Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг таъсири тобора оғирлашиб бормоқда

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги вазирлик делегацияси 4-5 февраль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти "Евроосиё дўстлари" гуруҳи ва “GREEN” махсус ишчи гуруҳининг кенгайтирилган қўшма йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда "Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар ва Шарқий ҳамкорлик ва Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари интеграцияси" мавзусига эътибор қаратилди.  

Ж.Казбеков ўз нутқида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва барқарор инфратузилма, суғориш учун ёмғир суви ва оқар сувлардан самарали фойдаланиш тизимларини жорий этиш, “Яшил макон” ва “Менинг боғим” дастурлари доирасида 200 миллион дарахт экиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграциялаш учун яшил ҳудудлар ва боғларда қуёш панелларини ўрнатиш каби устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. 

Қайта тикланадиган энергия манбалари, барқарор сув ресурсларини бошқариш ва экологик тоза амалиётга эътибор қаратган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг янада яшил ва барқарор келажакка ўтишида етакчи роль ўйнаётганини таъкидлади.  

Тадбирда қайд этилишича, Шарқий ҳамкорлик мамлакатлари ва Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг таъсири тобора оғирлашиб бормоқда. Рекорд ҳароратлар, қурғоқчилик ва музликларнинг тез эриши, шунингдек, сув тошқинлари каби иқлим билан боғлиқ офатлар сезиларли иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда. 

Ушбу экологик таҳдидларга қарши зудлик билан чора кўриш зарур, чунки бутун дунё сингари минтақа ҳам ўта жиддий хавфга дуч келади ва агар улар критик нуқтага етса, қайтариб бўлмас ҳолга келиши мумкин. Иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича қатъий чоралар иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.  

Иқлим ўзгаришига мос келадиган чора-тадбирлар 2050 йилда узоқ муддатли истиқболда глобал ялпи ички маҳсулот ҳажмини бутун дунё бўйлаб ўртача 2,8 фоизга ошириши мумкин. 

Масалан, Марказий Осиё ҳукуматлари томонидан кўрилаётган мослашув чоралари қурғоқчилик ва сув тошқинлари натижасида юзага келадиган иқтисодий йўқотишларнинг олдини олишга ёрдам беради, акс ҳолда йилига ЯИМнинг 1,3 фоизигача етади.  

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech