Совға билан поранинг ораси бир қадам

Ўзбекистон Президенти 2022 йил 8 августда имзолаган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун талабига кўра, давлат хизматчиси ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга ҳақли эмас.

Содда қилиб айтганда, яқин уч ойдан кейин кучга кирадиган янги қонунда “совға” тушунчасига ниҳоят аниқлик киритилди. Давлат хизматчилари томонидан совға олиш ва бериш тартиби белгилаб қўйилди.

Қонуннинг ушбу талаблари билан танишиш асносида, Устозим – атоқли таржимашунос олим Ғайбуллоҳ ас-Салом айни мавзуда сўзлаб берган ибратли ҳикоят эсимга тушди. 

Гап шундаки, Домла 1967 йилда Миллий энциклопедия ташвишлари билан Минск шаҳрига борганларида, чинниворлар дўконидан донаси бир сўму олтмиш тийиндан зирҳига зарҳал сув югуртирилган пиёлага ўхшаш олтита чиройли идиш харид қилади. Тошкентга қайтгач, бевосита раҳбари ва устози Иброҳим Мўминовга ҳисобот беради ва қоғозга ўралган ушбу совғани узатади. 

Аммо, ҳадя қабул қилинмайди, рад этилади. Иброҳим Мўминов ўз ўринбосари ва шогирдига: “Совға уйингизда турсин, фан докторлигини ёқлашингиз муносабати билан уюштирадиган зиёфатингизда шу чинни идишда чой қуйиб берасиз”, дейди.

Кейинчалик Ғайбулла аканинг “Ҳалоллик бозорда сотилмайди” номли китобида бу воқеанинг тўлиқ тафсилотини ўқиб қолдим. Устознинг ана шу ҳаётий воқеадан чиқарган ибратли хулосаларига тўхталишдан олдин, ўзимнинг ҳам тажрибамда учраган худди шунга ўхшаш воқеани сўзлаб бермоқчиман.

Катта ташкилотлардан бирида ишлаганимда, хорижий хизмат сафарига юборилишимга бевосита раҳбарим (мен ўша раҳбарнинг ёрдамчиси эдим) тўсқинлик қилган. Юқори турувчи раҳбариятнинг талаби билан чет элга, барибир, борганман. Қайтишда ўша “қийимсиз” раҳбаримга ҳам арзимас совға – бир шиша виски ва шоколад, бошқа ҳамкасбларимга арзон бўйинбоғлар олиб келдим.

Ҳамкасбларим, албатта, хурсанд бўлди. Аммо, раҳбаримга аталган совғани қандай топширишни билмай, ярим куним ташвишда ўтди. Тушга яқин раҳбар иш кабинетида йўқлигидан фойдаланиб, совғани унинг кийим жавонидаги токчага киритиб қўйдим. 

Бундан мурод шу эдики, раҳбар бош кийимини қўйиш асносида токчадаги ўроғлиқ нарсага кўзи тушиши тайин. Жуда эҳтиёткор одам бўлгани учун, ҳар ҳолда, дарров мени чақиради. Ўшанда, бу “мозорбости” совғам эканини амаллаб тушунтираман.

Режанинг ярми кутганимдек бўлди, ярми эса мутлақо ўхшамади. Раҳбарим совғани кўрибоқ, мендан нималигини сўради. Айтганимдан сўнг уч соат тинимсиз тергади. Кейин чой дамлаб келгани чиқариб юборди. 

Иш куни шундай машмаша билан якунига етиб, раҳбаримнинг столида қолган чойнак-пиёлаларни олиб чиқиш учун эшикни қоқдим, очдим ва ичкарига қадам қўйдим. Не кўз билан кўрайки, раҳбарим мени шунча хуноб қилган бадбахт совғани дипломат-жомадончасига сиғдириш билан оввора эди. Шундай экан, уч соат асабимни эговлаб, “совға – пора” экани ҳақида менга маъруза ўқигани қаёқда қолди, сира тушунолмадим.

Секингина ортга қайтдим, эшикни ҳам сездирмасдан бекитиб қўйдим. Орадан сал фурсат ўтиб, раҳбарим “қорни ўхшовсиз дўппайган” дипломатини кўтарганича кабинетидан чиқди. Худдики совғамни олмагандек, раҳмат ҳам демасдан, бефарқ қиёфада лифт сари одимлади. Аммо... 

Совға ўралган газетанинг жомадончадан ташқарига чиқиб қолган бир қаричча бўлаги шамолда шитирларди. Бу қоғоз парчаси худди баҳайбат бир тилга ўхшардики, содир бўлган уятли воқеадан атроф-жавонибни хабардор қилмоқчидек, тинимсиз “жар” соларди. Бу қоғоз парчаси виждондек ниҳоятда безовта қалқимоқда эди. Бу қоғоз парчаси ноҳақликка қарши исён байроғидек қайсарона ҳилпирарди.

Лифтни кутиш учун тўхтаган раҳбаримнинг изидан етиб бордим ва “жарчи” қоғоз бўлагини йиртиб олиб, кўрсатмайгина чўнтагимга солдим. “Оқ туя кўрдингми, йўқ”. 

Раҳбарим бежо ҳаракатни сезиб-сезмай ҳам қолди. Шу боис, ҳеч нарсани тушунмасдан, безрайиб қараб қўйди. Мен эса яна бир бор тавозе билан хайрлашдим...

 Энди профессор Ғайбулла Саломовнинг академик Иброҳим Мўминовга совға бериши тарихининг давомига тўхталаман. Домла шундай саволни кўндаланг қўйганлар: “Устози калон у совғани мендан қабул қилмай тўғри қилдими?”. Жавобни ўзлари берадилар: “Билмадим. Бу кимнинг қандай тушунишига боғлиқ”.

Устозимнинг фикрича, одамларнинг ўзаро мураккаб муносабатида ўртага тушган, айтайлик — агар самимият ва беғаразлик бўлса — юз сўм пул совға деб қабул қилиниши ҳам мумкин. Айни вақтда атиги бир сўм — агар бунинг остида ғараз, хусумат, мўлжал, тама ётган бўлса — пора бўлиши ҳам мумкин.

Совға, тортиқ, ҳадя билан поранинг ораси бир қадам. Аслида, агар муносабатлар текис, самимият ва одамгарчилик ғолиб бўлса, совға-салом деганингиз кишиларнинг ҳурмат ва оқибатини кучайтиради. Бу ҳам бир соғлом инсоний ҳодиса. Бироқ агар бунинг тагида қандайдир мажбурият ёхуд «мўлжал» бўлса, бундай совға— ҳаром.

Зотан, ўйлаб кўринг-а: бир киши бошқа бир одамга, ҳамма вақт ҳам ўзидан-ўзи мукофот беравермайди, тортиқ қилавермайди. Қанчадан-қанча ажойиб одамлар машъум «совғалар» тузоғига илиниб, бебурд бўлгани, обрўсидан айрилгани, жиноий жавобгарликка тортилганини эшитмаганмисиз?

“Домла билан менинг ўртамизда бўлиб ўтган гапнинг тамомила ўзгача маъноси бор, – деб қайд этадилар Ғайбулла ака. – Аввало, башарти, у киши менинг ҳадямни қабул қилганида, бу одатий, ўзимизнинг ўзбекона бир таомил («мозорбости») маъносида аллақачон унутилиб кетган бўларди. Буни эслаб ҳам ўтирмасдим. Аммо! Устод тақдим этилган ўша арзимас матоҳни самимият юзасидан қабул қилиб, мени хушнуд этгандан кўра, худди шундай, балки бундан ҳам зиёдроқ самимият билан уни рад этиб, бениҳоя катта марҳамат билдирди. Негаки, бу менга бир умрга татигулик жонли сабоқ бўлди”.

Устоз айни мавзуга “Жаҳонгашта Бобурнома” китобида ҳам тўхталган. Яъни, Ғайбуллоҳ ас-Салом уқтирганлридек, “Совға, ҳадя нималигини билмайдиган халқ бўлмаса керак. Ҳадиси Шарифларда мусулмонлар бир-бирларига вақт-вақти билан совға-салом қилиб турсинлар, деб айтилган. Бу ўзаро ҳурмат, илтифот ва меҳр-оқибатни кучайтиради. Совға-салом, хайр-эҳсон, садақа (тасаддуқ) асли шаръийдир. Турган гап, бунинг остида қандайдир ғараз ёки бирон “мўлжал” бўлмаса. Аммо Шарқда дин туфайли қон-қонига тўғрилик, диёнат, иймон сингиб кетганлиги боис, ҳозир ҳам бизнинг кишиларимизда саховат, очиққўллик, дастурхондорлик, меҳмондўстлик кучли. Хайриятки, ўша тўпос турғунлик даврида бу сингари олийжаноб инсоний сифатларнинг қадри тушмади, "эскилик сарқити”га айланиб улгурмади. Бироқ барибир бу мусаффо туйғуларга ҳам оғу қўшилди. Инсоний самимият йўқолган жойда одамлар ўртасидаги муносабатларга дарз кетади”.

         Бундай пурмаъно фикрларга нимадир қўшимча қилишнинг ўзи ортиқча. Шунинг учун жорий йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Ғайбулла Саломов таваллудига 90 йил тўлишини эсга олиб, қадрли Устознинг хотираси доимо ёдимизда эканини таъкидлаш билан чекланамиз.

 

          

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech