20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни
Маълумки, 2009 йилдан буён дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳар йили 20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни (World Day of Social Justice) сифатида нишонлаб келинади. Ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 26 ноябрдаги резолюцияси билан таъсис этилган.
Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунининг мақсади – жаҳон ҳамжамияти эътиборини ижтимоий адолатни ривожлантириш зарурлигига қаратишдир. Бу байрам, шунингдек, қашшоқлик, гендер тенгсизлик, ишсизлик, инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик ва ижтимоий бефарқлик каби долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чорлайди.
Ижтимоий адолат – шунчаки ахлоқий талаб эмас, балки миллий барқарорлик ва глобал фаровонлик асосидир. Зеро, тенг имкониятлар, ҳамжиҳатлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мезонлари давлатлар ва халқларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш учун жуда муҳим.
Жорий йилда айни сана билан боғлиқ байрам тадбирлари “Ижтимоий адолат йўлидаги ғовларни олиб ташлаш ва имкониятларга кенг йўл очиш” мавзусига бағишланди. Бу, ўз навбатида, БМТга аъзо давлатлар, ёшлар, ижтимоий шериклар, фуқаролик жамияти, БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан ўзаро мулоқотни қайтадан йўлга қўйиш имконини беради.
Бундай мулоқот орқали жаҳоннинг турли ҳудудларида тобора кучайиб бораётган тенгсизлик, низолар ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган институтлар фаолиятининг сусайиши оқибатида бузилган ижтимоий шартномани мустаҳкамлаш учун амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳамжиҳатлик билан келишиб олиш мумкин бўлади. Бинобарин, янги ва мураккаб замон дунё аҳлини “бир ёқадан бош чиқариб”, яъни аҳил бўлиб яшашга ундамоқда.
Сайёрамиз кўламида низо ва можароларнинг кўплигига қарамай, ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда “яшил” ва рақамли иқтисодиёт, ёшлар ҳуқуқлари каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор берган ҳолда, муносиб иш ўринлари яратиш учун барча имкониятлар мавжуд. Инсоният дуч келиб турган ижтимоий адолат билан боғлиқ қалтис аҳвол эса бу борада беғам ва бефарқ бўлмасликни тақозо этади.
Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жильбер Хунгбонинг Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни муносабати билан тақдим этган маълумотларига қараганда, бугунги кунда дунё аҳолисининг ярми ҳеч қандай ижтимоий ҳимояга эга эмас. Лекин сайёрамиз аҳолисининг 5-10 фоизини ташкил этувчи бойлар даромади муттасил ўсишда давом этмоқда.
Ер юзида 200 миллион нафардан зиёд меҳнаткаш инсонлар қашшоқликда кун кечирмоқда. Улар ҳафтасига 40 соатлаб ишласалар-да, кунлик даромадлари 1, 90 АҚШ долларидан камлигича қолмоқда.
Даромадлар тақсимотидаги бундай катта тенгсизлик, бандлик билан боғлиқ муаммолар инсон ҳуқуқларига риоя этилишини янада мураккаблаштирмоқда. Хотин-қизлар, мигрантлар ва қочқинларга нисбатан камситувчи муомалада бўлиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда иш ўринларининг фақат 35 фоизини аёллар банд қилган бўлиб, бу 1990 йилдаги кўрсаткичдан атиги 5 фоизгина кўпдир. Шунингдек, 290 миллион нафар ёшлар ҳеч қаерда ишламайди ва ўқимайди, 2 миллиард нафар инсонлар эса норасмий секторда, яъни меҳнат шартномасини тузмасдан меҳнат қилмоқда.
Даромаднинг беқарорлиги ва иш жойининг доимий эмаслиги, иш шароитларининг оғирлиги, ижтимоий ҳимоянинг йўқлиги вазиятни янада қалтислаштираяпти. Бундай муаммолар, бир томондан, меҳнат кишиларини пандемияга чидамсиз қилиб қўйса, иккинчи томондан, уларнинг даромади кескин камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, камбағаллик ва тенгсизлик офати дунёнинг турли ҳудудларидаги кўплаб мамлакатларда вақт ўтган сари кучайиб бормоқда. Кейинги йилларда юз берган COVID-19 пандемияси, табиий офатлар ва шу балолар туфайли қайтадан қалтис тус олган иқлим ўзгаришлари, геосиёсий таранглик ва қуролли можаролар эса иқтисодий ва ижтимоий бўҳронлар билан боғлиқ тангликни янада оширмоқда.
Ижтимоий адолат амалда бўлса, жамият ҳаёти енгиллашади ва иқтисодиёт самарали ишлайди. Янада муҳими, қашшоқлик, тенгсизлик ва ижтимоий танглик камаяди. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз маърузасида бу борада инклюзив ва кўптомонлама ёндашувни кучайтириш, қайтадан глобал бирдамликка эришиш, мамлакатлар ҳукуматлари ва халқлари ўртасидаги ижтимоий шартномани, шунингдек, ҳар бир жамият шартномасини – инсон ҳуқуқларини таъминлашга қамровдор ёндашган ҳолда, тубдан янгилашга чақирди.
Мамлакатимизда ушбу йўналишда аллақачон изчил иш олиб борилмоқда. Негаки, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон – ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган ижтимоий давлат ва адолатли жамият бўлади.
Ижтимоий давлат – бу ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган давлат моделидир.
Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда:
- ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади;
- шунингдек, ижтимоий давлат шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади;
- ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир;
- яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади;
- энг муҳими, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш йўлида илдам одимламоқда. Шу долзарб омилни ҳисобга олган ҳолда, “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойили ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз аксини топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 21.02.2023
- Кўришлар: 5691
- Чоп этиш