“КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ МУҲОКАМА

2022 йил 15 август куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ҳамда О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети ва  Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, Қозоғистон гуманитар юридик университети ҳамкорлигида “Конституциявий ислоҳотлар: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий муҳокама ташкил этилди.

Илмий муҳокаманинг бош мақсади мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар фонида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш истиқболлари йўлида миллий ва хорижий тажрибани, хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси тажрибасини қиёсий-ҳуқуқий ўрганиш, муҳокама қилиш ва илғор ҳуқуқий қадриятларни конституциявий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида мустаҳкамлаш борасида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Илмий муҳокама шаклида, офлайн ва онлайн форматда ўтказилган мазкур халқаро тадбирда О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети профессори, юридик фанлар номзоди, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист В.И.Лафитский, Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, Қозоғистон гуманитар юридик университети профессори, юридик фанлар доктори С.Ф.Ударцев ҳамда ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети вакиллари – академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Шуни қайд этиш лозимки, конституциявий ислоҳотларнинг асосий ташаббускори – бу мамлакатимиз фуқаролари. Унинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевдир. Зеро, ушбу фудаментал, концептуал ғоя сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган кенг кўламли, тизимли ва шиддатли ислоҳотларга таянади ва уларнинг ўзига хос натижаси, демократик индикаторларидан бири ҳисобланади. “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли фундаментал китобда халқимиз иродаси, орзу-умидлари ва хоҳиш-иродасини инобатга олиб, конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналиши кўрсатиб берилган. Зеро, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ва шиддатли демократик ислоҳотларни ўзаро боғлаб, жипслаштириб турувчи ўзагини – айнан “Инсон қадри учун” ғояси, ҳар қандай шахснинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳуқуқларини жойига қўйиш, улуғлаш ғояси ташкил этади.

Илмий муҳокама давомида ҳозирга қадар конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан халқимиз, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллалар аҳолиси томонидан Конституциявий комиссияга 1-босқичда – 62 мингдан ортиқ; 2-босқичда – 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганлиги қайд этилди. Ушбу таклифлар жамият ва давлат ҳаётининг барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларини қамраб олган.

Бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли конституциявий  ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва пировардида, инсон қадрини улуғлаш, унинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш эканига тўхтаб ўтилди.

Муҳокамалар давомида бугунги кунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – барча Ўзбекистон фуқароларинг қалбидан чуқур жой олиб, уни ҳаётга татбиқ этиш умуммиллий ҳаракатига айланиб улгургани ва энг муҳими, уларнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайгани, фуқароларнинг Ўзбекистондаги шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ортиб, юксалиб бораётгани хорижий ва миллий экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Халқаро анжуман давомида экспертлар томонидан “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда янги “Инсон – шахс – жамият” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш таклифи жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилингани, ушбу ғоялар ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши, турли йўналишлардаги тарихий янгиланишларни ўзаро боғлаб тургани ҳақида фикр алмашдилар. Бу борада Россия Федерацияси ва Қозоғистон тажрибасининг бир қатор жиҳатларига урғу берилди. 

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз тарихида сифат ва мазмун жиҳатдан янги тараққиёт даври бошланганидан далолат беради. Бу янги даврнинг энг муҳим ва устувор хусусиятлари, аввало, мамлакатимизда давлат ва бошқарув органлари, барча раҳбарлар бундан буён ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бориши, уларнинг барча куч ва имкониятлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганида акс этади. Зеро, “инсон қадри” ва “ижтимоий давлат” тушунчаларини бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди, улар бир-бирини тақозо этади ва ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Муҳокамаларда фундаментал инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳурмат қилиниши, инсон шахсий ҳаётининг даҳлсизлиги, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши; айбсизлик презумпцияси; давлат ва ватандошлар муносабати; жамоатчилик назорати, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланиши ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлиши, давлат ижтимоий хизматлар тизими, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги, мулкдор мол-мулкига ўз хоҳиши ва ўз манфаатини кўзлаб, унга эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги борасидаги масалалар бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлди. Таклиф этилаётган Конституциявий қоидаларнинг хорижий аналоги хусусида сўз борди.

Пировардида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш халқнинг орзуси, эзгу истаги, олий мақсади бўлган – Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти экани таъкидлаб ўтилди.

Якунда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси долзарб, у юзасидан билдирилган умумхалқ фикри, таклиф-мулоҳазалари ўринли ва шу асосда шакллантирилгани қайд этилди.

Барқарор ривожланиш маркази

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech