МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ: ТАҲЛИЛ ВА НАТИЖАЛАР

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилган. Бу борадаги фаолият билан асосан Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими шуғулланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2018 йил 10 декабрдаги қарори билан Марказ зиммасига:

  • жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • мурожаатларнинг ҳал қилиниши мониторинги ва таҳлилини амалга ошириш;
  • давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиётини жойларда бевосита ўрганиш;
  • манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларга инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишини таъминлаш бўйича тавсиялар бериш вазифалари юклатилган.

Марказ томонидан 2022 йилнинг ўтган даврида 900 дан ортиқ мурожаат ижро учун қабул қилинган. Ҳозирга қадар ана шу кўриб чиқилган мурожаатларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини ижобий ҳал қилиш таъминланган.

Мурожаатлар келиб тушиши ҳудудийлиги жиҳатдан таҳлил қилинганда, кўпчилик мурожаатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларининг ҳиссасига тўғри келади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти ўтган йиллардаги каби:

  • одил судловни амалга ошириш;
  • суд қарорларидан;
  • дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг қарорларидан;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик;
  • ер ажратиш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлардан иборат.

Маълумки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун 9-моддасида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, Марказда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.

Таҳлил қилинган даврда Марказга келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 30 фоизи шахсий қабул жараёнида келиб тушган мурожаатлардир.

Мисол учун: Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро В.Адибекова Марказ директори томонидан қабул қилиниб, унинг суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан ҳамда фуқаролик иши бўйича  қабул қилинган суд қарорларидан норозилиги бўйича мурожаати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбариятига тегишли тавсия хати киритилган эди.

Ушбу тавсия асосида фуқаро В.Адибекова Бош прокуратура раҳбарияти томонидан шахсан қабул қилинган. Унинг келтирган важлари юзасидан қонуний чора-тадбирлар белгиланган ва мурожаатчининг талаблари қондирилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: фуқароларнинг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга бўлган ишончини таъминлаш учун нималар қилиш зарур?

Бунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак.

Бинобарин, “Инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари ва эркинликлари – олий қадрият”.  Бу тамойил ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтириши зарурлигини англатади.

 

Отабек НОРБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech