КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

2022 йил 15 август куни Тошкентда “Конституциявий ислоҳотлар: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий муҳокама бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ, шунингдек, О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети ва  Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди, Қозоғистон гуманитар юридик университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро илмий муҳокаманинг бош мақсади конституциявий ислоҳотлар даврида инобатга олиниши керак бўлган инсон ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормларни конституцияларда ифода этиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича миллий ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш, муҳокама қилиш ва мазкур тамойилларни конституциявий қонунчилик ва амалиётда мустаҳкамлаш борасида ҳар томонлама асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Мулоқотга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси, академик Акмал Саидов модераторлик қилди.

Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган мазкур тадбирда О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети профессори, юридик фанлар номзоди, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист В.Лафитский, Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, Қозоғистон гуманитар юридик университети профессори, юридик фанлар доктори С.Ударцев ҳамда ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети вакиллари – академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди ҳамда сўзга чиқди.

Иштирокчилар бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий  ислоҳотнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, пировардида, инсон қадрини улуғлаш, унинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш эканини алоҳида таъкидладилар. 

Профессор Владимир Лафитский бугунги кунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – барча Ўзбекистон фуқаролари қалбидан чуқур жой олиб, уни ҳаётга татбиқ этиш умуммиллий ҳаракатига айланиб улгургани, энг муҳими, уларнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайгани, фуқароларнинг Ўзбекистондаги шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ортиб, юксалиб бораётганини алоҳида эътироф этди.

Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг бош мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш эканини жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётганини таъкидлар экан, В.Лафитский бу борадаги Россия тажрибасининг замонавий жиҳатлари билан тадбир иштирокчиларини таништирди. 

Профессор Сергей Ударцев мамлакатда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришга йўналтирилган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганига юқори баҳо берди. Бу янгиланишлар кенг қамровли, шиддатли экани, аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилгани алоҳида эътирофга сазоворлигини  қайд этди.

Шунингдек, С.Ударцев “Инсон қадри учун” ғояси ва “Инсон – шахс – жамият” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш таклифи жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилингани хусусида тўхталди. Унинг фикрича, ушбу ғоялар Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этади ва турли йўналишдаги тарихий янгиланишларни ўзаро боғлаб турибди.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз тарихида сифат ва мазмун жиҳатдан янги тараққиёт даври бошланганидан далолат беради. Бу янги даврнинг энг муҳим ва устувор хусусиятлари, аввало, мамлакатимизда давлат ва бошқарув органлари, барча раҳбарлар бундан буён ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бориши, уларнинг барча куч ва имкониятлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганида акс этади.

Зеро, “инсон қадри” ва “ижтимоий давлат” тушунчаларини бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ғоялар бир-бирини тақозо этади ва ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон нафақат ижтимоий, балки адолатли жамият сари илдам қадам ташлаётгани, бу борада юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилгани, давлатнинг ижтимоий масъулияти тобора ортаётгани, ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг ҳеч бири назардан четда қолмаётгани, айниқса, пандемия даврида давлатимиз ва жамиятимизнинг инсонпарварлик руҳи яна бир бор намоён бўлгани ҳақида фикрлашдилар.

Муҳокама давомида янгиланаётган Конституцияга киритиш учун келиб тушган таклифларнинг мазмун-моҳияти, жумладан:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш;

ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги;

ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг даҳлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга бўлиши;

мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, мулкдан фойдаланиш атроф муҳитга зарар етказмаслиги борасидаги долзарб масалалар бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.

Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқнинг орзуси, эзгу истаги, олий мақсади бўлган том маънодаги инсонпарвар ва адолатли, эркин ва демократик, обод ва фаровон, дунё мамлакатлари билан ҳар томонлама рақобатбардош демократик ҳуқуқий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти экани таъкидланди.

Халқаро ва миллий маърузачилар Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўналишида фуқароларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва сайъ-ҳаракатлар ўз мевасини бераётгани ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Энг муҳими, фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг конституциявий асосларини такомиллаштириш масалалари бўйича асосланган таклифлар илгари сурилди.

Халқаро илмий муҳокама якунида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида билдирилган фикрлар ва таклиф-мулоҳазалар асосида такомиллаштирилаётгани, ўз навбатида, янгиланадиган Асосий қонун – том маънода халқ Конституцияси сифатида намоён бўлишига хизмат қилиши қайд этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech