20-28 февраль – “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”
Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Буни юртимизда 2023 йилга – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Бутун дунёда таълим соҳасига жуда кўп маблағ сарфланади. Aйниқса, ўқитиш жараёнларини соддалаштириш, ўқувчилар билимини ошириш ва ёшларнинг мавзу бўйича хабардорлигини чуқурлаштиришнинг турли замонавий усулларини ишлаб чиқиш астойдил саъй-ҳаракат ва сарф-харажатларни талаб этадиган долзарб муаммолар қаторига киради.
Дарҳақиқат, бугунги тобора глобаллашаётган ва тез суръатларда ўзгариб бораётган мураккаб ва шиддатли даврда мамлакатимиз ёшларига билим ва касб-ҳунар ўргатиш билан бир қаторда, фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш масаласи ҳам жуда долзарбдир. Бу ўринда, албатта, ёш авлодимизни турли таҳдидлардан асраш, улар жаҳонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятини англаб етишлари, ушбу воқеликлар юзасидан холис ва мустақил фикрга эга бўлишларига эришиш ҳақида сўз бормоқда.
Бунинг учун ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни янада кучайтиришимиз лозим. Бунда, навқирон авлод вакилларини, бир томондан, маданият, санъат жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, иккинчи томондан, уларнинг онгига ахборот технологияларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, учинчи томондан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш алоҳида аҳамият касб этади.
Токи ёшларимиз илғор билимларни эгаллаган, ўзлигини ва дунёни таниган, ўз ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчу мажбуриятларини яхши билган баркамол инсонлар бўлиб вояга етсинлар. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори кўп жиҳатдан айни шу эзгу мақсадлар ижобатига қаратилгандир.
Қарорда, хусусан:
- жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш;
- таълим муассасаларида “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” доирасида ўтказиладиган тадбирларда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари”мавзусига алоҳида эътибор қаратиш;
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олинишинитаъминлаш;
- маҳаллаларда ёшлар иштирокида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида турли даражадаги маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланган.
Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги каби ҳамкор вазирлик ҳамда ташкилотлар билан биргаликда амалга ошириладиган аниқ мақсадли вазифалар юкланган.
Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармасига очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш ҳамда малака ошириш дастурларининг мақсадли кўрсаткичларини тузишда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича буюртмачи вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олиш юзасидан кўрсатма берилгани ҳам эътиборга моликдир.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури бу бордаги янада муҳим ва кўламдор вазифаларни ўзида қамраган. Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва ушбу ҳуқуқларга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини, шунинг баробарида, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам улкан аҳамият касб этишини алоҳида қайд этиш лозим.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури Ватанимизда сифатли таълимга ва инсон ҳуқуқларига, умуман, инсон зотига қанчалик юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий далилидир.
Дастур моҳияти билан танишиш асносида, шубҳасиз, ҳар бир бандда акс этган вазифа юртимизда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълимни ташкил этишга йўналтирилганига амин бўлиш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг асосий мақсади — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидалари ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда айрим ёшларимиз ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликларини билмаганлари сабабли ҳаётда ўз йўлини топиш, мукаммал билим ва мақбул касб-ҳунар эгаси бўлиш йўлида муайян қийинчиликларга дуч келаётганлари сир эмас. Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг ўз вқтида, тўлиқ ва самарали амалга оширилиши барча юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини янада бойитишда алоҳида ўрин тутади.
Ҳамид РАВШАНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими
Куч-адолатда газетаси 2023 йил 24 февраль 8-сони
- Қўшилди: 24.02.2023
- Кўришлар: 4150
- Чоп этиш