Болалар – сайёрамиз миқёсида мажбуран кўчиб яшаётган 100 миллиондан ортиқ шахсларнинг 41 фозини ташкил этмоқда. Шунинг учун бугунги кунда болалар қаерда яшашларидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ниҳоятда долзарбдир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 92-сессиясида шундай баёнот берди.
БМТ Олий комиссари таъкидлаганидек, кейинги даврда бутун дунёда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги вазият кескин ёмонлашди. Аввало, COVID-19 пандемияси уларнинг таълим олиш ҳуқуқини барбод этди. Иқлим ўзгариши эса навқирон авлоднинг бугуни ва истиқболига таҳдид солмоқда.
Жаҳоннинг турли минтақаларидаги мамлакатларда истиқомат қилаётган аксарият болалар ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларда ёки гуманитар ҳалокат юз берган оғир шароитларда кун кечиришга мажбур бўлмоқдалар. Бу каби барча инқирозлар биринчи навбатда айнан болаларнинг манфаатларига зарар етказмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маълумотларига қараганда, айни вақтда инқироз домида қолган 15 та мамлакатда қарийб 40 миллион бола озиқ-овқат танқислигидан азоб чекмоқда. Афсуски, БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлигига оид охирги маърузаси сайёрамизнинг навқирон авлоди соғлом ва хавфсиз болалик даврини муносиб яшашини таъминлаш борасидаги ишлар ортга кетаётганини кўрсатмоқда.
Олий комиссар Фолькер Тюркнинг қайд этишича, БМТга аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, бола ҳуқуқлари бўйича зиммаларига олган шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ижобати бу борада барқарор молиявий таъминот амалга оширилишини тақозо этади.
БМТ Олий комиссари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги мажлиси жорий йил 10 март кунига белгиланганини қайд этар экан, айни тадбирда илк бор дунёнинг турли минтақаларидан болалар иштирок этишларини эълон қилди. Мажлисда навқирон авлод вакилларининг рақамли муҳитдаги фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга ошириш асносида учраётган муаммолар юзасидан мунозара олиб борилади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлашдек улуғ мақсадга эришиш йўлида энг долзарб ва самарадор вазифалар белгилаб берилгани жуда муҳим. Шу вазифалардан айримларига тўхталамиз.
Биринчидан, энди бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳозирги вақтда улар халқаро экспертизадан ўтиб, мамлакатимизда синовдан ўтказилмоқда. Лекин, очиқ айтиш керак, шу дарсликлар асосида мактабларимизда берилаётган таълим ва тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини ҳали талаб даражасида, деб бўлмайди.
Иккинчидан, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишларига эришмоғимиз даркор. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак”.
Учинчидан, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланди. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинмоқда. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилаётир.
Бинобарин, бу борада Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Айни жараёнда ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилаётгани, шубҳасиз, фарзандларимиз дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириб ўқишлари билан боғлиқ имкониятларни кенгайтиради.
Тўртинчидан, 2023 йили мамлакатимизда 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилади.
Бешинчидан, 2022 йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилгани ҳисобига бу борада етарли тажриба орттирилди. Янги ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади.
Олтинчидан, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади.
Давлатимиз раҳбари уқтирганларидек, “Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши керак”. Шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур.
Еттинчидан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Президентимиз таъбири билан айтганда, “янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз”.
Саккизинчидан, келгуси беш йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни ташкил этишдек улкан маррани забт этишимиз шарт. Шунинг учун боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.
Бу ҳақда сўз борганда, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бораётганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича Умумжаҳон анжуманида ҳам айни соҳадаги ислоҳотларимиз самаралари юксак эътироф этилгани бежиз эмас.
Тўққизинчидан, кейинги йилларда юртимиз олийгоҳлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етгани, уларнинг қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошганини эътироф этган ҳолда, истиқболда бу рақамларни янада кўпайтириш йўлида изчил амалий ишлар олиб борилаётгни таъкидлаш айни муддаодир. Шунинг баробарида, айни соҳада таълим сифатини юксалтиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Бунинг учун, авваламбор, мамлакатимиздаги олийгоҳларнинг 41 тасига академик ва молиявий мустақиллик берилгани, уларда трансформация офислари очилганини қайд этиш лозим. Ўз навбатида, олийгоҳлар ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак.
Яна бир муҳим далил: 2023 йилда олийгоҳлар талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади.
Ўнинчидан, ўтган йили илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани. Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди.
Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди. Жорий йилда илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз таъкидлаганларидек, “аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда. Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланяпмиз”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 19.01.2023
- Кўришлар: 4187
- Чоп этиш