18 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги залида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Маълумки, Самарқанд веб-форумида «Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» резолюцияси қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчилари ўзлари қабул қилган якуний Резолюцияда ҳам Ўзбекистон Республикасининг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини қабул қилишга доир таклифини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг фикрича, бундай амалий қадам ёшларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришда муҳим ўрин тутади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, Самарқанд форумида иштирок этган ёшлардан жами 26 моддадан иборат Конвенцияг лойиҳасига яна 14 та янги модда қўшиш юзасидан таклифлар билдирилган.
Бу таклифлар ичида ёшларнинг таълим олиши, уюшган ҳолда ва тинч йиғилишлар ўтказиш, фавқулодда ҳолатлар шароитида ва қуролли можаролар даврида ҳимояланиш ҳуқуқлари келтирилган. Ёшлар, шунингдек ўз соғлиғини муҳофаза қилиш, ижтимоий таъминотга эга бўлиш, меҳнат қилиш, фикрлаш ҳамда виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқлари тўла таъминланишини ҳам хоҳлашмоқда.
Бундай таклифлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ёшлардан ҳам келиб тушмоқда. Бундан ташқари, фикр ва таклиф билдирган ёшлар Конвенцияда имконияти чекланган ёшларга алоҳида бўлим очиш таклифини ҳам билдиришган.
Академик А.Саидовнинг фикрича, бундай бўлим ёки нормалар БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида мавжуд эмас. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд форуми давомида йиғилган таклифлар эндиликда БМТнинг Ўзбекистондаги вакиллари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти мутахассислари ҳамда бошқа халқаро экспертлар иштирокида умумлаштирилади.
Матбуот анжуманида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини қабул қилишга доир таклифи кўплаб давлатларда ва ёшларда қизиқиш уйғотганини эътироф этди.
«Саволга жавобан шуни айтмоқчиманки, БМТнинг йирик бир конвенциясини қабул қилиш қисқа вақтда амалга ошадиган иш эмас. У жуда узоқ вақт ва жараёнларни талаб қилади. Биз бундай таклифларни олқишлаймиз ва у БМТ Бош котибининг ёшлар масалаларига қаратилган стратегиясига ҳам тўла мос келади. Ўйлайманки, ушбу конвенцияга уни тайёрлашга кетадиган узоқ вақт давомида дунёнинг барча давлатлари ёшлари ўз таклифларини беришади», – дея БМТ вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўз навбатида, ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор Самарқанд форуми — ёшларга, айниқса, хотин-қизларга нисбатан дискриминацияга қарши курашишда муҳим мулоқот майдони бўлганини таъкидлади.
Элчи Жон МакГрегор Самарқанд резолюциясининг моҳияти ҳақида тўхталар экан, мазкур ҳужжат тинчлик ва хавфсизликни, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ёшларнинг ўрни ва фаол иштироки долзарб аҳамиятга эгалигининг яққол тасдиғи эканини қайд этди.
Маълумот учун: Самарқанд резолюциясида бутун дунё ёшларига уларнинг жамият ҳаётида тўла, самарали ва таъсирчан иштирокини таъминлаш учун реал имкониятлар берадиган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш юзасидан давлатларга мурожаат қилинган.
Ҳужжатда ёшларнинг тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқларини илгари суришда алоҳида ўрин тутиши, шунингдек навқирон инсонлар қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол, мазмунли ва таъсирчан иштирок этиши муҳимлиги таъкидланган.
Резолюцияда, шунингдек халқаро аҳамиятга эга тавсиялар қайд этилган. Навқирон инсонлар дуч келадиган аниқ муаммоларнинг ечимлари бўйича биргаликда иш олиб бориш ҳамда ёшларнинг ҳуқуқларини Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция доирасида ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масаласи шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Самарқанд форуми якуний ҳужжатидан давлатларга бир қатор чақириқлар ўрин олган. Бир сўз билан айтганда, "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюциясининг қабул қилиниши ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.08.2020
- Кўришлар: 4131
- Чоп этиш