Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида вилоят суди раиси ҳамда судьяларининг талабалар билан учрашуви ўтказилди. “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги доирасида ташкил этилган мулоқотда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритилди.
Маълумки, шу йил 7 февраль куни давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу бежиз эмас, албатта. Айни чоғда 2020 — 2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда айни йўналишдаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш масалалари долзарб вазифадир.
Чунки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда ўзига хос аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир.
Мулоқотда вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, вилоят суди судьяси Алишер Абдураҳмонов юқоридаги ҳужжатнинг аҳамияти, шунингдек, инсон ҳуқуқлари борасидаги билимларни мустаҳкамлаш ва бу борадаги тамойилларга риоя этишнинг ҳар бир талаба учун нечоғли зарур эканлиги ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тушунчалар бердилар.
Учрашувда кун тартибидаги мавзу бўйича савол-жавобларда фаол қатнашган талабаларга ҳуқуқий мавзудаги китоблар туҳфа қилинди.
Aniq.uz
- Қўшилди: 24.02.2023
- Кўришлар: 3834
- Чоп этиш