ВАТАНИМИЗНИНГ ЁРУҒ ИСТИҚБОЛИ ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯГА БОҒЛИҚ

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

 

Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичида ёшларнинг олий маълумот олиш даражаси 9 фоиздан 32 фоизгача, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш эса эса 27 фоиздан 67,2 фоизгача ўсди.

Энди қиёс учун мана бу рақамлар билан танишинг: Ер юзидаги жами давлатларнинг ҳар бештасидан биттасигина ўз аҳолисига 12 йиллик мажбурий бепул таълимни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлай олади. Аксарият мамлакатларда пандемия инқирози туфайли таълим соҳасидаги вазият кескин қалтислашган.

Бугун дунёда 770 миллиондан ортиқ катта ёшли аҳоли ўқиш ва ёзишни ҳам билмайди. Ана шу саводсиз кишиларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Коронавирус оқибатида сайёрамиз миқёсида қарийб 24 миллион нафар ўқувчи эндиликда ҳеч қачон мактаб ва бошқа таълим масканлари остонасидан ҳатлаб, дарсларга қатнай олмаслиги эҳтимоли кучли. Билим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолаётган бу кўп сонли ёшларнинг 11 миллион нафари қизлар ва навқирон аёллар экани ачинарлидир.

Ушбу ташвишли далиллар даставвал ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле томонидан 8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни муносабати билан маълум қилинди. О.Азуле хоним куйиниб айтганидек, “тезкор чоралар кўришни талаб қиладиган бундай оғир вазиятда ЮНЕСКО ва унга аъзо давлатлар томонидан таълим соҳасида олдинги ўн йилликларда эришилган ютуқларни наинки қўлдан бой бермаслик, айни вақтда бу марраларни имкон қадар мустаҳкамлаш учун астойдил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда”.

Ўз навбатида, жорий йил 16-19 сентябрь кунлари Нью-Йоркда бўлиб ўтган Таълимни трансформация қилиш бўйича БМТ саммитида айни мавзу билан боғлиқ янада аянчли маълумотлар очиқланди. Хусусан, кейинги даврда жаҳонда таълим соҳаси дучор бўлган инқироз туфайли 2020 йилда қарийб 147 миллион нафар ўқувчи кундузги дарсларнинг ярмидан кўпига кирмаган. 2021 йилда эса 244 миллион бола ва ўсмирлар таълим масканларига умуман қатнамаган.

Пандемия дунё болаларининг 90 фоизидан ҳам ортиғига таълим олишлари учун ғов бўлган  ва бу – инсоният тарихида айни соҳа дуч келган энг йирик ҳалокатдир. Боз устига, жаҳон мамлакатларининг тенг ярми таълимга ажратиладиган маблағлар миқдорини қисқартиргани соҳадаги инқирозли вазиятни янада танг ҳолатга солиб қўйди.

Оқибатда ҳозирги вақтда бутун дунё болаларининг 64,3 фоизи жўнгина матнни ҳам на ўқий олади, на мазмунини тушунади. Бу дегани – яна бир неча йилдан кейин сайёрамиз аҳолисининг ҳар уч нафаридан бири мутлақо саводсизга айланиб қолишини англатади.

Янада ачинарлиси, яқин орада 840 миллион нафар ўсмир билимга, касб-ҳунарга, умуман, келажакка ҳеч қандай тайёргарликсиз мактабдан – ҳаётга йўлланма олади. Бундай ташвишли ҳолга барҳам бериш учун жаҳондаги жами мамлакатларнинг атиги ярмига яқинигина қолиб кетган дарсларни ўқитиш бўйича болажонларга кўмаклашишга қаратилган ўз стратегияларига эга, холос.

Шу маънода, Таълимни трансформация қилиш бўйича БМТ саммитида 130 дан зиёд давлат ўзларининг таълим тизимини қайтадан кўриб чиқиш мажбуриятини зиммасига олгани диққатга лойиқдир. Айни вақтда ушбу мамлакатлар таълим соҳасидаги инқирозга чек қўйиш борасидаги фаолиятини изчил кучайтирмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, яқинда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган асосий вазифаларга яна бир бор тўхталар экан, биринчи навбатда, мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар мавзусига тўхталди. Жумладан, “таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз”, деди Юртбошимиз.

Эътиборли томони шундаки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу баёноти Таълимни трансформация қилиш бўйича БМТ саммитидан роппа-роса 20 кун олдин – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимда янгради. Ўзбекистоннинг таълим тизимида инқилобий ўзгаришлар яратишга қаратилган шиддаткор мақсад-вазифалар эса бундан ҳам анча олдин белгилаб олингани таҳсинга сазовор.

Яъни, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мазкур соҳада “Таълим тўғрисида”ги, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги ва “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунлар, Президентимизнинг 170 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, 2030 йилгача бўлган муддатга Илм-фан, олий таълим тизими, давлат ва мактабгача таълим тизимларини ривожлантириш бўйича концепция тасдиқланди ва амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишлар изчил ва тизимли тарзда давом этмоқда. Келгуси беш йилга белгиланган Тараққиёт стратегиясининг 100 асосий мақсадидан бир нечтаси айнан таълим соҳасини тараққий эттириш билан боғлиқдир. Шу ҳақда мухтасар сўз юритамиз.

Тараққиёт стратегиясининг 38-39-40-мақсадларида мактабгача таълим тараққиётига оид муҳим вазифалар белгилаб берилган. Болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини ҳозирги 67 фоиздан камида 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Шу асосда Президентимиз раҳбарлигида йирик шаҳарлардан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларгача янги-янги замонавий боғчалар барпо этилмоқда. Бинобарин, мактабгача таълим – узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми бўлиб, у боланинг соғлом ва ривожланган шахс бўлиб шаклланишини таъминлайди, ўқишга иштиёқ уйғотади ҳамда жажжи фарзандларимизни тизимли ўқитишга тайёрлаб боради.

 Тараққиёт стратегиясининг 41-42-43-44 ва 45-мақсадлари мактаб таълимини ҳар томонлама ривожлантиришга тааллуқли. Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги олти йилда халқ таълими тизимига бўлган муносабат ҳам, эътибор ҳам тубдан ўзгарганини эътироф этиш айни муддаодир.

Давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлодга таълим-тарбия беришни кучайтириш, улар маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Ушбу тизим аввал илғор хорижий мутахассислар  томонидан экспертизадан ўтказилиб, кейингина ҳаётга татбиқ этилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янги мактаблар барпо этилмоқда, хусусий мактабларни кўпайтириш, умуман, таълим сифатини оширишга ҳар томонлама жиддий эътибор қаратилмоқда. Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълим ҳар томонлама ривожлантирилмоқда. Малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич ошириб бориш чоралари кўрилмоқда.

Тараққиёт стратегиясининг 46-47-48, 49 ва 50-мақсадлари олий таълим тизимдаги янгиланишлар билан боғлиқдир. Мамлакатимизда олий ўқув юртлари сони 77 тадан 170 тага етди, уларга қабул квоталари 3,5 бараварга ортди.

Олий таълимда рақобатни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 24 та хорижий ҳамда 27 та нодавлат олийгоҳ ташкил этилди. Шу асосда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 32 фоизга оширилди.

Айни чоғда, масаланинг ғоятда муҳим бир жиҳати ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Яъни, давлат, бир томондан, таълим соҳасини ривожлантириш учун зарур маблағларни ажратса, иккинчи томондан, замонавий жиҳозланган янги таълим масканлари очилса, учинчи томондан, таълим муассасалари илғор дарслик, қўлланма ва ўқув жиҳозлари билан таъминланса, тўртинчи томондан, ўқитувчиларнинг малака ошириши ва ойлик маошлари кўпайтирилиши тизимли йўлга қўйилса – ушбу омилларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг янгича таълим тизимига асос солиш учун етарлими? Йўқ, албатта.

Бу ўринда инсон омили – ўқитувчи ва мураббийларнинг том маънодаги фидойилиги ҳам талаб этилади. Айнан улар:

биринчидан, мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш;

иккинчидан, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш;

учинчидан, ўқув-тарбия жараёнига миллий ва илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

тўртинчидан, ўқувчи ва талабаларга илм-фан асослари ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш;

бешинчидан, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш;

олтинчидан, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, фарзандларимизни она Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

еттинчидан, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ишларига муносиб ҳисса қўшишлари ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида, Президентимиз Фармонига мувофиқ, ана шундай юксак талабларга жавоб берадиган устозларнинг катта бир гуруҳи таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатгани учун фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб, юксак мукофотлар соҳибларини, юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан чин қалбдан табриклаймиз!

Шундай қилиб, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълим-тарбия соҳаси ривожига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

 

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech