Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидовнинг "Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс" номли мақоласи "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2020 йил 4 сентябрь сонида эълон қилинди.
Мақола Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқидаги: "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас", деган фикрлари талқинига бағишланган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. Мақолада аввало ана шу ютуқлар аниқ далил ва рақамлар мисолида таҳлил этилган.
Шу билан бирга, Шарқ Ренессанси ва Марказий Осиё ҳақида муҳим ҳамда қизиқарли маълумотлар келтирилган. "Таълим ва илм-фан – мамлакат салоҳиятини юксалтириш локомотиви", "Ўзбекистон илм-фани дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт" деган муҳим ғоя ва чақириқлар чуқур шарҳланган.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон янги Ренессанс марказига айланмоқда. Муаллифнинг эътироф этишича, бугунги янгича ва энг замонавий таълим муассасаларида таҳсил оладиган ёшларимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг “олтин фонди” ҳисобланади.
Бу, ўз навбатида, ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз борлигидан, демакки Ўзбекистонда том маънода янги Уйғониш даврининг пойдевори қўйилганидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.09.2020
- Кўришлар: 4439
- Чоп этиш