида 37-ўринга кўтарилди. “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингида 45-ўринни эгаллади.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари Ўзбекистонда эришилган марраларни эътироф этган ҳолда, соҳанинг конституциявий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш хозирги давр, замонамизнинг талаби эканлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, хотин-қизлар ва эркакларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ташкилот ёки корхона томонидан жинслар ўртасидаги камситиш- нинг барча шаклини бартараф этиш, хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уларнинг оила ҳамда меҳнат вазифалари ўртасида мувозанатни сақлашда муаммоли ҳолатлар ҳануз учраб тургани кўрсатиб ўтилди. Бу эса хотин-қизларнинг конституция вий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 18-моддасида “барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг”лиги, 46-моддасида эса “хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли”лиги белгилаб қўйилган.

Бугун умумхалқ муҳокамасида бўлган Конституциявий қонун лойиҳасида бу борадаги нормалар такомиллаштирилаётганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Биринчи гуруҳ янгиликлари Конституция муқаддимасида ўз аксини топган:

  • халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари устуворлигининг эътироф этилиши;
  • ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлашнинг мақсад қилиб олиниши;
  • демократия ғояларига, ижти­моий адолат, эркинлик ва тенг­лик каби қадриятларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши.

Иккинчи гуруҳ янгиликлари Конституциянинг 37-моддаси янги таҳририда намоён бўлади:

  • ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва ги­гиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда бел­гиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги;
  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги;
  • ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва улар­нинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши;
  • ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилмоқда.

Натижада аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилишига эришилади.

Учинчи гуруҳ таклифларини Конституциянинг 63-моддаси янги таҳририда кўриш мумкин:

  • оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлиши;
  • никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши;
  • давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши ҳамда кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар бериши мустаҳкамланмоқда.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари ушбу вазифалар ва Конституциявий қонун лойиҳасидаги “ижтимоий давлат қуриш”га қаратилган бошқа янгиликлар ҳам янги Ўзбекистон ген­дер тенгликни таъминлаш сиёсатининг устувор йўналишларига мослигини таъкидлади.

Бир пайтнинг ўзида, халқаро жа­моатчилик эшитуви иштирокчилари хорижий давлатлар конституцияларида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоялашга оид, хусусан, қуйидаги қўшимча нормалар ҳам мавжудлигига эътибор қаратди:

  • аёллар ҳаётнинг барча жабҳасида, сиёсий, иқтисодий, маданий, ижтимоий ва оилавий ҳаётда эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эгалиги, давлат хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши, эркаклар ва аёлларга тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойилини қўллаши;
  • эркаклар ва аёллар оилада, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда ҳамда таълим, меҳнат ва ижтимоий таъ- минот, давлат мукофотларини олишда тенг ҳуқуқларга эгалиги;
  • ҳар бир аёл тўлиқ ҳамда тенг инсоний қадр-қимматга эгалиги, бу сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятда тенг имкониятларни ўз ичига олиши, аёллар болаларнинг васийлиги ҳамда ҳомийлиги бўйича эркаклар билан бир хил ҳуқуқларга эгалиги ва парламент бу ҳуқуқларнинг амалга оширилишини қонун билан тартибга солиши ҳамда Конституцияда мустаҳкамланган аёллар ҳуқуқларини бузадиган барча қонун, урф- одат, маданий амалиётлар ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилиши;
  • аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шакли бекор қилиниши, уларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш тақиқланиши, эркаклар ва аёллар барча соҳада, айниқса, никоҳ ҳамда оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқларга эгалиги ва никоҳ ўзаро розилик ҳамда моногамия шартлари тамойиллари асосида белгиланиши;
  • давлат хотин-қизларнинг фаровон­лиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилиши зарурлиги;
  • аёлларни жинси ёки никоҳига қараб камситувчи ҳар қандай қонун мақоми ўз кучини йўқотиши, аёлларни камситувчи хатти-ҳаракатлар, хусусан, жинсий ҳақорат қилиш, безорилик ҳамда зўравонлик ёки куч ишлатиш, ишда, бизнесда ва жамоат ишларида камситиш ҳамда мулкдан, жумладан, мерос орқали олинган мулкдан маҳрум қилиш тақиқланиши;
  • ҳар бир аёл хавфсиз оналик ва репродуктив саломатлик ҳуқуқига эга­лиги ҳамда диний, ижтимоий, мада­ний анъаналар, урф-одатлар ёки бошқа сабабларга кўра жисмоний, руҳий, жинсий зўравонликка дучор бўлиши мумкин эмаслиги ва бундай қилмиш қонун билан жазоланиши ҳамда жабрланувчи қонунга мувофиқ товон ундиришга ҳақлилиги, аёллар ижобий дискриминатсия асосида таълим, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш ва ижтимоий таъминот соҳасида алоҳида имкониятлар олиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклиги.

Жамоатчилик эшитувлари иштирокчи­лари, миллий ва хорижий конституция­вий ривожланиш қонуниятларини қиёсий ўрганиш асосида Конституциявий комиссияга хотин-қизлар ҳуқуқларини таъмин­лаш, ушбу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқ уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш бўйича так­лиф ва тавсияларни билдирдилар.

Биринчи таклиф: хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган нормаларни Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттириш масаласини кўриб чиқиш, хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасига хотин-қизлар ҳамда эркаклар меҳнатига тенг ҳақ тўлаш, оилада ва оилавий муносабатларда аёллар ҳамда эркаклар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш каби принципларни киритиш.

Иккинчи таклиф: Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасига давлат хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиши ва хотин-қизларнинг оила ҳамда меҳнат вазифалари ўртасида мувозанатни сақлашини таъ­минлаш, хотин-қизлар камситилишига йўл қўйилмаслигига қаратилган нормаларни акс эттириш.

Учинчи таклиф: давлат хотин-қизлар ва эркакларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ҳамда сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши ва шу мақсадда ҳар қандай шахс, ташкилот ёки корхона томонидан жинслар ўртасидаги камситишнинг барча шаклини бартараф этиш учун тегишли чораларни кўришини конституциявий норма сифатида белгилаб қўйиш.

Тўртинчи таклиф: аёллар ва эркакларга таълим олиш, касб-ҳунар ўргатишда, меҳнатда ҳамда мансаб поғоналарида кўтарилишида (ишда), иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий ва бошқа фаолият соҳаларида тенг имко­ниятлар, шунингдек, уларнинг меҳнати ҳамда соғлиғини муҳофаза қилиш учун шарт-шароитлар яратиш.

Халқаро жамоатчилик эшитуви ишти­рокчилари Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини самарали муҳофаза қилишга имкон беришини таъкид­лади. Хотин-қизлар ва оила масалаларининг конституциявий-ҳуқуқий асосларининг мустаҳкамланиши янги Ўзбекистонни қуриш ҳамда учинчи Ренессанс асосларининг мустаҳкамланиши, халқ фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш, жамиятда инсон капиталини ошириш каби вазифаларни бажаришда ҳал қилувчи омиллардан бўлиши эъти­роф этилди.

 

Халқ сўзи газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech