Бугунги кунда давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажариш бўйича тавсияларга амал қилиш борасида халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи механизмлар билан тобора фаол ҳамкорлик қилмоқда. Шу билан бирга, янгидан-янги шартномалар кучга киргани сари тавсияларнинг сони ва салмоғи ҳам жадал ортиб бормоқда.
Бу, ўз навбатида, БМТ устав ва шартнома органлари тавсиялари бажарилишини назоратда ушлашни мураккаб жараёнга айлантиради. Хусусан, ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган.
Шу асосда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсиялар бажарилишини кузатиш бўйича Миллий маълумотлар базаси”ни амалиётга татбиқ этди. Миллий маълумотлар базаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ва БМТТД билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Маълумки, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари тавсиялари ижроси доирасида Ўзбекистон 2018 йил декабрида Маърузаларни тайёрлаш ва кейинги босқичдаги ишлар бўйича миллий механизмни таъсис этди. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига муайян ваколатлар берилди.
Шу асосда Миллий марказ яқин халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Тавсиялар бажарилишини кузатиб бориш миллий базасини яратиш устида изчил ишлади. Натижада бу борада муҳим амалий қадам қўйилди.
“Тавсиялар бажарилишини кузатиб бориш” ибораси нимани англатади? Бу – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларни жамлаш, тартибга солиш ва тизимлаштириш, ижро учун масъулликни тақсимлаш, шунингдек, ютуқ ва камчиликларни аниқлаш ҳамда мониторинг қилиш, деганидир.
Ушбу жараён, биринчи навбатда, масъул давлат органларига тавсиялар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш имконини беради. Бу жараёнда ижро ҳокимияти институтлари билан бир қаторда, парламент, суд органлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий муассасалар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳам иштирок этади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, 2020 йил 13 октябрда Миллий маълумотлар базасининг БМТ устав ва шартнома органлари тавсиялари бажарилишига кўмаклашиш борасидаги имкониятлари тақдимотига бағишланган онлайн форум бўлиб ўтганди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги "Шартномавий органлар салоҳиятини мустаҳкамлаш дастури" доирасида ташкил этилган.
Тақдимотда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шартномалар масалалари департаменти Қийноқларга қарши кураш бўлими бошлиғи Антти Коркеакиви, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ришард Коменда Миллий маълумотлар базасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритгандилар.
Ҳозирги вақтда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсиялар бажарилишини кузатиш бўйича Миллий маълумотлар базаси”дан имкон қадар кенг фойдаланиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Чунки бунинг натижасида, бир томондан, Миллий маълумотлар базасининг шаффофлиги ортса, иккинчи томондан, айни йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳам салоҳияти янада кучайиши тайин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.02.2023
- Кўришлар: 3708
- Чоп этиш