Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди. Уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу билан бирга, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари ўз ваколатларини рўёбга чиқаришда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга риоя этилишини таъминлаш зарур.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби белгиланган.
Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади.
Депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси тегишли халқ депутатлари кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Сенатда “Маҳаллий Кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш амалиёти” мавзусида ўтказилган семинарда шу ҳақда гап борди.
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини тартибга олиш, мавжуд муаммолар, хато ва камчиликларни бартараф этиш, шу каби ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олишга эътибор қаратилди.
Семинар давомида прокуратура органлари томонидан маҳаллий кенгаш депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш юзасидан тақдимнома киритиш, тақдимномани доимий комиссия мажлиси ва кенгаш сессиясида муҳокама қилишда қандай масалаларга эътибор бериш лозимлиги ҳамда бошқа айрим масалалар муҳокама қилинди.
Маҳаллий кенгашлар депутатларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жараёнида амалиётда учраб турган камчиликларни бартараф қилиш, ушбу масалада қонун устуворлиги ва қонунийликнинг таъминланишига, маҳаллий кенгаш депутатининг мақоми тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши сифатини янада ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 10.09.2024
- Кўришлар: 792
- Чоп этиш