Миллат тафаккурининг БЕБАҲО ХАЗИНАСИ

21 февраль  – Халқаро она тили куни

        ИНСОНИЯТ яралибдики, жамият тараққиётида ўзаро алоқа ва фикр алмашиш воситаси сифатида тилнинг ўрни катта аҳамият касб этиб келади. Тафаккурнинг ажралмас қисмига айланган тил халқларнинг бебаҳо бойлигидир. Ўзбек халқи ҳам она тилимиз орқали дунёда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

     Ҳар йили 21 февраль санаси бутун жаҳонда Халқаро она тили куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур кунни нишонлаш қарори 2000-йилда ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган. Мазкур сана муносабати билан 2001-йилдан бошлаб барча давлатларда она тилини улуғлашга бағишлаб турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

       Ҳозирги даврда бутун дунё бўйича турли миллат, элат ва қабилаларга тегишли 6 мингга яқин жонли тил мавжуд. Жаҳон тиллари грамматик жиҳатдан, луғат бойлиги ва бошқа жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилса-да, улар барча тиллар учун муштарак бўлган умумий қонуниятлар асосида ривожланади.

Қадимий Шарқ халқларида алоқа воситаси сифатида Хитой тили (ийероглифик шаклда), Ғарбий Осиёнинг қадимий давлатларида турли даврларда шумер, аккад ва оромий тиллари қўлланилган. Юнон тили эллинистик дунёнинг, лотин тили эса турли тилларда сўзлашувчи Рим империясининг умумий тили бўлган. Ўрта асрларга келиб Яқин Шарқ ҳудудида араб ва форс тиллари, славян мамлакатларида эса қадимий славян тили халқаро тил вазифасида қўлланила бошлаган.

 Тилнинг ривожланиб бориши ёки тилдаги ўзгаришлар замон ва давр ўзгаришининг таъсирида юзага келган. Жамиятдаги турли ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар натижасида айрим тиллар ўз кучини йўқотиб, муомаладан чиқиб кетган. Олимларнинг фикрича, инсоният тарихи давомида 9 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетган. Нафақат босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари ҳам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол келтириш мумкин.

Бугунги кунда сайёрамизда аҳоли энг кўп сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немис, рус ва япон тиллари киритилган.

       Дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, ХИ асрда яшаб, ижод қилган буюк бобокалонимиз Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” (“Туркий сўзлар девони”) асари туркий тилли давлатлар, хусусан, ҳозирги ўзбек тилининг шаклланишида пойдевор бўлган, десак муболаға бўлмайди.

Туркий тиллар фонетикаси ва грамматикасига асос солган ўз даврининг лингвистик олими Маҳмуд Қошғарий “Барча фазилатларнинг боши тилдир” деган сўзларни битган. Юсуф Хос Ҳожиб эса тилни билим ва ақл-идрок таржимони, деб атайди.

      Тил ҳақида сўз юритилганда олимлар томонидан Алишер Навоий бобомизнинг ижоди юксак эҳтиром билан эсга олинади. Сабаби, бобокалонимиз ўз даврида бир неча тилни ўзлаштириб, икки тилда – туркий ва форсий тилда ижод қилган мутафаккир олим бўлганлиги барчага маълум. Султон Ҳусайн Бойқаро “Мир Алишер турк тилининг ўлик жасадиға Масиҳ нафаси ила жон ато этди” деб таъкидлаган.

       Маҳмуд Замахшарий бобомиз ҳам тилшунослик, лекцикология, адабиётшунослик, география ва бошқа фиқҳ илмларини кенг ёйишда ўз ҳиссасини қўшганлиги ва араб тили грамматикаси бўйича ёзилган китобнинг мукаммал асар бўлганлиги эътироф этилади. Улуғ мутафаккир олимларимизнинг буюкликлари уларнинг илм-фан соҳасидаги ижодигина эмас, бир вақтнинг ўзида улар бир нечта тилларни мукаммал билганликларида, десак муболаға бўлмайди.

 Тилнинг бебаҳолиги ва беназирлиги унинг миллий ифтихоримиз эканлигидадир. Ҳозирги ўзбек тилининг давлат тили сифатида қабул қилинишида истиқлолга эришиш йўлида жонбозлик кўрсатган ватандошларимизнинг хизматлари катта.

      Маҳмудҳўжа Беҳбудий мақолаларидан бирида “Бизга битта тил эмас, тўртта тил керак” деган сўзлар билан келажак авлодни тарбиялашда, дунёвий илмларни ўзлаштиришда хорижий тилларни ҳам ўрганиш зарурати мавжудлиги ҳақида айтиб ўтган. Исъҳоқхон Ибрат ҳам ўз даврининг етук маърифатпарварлари орасида забардаст шоир, тилшунос ва тарихшунос олим сифатида ажралиб турган. Ибратнинг маърифат йўлида олиб борган саъй-ҳаракатлари илк ўзбек матбаа фаолиятининг ривожланишига туртки бўлди. Шоир 1901-йилда араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус сўзларидан таркиб топган “Луғати ситта-алсина” (“Олти тилли луғат”) асарини босмадан чиқаради. Мазкур луғат жадид мактабларида шарқ ва рус тилларини ўрганишда бирдан-бир қўлланма сифатида фойдаланилган.

Дунёдаги ҳар бир тилнинг тараққий этиши ундаги сўз ёки ҳарфларнинг миқдорига қараб эмас, балки уни қандай қўллаш тартиби ва тўғри талаффуз этилишида намоён бўлади. Биз ҳар бир тилга бўлган эҳтиромни ўз она тилимизга бўлган ҳурмат ҳисси билан намоён қила билишимиз керак. Бунинг учун, энг аввало, она тилимизнинг жозибадорлигини кўрсата билишимиз зарур.

Хорижий тилларни ўрганиш ҳам давр талаби, албатта. Ўзга тилларни ўрганиш жараёнида она тилимизнинг жозибасини ҳам унутмаслигимиз, фарзандларимизга она тилимизда сўзлашда ибрат бўлишимиз зарур. Хорижий тилларни ўрганиш жараёнида эса она тилимизнинг ҳар жиҳатдан бойлигини чуқур англаб, тафаккуримиз хазинаси бойиб боради. Бу эса миллат ва халқ сифатида салоҳиятимизни юксалтиради.

Ҳамидулло МЎМИНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

 Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

“Инсон ҳуқуқлари уйи” масъул ходими

Инсон ва қонун газетаси 2023 йил 14 февраль 6-сони 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech